Вирус фақат кўчадан киради

28.04.2020 13:04:00

Бугун бутун дунё аҳлини ташвишга солаётган тождор душманга қарши барча бир куч бўлиб курашиши зарур. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, халқимиз жипслашиб, шифокорларнинг барча тавсияси, кўрсатмаларига амал қилсалар, одамларимиз карантин даврида ҳаётий заруратсиз хонадонларини тарк этмаса, касалликнинг илк белгилари аниқланганда шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилса, биз бу касалликни, албатта, енгамиз.

Исломбек Очилов, Андижон  туманидаги Куйганёр қишлоқ врачлик пункти мудири:

- Вирусни оилага фақат кўчадан олиб кириш мумкин.Шу сабаб дастлабки кундан аҳолини  соғломлаштириш  билан бирга тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Ҳудуддаги 4355 та оилаларда яшовчи 14867 нафар фуқаронинг ҳар бири эътиборда. Уйда қолинг, деган кўрсатмани бошқача қабул қилганлар ҳам бўлди. Ҳозир ҳаммаси изига тушган. Барча бирдек саломатлиги аввало ўзига боғлиқ эканлигини ҳис этмоқда.

 “Бахт”, “Саноат”, “Ойжамол” ва “Дарёбўйи” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳолининг саломатлиги мазкур ҚВП шифокорлари зиммасида. 36 нафар хорижий давлатларда бўлиб қайтган ва 48 нафар даволаш профилактика муассасаларида даволаниб мулоқотда бўлганлар алоҳида назоратга олинди. Улар билан уйда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда  соғломлаштириш ишлари олиб борилди.

Касални даволагандан кўра олдини олган яхши, деган гап бор. Бугун бу амалда ўз ифодасини топмоқда. ҚВПдаги мулоқотлар билан чекланмай  патронаж ҳамширалар  хонадонма хонадон касалликдан сақланиш, соғлом ҳаёт асослари ва тиббий маданият хақида суҳбатлар олиб бормоқда. Агар  кимнидир соғлигида ўзгариш кузатилса, тўла соғлом ҳаётга қайтгунга қадар ана шу оила билан бирга бўладилар. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари Наргиза Мирзаева, Матлуба Исмоилова ва Дилфуза Қосимхўжаевалардан фуқаролар хурсанд.

-Шундай оғир дамда ўз халоватидан кечиб, халқ хизматида бўлаётган шифокорларга рахмат , -дейди Ирригатор даҳаси, 26-уйда яшовчи меҳнат фахрийси  Одинахон Отабоева,- Биз улар билан бирга бўлиш орқали касалликка йўл бермаймиз. Бу кунлар ҳам ортда қолади. Асосийси, келажакка умид билан яшайлик.

Ҳа, оқ халатли халоскорлар зиммасидаги масъулият янада ортди. Уларни чин  маънода “бугуннинг қахрамонлари”, дея номласак сира  муболаға бўлмайди.

 Рустамжон ЭШОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+