Ватанимнинг ҳар бир қарич ери муқаддас!

10.01.2020 16:01:41

Ватанни севиш, унга фидойи бўлиш учун ўлиш шарт эмас, деган эди алломаларимиз. Дарҳақиқат шундай. Ватан учун ўлимни бўйинга олиш, халқ шаъни учун ҳар қандай хатарга тик боқиш бу она тупроққа бўлган муҳаббатни англатади.  Лўнда айтганда, Ватан учун яшаш, уни шарафлаш, шуҳратга буркаш ва ниҳоят, шу заминни кўз қорачиғидек асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. 

Президентимизнинг бугун куйиб-пишиб ватанпарварлик ва миллий ғоя ҳақида гапиришлари бежиз эмас. Чунки биз аччиқ кунларни кўрган, азобини тотган миллатмиз. Бироқ кўнгилда бир савол борки, шу улуғ Ватан қадрини англаяпмизми? Озодлик сўзи бизга неларни англатади? Ватанга фидойи бўлиш, миллатпарварлик, юрт қайғусида заҳмат тортиш бугун қанчалар ўринли ва аҳамиятли?!.

Айтганча, кези келганда бир нарсага ойдинлик киритиб олиш лозим. Янгиланаётган Ўзбекистон замонавий ҳамжамиятга ўз миллий қиёфаси билан юз тута оляптими? Маданиятлар қоришиб кетаётган бугунги глобал ­дунёда ватанпарварликни тараққиётимизга қанчалик таъсири бор? Зиёлилар, раҳбарлар оддий одамларга бу тушунчани қай даражада етказиб беряпти?

Бу саволларга жавоблар оддий. Бизда давлатимиз раҳбари айни шу масалада кенг кўламли ислоҳотлар олиб бораётгани ҳар бир ёш қалбида ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамламоқда. Бугун Президентимиз бу борада оламшумул эзгу ишларни амалга оширмоқда. Бу борада ўзига хос рағбат тизими ҳам яратилгани ҳеч кимга сир эмас. Миллий анъаналар ва тарихий ўзликка мос тарзда модернизациялаш кўзланаётган мақсад – давлатнинг миллий қиёфасини шакллантиришда муҳим роль ўйнамоқда.

Ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг муносабати билан Ватан ҳимоячиларини самимий табриклайди. Шу билан бирга соҳа ходимларини рағбатлантириб, қатор имтиёзлар яратиб бераётгани ўз самарасини бермоқда. Муҳими, ҳарбий мавзулар “ёпиқ мавзулар” сафидан чиққани ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида муҳим роль ўйнамоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир қаричи азиз ва муқаддас шу тупроқ не-не ёвқур ватанпарварнинг хокини бағрига босган мўътабар замин эканлигини чуқур англаб, шукроналик, фахрланиш, ғурурланиш баробарида тараққиёт сари интилиш, ўзлигимизни намоён этиш масъулияти ҳар биримизда ортиб бормоқда. Бу эса фидойилик, ватанпарварлик, Ватан манфаатларини барчасидан афзал билишни шараф, деб билган инсонлар сафини тобора ошириб бормоқда.

 

Умид ШОУМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+