Якшанба мутолааси: Манзилига етмаган мактублар

13.10.2019 14:10:06

Кундалик тутиш – қизларнинг иши. Нега бундай қараш мавжуд, билмадим. Аксинча қизлар бир-бирига дардини айтиб кетаверади, биз ўғил болалар ҳамма гапимизни ичимизда қолдирамиз-ку. Барибир пинхона кундалик тўлдириш ўғил болага ярашмайди. Шунга қарамай, мен бугун қўлимга қоғоз-қалам олдим. Йўқ, яхшиси, буни кундалик деб атамайман. Чунки барибир ўзимдан уяляпман. Мактуб деб номлай қолай. Ахир мактубни ҳамма ҳам ёзиши мумкин. Балки бир кун номаларим ўз манзилига етиб бориб, эгасини топар. Буни жудаям хоҳлайман. Фақат ўз қўлимда қолиб кетса ҳам ҳеч қиси йўқ, асосийси улар орқали мудом суҳбатлашгим келган одамга мурожаат қила оламан. Эҳтимол шу билан кўнглимни тўлдира оларман.

***

Дада, сиз йўқлигингизни қачон пайқаб қолдим, эслолмайман. Она ота ўрини босиши, бола отасиз ҳам катта бўлавериши ҳақиқат. Балки мен ҳам тилим чиққанда беихтиёр “да-да” товушларини талаффуз қилгандирман, лекин хозир эсимга фақат боғча даврим тушяпти. Элдор деган ўртоғим борлиги ёдимда.

- Ана, дадам келди! Сенинг даданг эса келмади! – деди у бир куни боғчадан кетар пайти.

- Хозир ойим келади – дедим енгилгим келмай. Ўшанда илк бор ойимдан сиз ҳақингизда сўраганман.

- Ойи, нега мени боғчадан дадам олмайди? Эртага сизнинг ўрнингизга у келсин.

- Сенинг даданг йўқ.

- Нега?

- Йўқ бўлгандан кейин йўқ-да. Тамом! Бошқа бу саволни берма! Юр, магазиндан конфет олиб бераман.

***

Дада, балки сиз бизни қидираётгандирсиз? Уй манзилимизни билмассиз-а? Биз бувим ва тоғам билан бирга яшаймиз. Ҳовлимизни топиш осон, кўча юзида жойлашган. Ҳар куни жиянларим билан кўчада ўйнаётганимда тўхтаган машиналар ва ундан тушаётган одамларга қарайман. Сиз мени қидириб келдингизмикин, деб ўйлайман. Лекин у кишилар менга бепарво ўтиб кетишади. Тоғам келгач, бизларни уйга бошлайди. Кичкиналигимда учта жиянимга қўшилиб “Нима олиб келдингиз?” деб югуриб борардим. Тоғам мендан кичкина болаларни йиғлатиб бўлса ҳам илк совғани менга берарди. Бувим набираларини овутиб “Катталардан бошланади-да, болажонларим”, дерди. Ҳозир бунинг боиси бошқа эканлигини тушунаман. Тоғам ёлғиз ва отасиз жиянининг кўнглини ўкситмасликни, унга отадек меҳрибон бўлишни истаган. Ҳа, тоғам ажойиб одам, доим бизга ғамхўрлик қилади. Бироқ мен ҳаётимда сиз ҳам бўлишингизни истайман, дада. Ҳеч нарса олиб келмасангиз ҳам майли, розиман, меҳрибон эмас, қаттиққўл бўлинг, олдимда бўлсангиз бас.

Ўтган йили қишда тоғам менга куртка олиб келганларида севиниб кетдим. Қалингина, чиройли экан. Бироз ўтиб келинойимнинг гапларини эшитиб қолдим: “Қизингиз плашда юрибди, ўғлингизнинг пальтоси калта келиб қолган. Ўз болаларингизни ўйласангиз бўларди. Онаси ишлайди, отаси ҳам тирик, боласини таъминласин!”

