Видеоселекторда маънавиятнинг янги тизими яратилди

25.01.2021 12:01:37

Давлатимиз раҳбари томонидан  жорий йилнинг 19 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маънавий бирлашув, миллий ғоя, мамлакатимиз мафкураси,  маънавий-маърифий ишлар узвийлиги масалаларига доир алоҳида фикр-мулоҳазалар юритилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш ишлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Маълумки, маънавий асосларсиз, маънавий негизларсиз, қадриятларсиз, маънавий-миллий руҳсиз ҳеч бир давлат ўзининг юксак мақсадларига эриша олмайди. Агар биз ўша боболаримиз яратган икки Ренессанс асосига назар ташлайдиган бўлсак, иқтисодий ривожланиш билан маънавий, руҳий ривожланиш уйғун эканлигини кўрамиз.

Видеоселекторда давлатимиз раҳбари Учинчи Ренессанс босқичида маънавиятнинг янги тизимини асослаб берди. Йиғилишда  Республика маънавият-маърифат марказини тубдан фаолиятини такомиллаштириб мамлакатимизда кенгашни Республика маънавият-маърифат кенгаши  ижро идораси сифатида маънавий-маърифий ишларни ташкил қилувчи, мувофиқлаштирувчи бош муассаса сифатида белгиланди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил қилиниши режалаштирилди. Мазкур институтга энг кучли ва ватанпарвар, юксак салоҳиятли, шу соҳада ижтимоий маънавий муҳитни таҳлил қила оладиган, унга баҳо бера оладиган, устувор вазифаларни белгилаш салоҳиятига эга профессор-ўқитувчиларни, ёш олимларни жалб қилиш, жамиятдаги маънавий маърифий ишларни ташкил қиладиган етук кадрлар жалб қилиниши белгиланди. Унда шунчаки тадбирлар уюштириш эмас, аввало, ҳар бир ҳудудни ўзига хос хусусиятлари, муаммоларидан келиб чиққан ҳолда таҳлил қила оладиган кадрлар билан белгиланиши кўзда тутилганлиги аҳамиятлидир.

Маънавият таъсирини кўрсатмаган соҳада ўпирилиш, таназзул юзага келади. Маънавият, руҳий ҳаёт, маданият барча соҳаларни савияли ривожланишга мойил бир алфозда сақлаб тура оладиган ўзига хос бир малҳам вазифасини ўтайди, десак муболаға бўлмайди. Бугун ҳамма соҳада маънавият бўлиши зарур.

Президентимиз видеоселекторда маънавиятнинг энг катта душмани лоқайдлик, бепарволик эканлигини таъкидлади. Айнан шу бепарволик, лоқайдлик бизда маънавий тарбияда жуда кўп камчиликларимизга сабаб бўлди. Хориждан кириб келаётган турли ёт ғоялар-хорижий турмуш тарзи, сўзлашиш хусусиятлари, кийиниш маданияти бизда кўр-кўрона тақлидан ўзлаштирила бошладики, бу орқали ўзимизнинг миллий қадриятларимиздан секин-аста узоқлаша бошладик. Ваҳоланки биз ўзимизнинг қадриятларимизни такомиллаштириш, кучайтириш, тўлақонли тиклаш йўлидан борибгина ўзлигимизни сақлашимиз мумкин. Ана шу маънода маънавиятнинг ўрни ҳар биримизнинг ҳаётимизда ниҳоятда муҳим ўрин тутади.

Президентимиз мана шу масалаларга эътибор қаратиб, уни амалий жиҳатдан фаолият олиб бориш  йўл-йўриқларини кўрсатиб берди. Қачонки, ватанпарварлик туйғуси билан қалбларимизни мунаввар этсак, соҳамизда ижобий натижага эришамиз. Президентимиз мана шу маънода ватанпарварлик туйғусини бевосита профессионал касб билан уйғун ҳодиса бўлиши кераклигини, шундагина кўзланган мақсадга эришиш мумкинлигини таъкидлади. Энг муҳими фаолиятимизда миллий руҳ кучли бўлиши зарур.

Шунингдек, видеоселекторда Ўзбекистон Республикаси тарихи фанини ривожлантириш, 2030 йилгача бўлган концепциясини ишлаб чиқилиши белгиланди. Бу янгиликдан ушбу кун юрагимда  ўзбек замонавий тарихчилик миллий мактаби ташкил этилган кун бўлганлигини ҳис қилганимни, ҳеч бир муболағасиз айтишим мумкин.

Ҳа, видеоселекторда  тарихни тубдан ўқитиш масаласи кўриб чиқилди.

Айтиш мумкинки, маънавий-маърифий ишларни йўлга қўйишда тарихий мероссиз, тарихий тафаккурсиз ҳеч бир натижага эришиб бўлмайди. Шунингдек, видеоселекторда олий таълимда фаолият кўрсатаётган зиёлиларимизнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини юксак баҳолаган ҳолда барча маҳаллаларда, мактабгача таълимда тарбиявий ишларни олиб боришда олимларни кенг иштирок этишга даъват этилди. Ҳар бир маҳаллага бир зиёли бириктириш масаласи таклифи берилди. Шунингдек, олий таълимда маънавий-маърифий ишлар бўйича махсус кенгашларни тузиш таклифи ҳам берилди. Бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш чоралари кўрилади, мутлақо янги тизим яратилиши белгиланди.

Мухтасар айтганда, видеоселекторда ёшларимизни миллий умуминсоний қадриятларимизни эъзозлайдиган, меҳнатсевар, ташаббускор, ватанпарвар қилиб тарбиялаш юзасидан юксак ва улуғвор мақсад ва вазифалар белгиланди-ки, бу мамлакатимизда маънавиятимизни дунёга намоён қила оладиган даражада буюк мақсадларга мустаҳкам пойдевордир.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+