Ватан – муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!

12.01.2021 16:01:11

Термиз шаҳридаги жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округи 11506 ҳарбий қисмда Ўзбекистон "Адолат" СДП  вилоят Кенгаши, вилоят Адлия бўлими қошидаги хусусий нотариуслар ҳамда Термиз давлат университети ҳамкорлигида Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 29 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Ватан –муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда юртимиз тинчлиги ва осойишталиги кечани кеча, кундузни кундуз демай чегараларимиз сарҳадларини қўриқлаётган ҳарбийларимизга нечоғлиқ боғлиқлиги, бугун дунёда рўй бераётган нохуш жараёнларнинг юртимизда рўй бермаслиги учун давлатимиз ва ҳарбийларимиз томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида сўз борди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида замонавий ҳарбий техника, қурол-яроғ ва малакали офицер кадрлар билан таъминлангани, юртимиз тинчлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини ҳимоя қилишга қодир миллий армиямиз шакллантирилганлиги таъкидланди.

Учрашув иштирокчилари ватанга хизмат – олий мақсад эканлиги, ҳар бир йигит борки, Ватан деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизматни ўзига шараф деб билиши зарурлигини алоҳида таъкидладилар.

Шунингдек, тадбирда ўтган йиллар ичида вилоятда 300 нафардан ортиқ  ҳарбийлар оиласи учун уй-жой қуриб, фойдаланишга топширилганлиги ҳам айтиб ўтилди. Бу йил ҳам 100 нафардан ортиқ ҳарбийлар оиласи учун уй-жой қуриб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.  Бундан ташқари, миллий гвардия ҳамда давлат хавфсизлик хизмати ходимлари, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар ҳамда Мудофаа ишлари бошқармалари ходимлари оилалари ҳам уй-жой билан таъминланган.

 — Байрам арафасида шаҳарнинг кўркам масканларидан бирида барпо этилган турар жойдан бизга икки хонали уй ажратилди, — дейди ҳарбий хизматчилардан бирининг турмуш ўртоғи Лайло Адилова. — Узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида берилган бу уйлар яшаш учун қулай. Ватан ҳимоячилари куни биз учун қўшалоқ байрамга айланди. Бу каби эътибор ва ғамхўрликлар ёшларда ҳарбий хизматга бўлган қизиқиш ва иштиёқни оширмоқда.

Тадбирда ҳарбий қисм зобит ва аскарлари ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда ҳарбий соҳага қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган шарт-шароитлар, кенг кўламдаги имтиёзлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтишди. Она Ватанга хизмат қилиш, давлат чегаралари дахлсизлигини таъминлаш, юртимизнинг мудофаа қудратини юксалтириш учун жасорат билан хизмат кўрсатишларини билдиришди.

Ҳар бир тантана ўзининг рағбатлантириши ва эътирофи билан ажралиб туради. Хизмат бурчини аъло даражада ўтаётганларнинг бир гуруҳига партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари берилди.

Тантана театрлаштирилган саҳна кўринишлари ҳамда концерт дастурлари билан янада қизғин кечди. Ватанни мадҳ этувчи ва дилларга байрамона кайфият улашувчи куй-қўшиқлар тадбирнинг янада кўтаринки ўтишини таъминлади.

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+