Келинойимнинг гапидан ҳафа бўлганим йўқ, аксинча, бошим кўкка етди, чунки сиз бу дунёда, биз билан бирга нафас олиб яшаётганингизни билиб олдим. Узр, дадажон, мен шундай ҳаёлга ҳам борган эдим. Балки отам вафот этгандир, ойим ва бувим мени ҳафа бўлмасин деб буни айтишмаётгандир, деб ўйлардим. Синфдошим Нурилла “Раҳматли дадам” деб гапирганида ҳаёлимдан сиз ўтардингиз. Энди ўйларимнинг нотўғрилигидан хурсандман, сиз борсиз, демак, бир куни кўришамиз!

***

Мактабни аъло баҳоларга битирдим. Мени табрикланг, дадажон! Онамнинг севинчи ичига сиғмаяпти. Кўзларида ёш билан дуо қилди. Ойимнинг олдиларида кўп қарздорман. Ҳамма ҳам она олдида қарздор-у, лекин меники уларникидан ўн хисса кўпроқ. Ҳали яхши одам бўлиб, ойижонимнинг дардларини аритаман. Шунда сиз ҳам мендан фахрланишингизни истайман, дада!

         Энди қайси институтга ҳужжат топшириш муҳокама бўляпти.

  • Паханнинг пули етганига кираман - деди бир шўхроқ синфдошим.
  • Биринчидан, отангни ундай атама, иккинчидан унинг пулига эмас, билимингга ишон - дедим астойдил жаҳлим чиқиб.
  • Отаси йўқлар билимига ишонаверсин – мени енгиш учун шу сўзининг ўзи етарли бўлди.
  • Менинг ҳам отам бор! – дедим кўзларим ғазабга тўлиб. Яқин дўстим Исмоил “Юр, ўртоқ, шу билан гап талашасанми? Ўзингни бос”, деб ўртамизга кириб, мени четга олди. Сал қолса ёқалашиб кетардик.

***

Бугун яна онамнинг кўзларида қувонч ёши. Унинг кўп йиғлаганини кўрганимдан бунга тоқат қилолмайман. Ана, бувим ҳам жўр бўляпти. “Эй, қанақа одамсизлар, яхши хабарга ҳам йиғлайсизларми? Ё “Ўқишга киролмадим”, дейишимни кутиб, шунга тайёрланиб ўтирганмидинглар?”, деб ҳазил аралаш койиб, тинчлантирдим.

Талаба бўлганимдан ўзим ҳам беҳад хурсандман. Ўзиям роса қизиқ бўлди-да. Бюджетга кирганларнинг энг сўнггида турибман. Мандатда жадвални кўраётганимизда бир катта ёшли киши “Эй, ўн иккинчи рақамдаги сенмисан? -  деб қолди – Менинг ўғлим ўн учинчи бўлиб кирибди, сендан бир балл кам йиққани учун контрактчилар сафида. Майли, асосийси кирибди-ку, шунга шукр. Аммо сен бола жуда омадли экансан! Отангга балли!”.

***

Яқинда бир китоб ўқидим. Унда йигит қизни алдаб, ёмон йўлга бошлабди. Қиз ҳомиладор бўлиб қолганида, йигит уни ташлаб кетибди. Қиз фарзандни дунёга келтиради ва ёлғиз тарбиялайди. Китобдан кўзимни узиб, яна сиз ҳақингизда ўйладим. Мен ҳам ёлғиз фарзандман ва отам ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасман. Балки... Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Кўнглим сезиб турибди, бундай эмас!

