Ваҳима вирусдан хавфлироқ

27.03.2020 11:03:14

Байрам таътилида уйда ўтирган эдим. Бир танишим телефон қилди ва ўз маҳаллаларида коронавирус сабаб асаблар чарчаганини гапирди. Воқеаларни батафсил сўраб-суриштирдим. Айтишича, Россияданми, ёки бошқа давлатдан келган бир одамнинг уйига оқ халатли кишилар (соғлиқни сақлаш ходимлари) келиб, текширув учун олиб кетишган. Танишимнинг овозида қишлоғидаги шов-шувдан ваҳима ва хавотир сезиларди.  Ва ниҳоят у “Маҳалламиздан коронавирус чиқибди” деб қолди.

Мен баъзи одамларнинг омиликларидан келиб чиқаётган шов-шувни пасайтириш учун туман  санитария ва эпидемиология назорати  маркази эпидемиолог врачи М.Равшановага телефон қилиб, вазиятни ойдинлаштирдим. Унинг хабар беришича, чет элдан келган фуқароларнинг уйларига борилиб,  карантинда бир хонадан чиқмаслик, идиш-товоғини алоҳида қилиш буюрилаяпти. Бундан ташқари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бўлинмаси билан ҳамкорликда у билан мулоқотда бўлган кишилар рўйхати шакллантирилиб, улар ҳам огоҳлантириляпти. Ҳозирча туманда чет элдан келиб назоратга олинган фуқаролар 275 нафарга етди. Уларга чекловлар ўрнатилган. 14 кун давомида иситма чиқсаЮ дарҳол шифокорларга телефон қилишлари сўралмоқда. Хуллас, танишимнинг ваҳимаси бекор экани, бу билимсиз кишиларнинг уйдирмаси эканлиги аниқ бўлди.

Келинг, сиз ҳам ваҳимага тушманг ва вазиятни хотиржам таҳлил қилинг. Энг биринчи навбатда ниқоб тақинг. Жисмоний тарбия қилинг, соғлом овқатланинг, бу иммунитетингизни яхшилайди. Бунинг устига руҳий ҳолатингиз хотиржам ва  хурсандчилигингиз зиёда бўлса, вирус сизга яқинлашмайди. Одамлардан ҳар хил ваҳималарни эшитиб шошиб қолмайсиз. Бировларни ҳар хил бўлмағур хабарлар билан безовта қилмайсиз.

Азамат ТАВБОЕВ,

Халқ депутатлари Пайариқ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+