Ватанимиз посбонлари шарафланди

09.01.2020 16:01:05

Бугун жойларда 14-январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда. Хусусан, Республика маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилоят бўлими, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят Маданият бошқармаси, “Ўзбекнаво” бирлашмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 28 йиллиги муносабати билан “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида “Ватанимга таянчман” шиори остида Бухоро шаҳридаги Миллий гвардияга қарашли 88926-ҳарбий қисмда, Мудоффа вазирлигига қарашли 522 СЧР батальонида, Бухоро туманидаги 28803 ҳарбий қисм ва ДХХ Чегара қўшинларига қарашли 9204 ҳарбий қисмларда ташкил этилган тадбир барчага кўтаринки кайфият улашди.

Унда сўзга чиққанлар ҳар бир инсоннинг Ватани олдидаги муқаддас бурчи унга шараф билан хизмат қилиш ва қадрлашдан иборат эканлигини таъкидлашди.

Тилимизда Ватанни бежиз онага қиёсламаймиз. Дарҳақиқат, она каби паноҳ берувчи, сийпаловчи ва сийловчи ҳам биз туғилиб ўсган гўша – Ватанимиз ҳисобланади. Бизнинг унинг олдидаги асосий вазифамиз эса онамиздек севиб, ардоқлаб, унга муносиб фарзанд бўлишимиздир. Бўлиб ўтган тадбирда айни мана шу фикрлар алоҳида эътироф этилди.

-Бугун Ўзбекистонимиз ўз олдига қўйган аниқ мақсадларига эришмоқда. Биз ва фарзандларимизга миллионлаб шароитлар яратилмоқда. Ватан дея аталувчи ном барчамизга ғурур бағишламоқда. Биз эса унга муносиб бўлишимиз, болаларимизни садоқатли бўлиб улғайишида кўмакдошга айланишимиз лозим. Жойларда ташкил этилаётган бу каби тадбирлардан асосий мақсад ҳам шунда, яъни Ватанимиз ҳимоячиларини улуғлаш, қадрлаш ва шарафлаш билан бир қаторда янги авлод вакилларини меҳр-муҳаббат руҳида тарбиялашдан иборатдир, - дейди Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати, Республика маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилоят бўлими раҳбари Марҳабо Пардаева.

Тадбир давомида ташкилотчилар томонидан Ватан, она, Ўзбекистонимизни мадҳ этувчи шеърлар айтилди. Янграган куй-қўшиқлар эса йиғилганларни рақсга чорлаб, кўтаринкилик улашди.

Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши матбуот котиби     

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+