***

Маърузада домламиз гастарбайтерлар ҳақида сўз очиб қолди. Нима керак ўзи бу одамларга, Ватани, оиласи, ризқ-рўзи бўла туриб ўзга мамлакатдан бахт излаб? Бориб, мақсадига эришгач, яна ўз юртига қайтса ҳам майли эди. Энг ёмони ҳамма нарсани, ҳар кимни унутиб, ўша ерларда бир умрга қолиб кетиши. Менинг отам ҳам шу тоифага кирмасмикин, ахир у билан бирор марта ҳам юз кўришмаганмиз-ку, деб ўйлаб қолдим.

***

Онам ҳар куни совчиликка боради. Мени қизлар билан учраштиради. Мен эса оила қуришга қўрқаман. Йўқ, оила қуриш қийин эмас, мустаҳкам оила яратиш қийин, уни оқилона сиёсат билан бошқариш қийин. Ўзимнинг оилам кемтик бўлгани учунми, бир оила бошлиғи сифатида уни тўкис бахтли қила олармикинман, деб ўйлайман. Ахир сиз ва онам ҳам турмуш қурганингизда ажрашиш ҳақида ўйламагансизлар, қандайдир сабаблар билан ҳаёт шунга мажбур қилган, тўғрими? Мен-чи, эртага намунали оилани барпо этиб, яхши ота бўлолармикинман? Аксарият қизларни қайтараётганимнинг сабаби шу. Баъзи оилалар бизга маъқул бўлса, у томон рози бўлмайди. Кўпчиликка отасиз ўсганим, ёлғиз ўғиллигим ёқмайди.

***

Бугун ёнимда бўлишингизни жуда хоҳлагандим, дада! Оқ фотиҳани қўшни отахон эмас, ўз отам беришини орзу қилгандим. Тўй арафасида яна онамдан сиз ҳақингизда сўрадим. Никоҳ кечасига таклиф қилайлик, дедим. Яна ўша мужмал жавоб.

Қайнотам “Сиз менга куёв эмас, ўғилсиз. Лозим топсангиз, отангиздек кўринг”, дейди. У жуда бамаъни одам, кўришганда “дада” деб мурожаат қиламан. Аммо ўз отамнинг ўрнини ҳеч ким босолмаслиги кундек равшан.

***

Ўксинмагин жон ўғлим, полвон ўғлим,

Сени ташлаб кетганим ёлғон, ўғлим,

Топмоқ жойда йўқотмоқ ҳам бор экан,

Ўз ҳолимга ўзим ҳам ҳайрон ўғлим...

Шу қўшиқни ҳар гал эшитганда мунғайиб қоламан. Балки бу мен учун айтилгандир. Эҳтимол сиз ҳам мен каби умуман кўрмаган, билмаган яқинингиз – менга талпиниб яшарсиз. Кимлигингизни хануз билмайман. Лекин бир нарсани аниқ биламанки, сиз ёмон одам эмассиз! Ахир менинг дадамсиз!

***

Тавба, шунақанги ҳаяжонли, бирам ғалати-ки, одам ақлдан озиши ҳеч гап эмас. Илк фарзанд барибир бошқача эсанкиратади одамни, худди терисига сиғмаётгандек бўлади. Аллоҳга беҳисоб шукрки, бугун ота бўлдим. Энди менинг ҳам “дада” дейдиган ўғлим бор. Унга яхши ота бўлиш учун ҳамма нарсага тайёрман. Хозирча бошқа ҳеч нарса ёзолмайман.

***

Бугун яна сизга етиб бормаслиги аниқ мактублардан бирини ёзяпман. Аслида бу охиргиси бўлиши керак, лекин менга бу одатим ёқиб қолди, ёзишмаларни яна давом эттиргим бор.

Эрта тонгдан эшик тақиллади. Иккита катта ёшли киши. Танимасам ҳам уйга бошладим. Бувим ва ойим уларни танигандек бўлишдими, авзолари ўзгарди. Сўзсиз ўтираверишгач, ташқарига чиқиб кетдим. Лекин бегона эркакларнинг кимлигини аниқлаш учун меҳмонхонага қулоқ тутиб турдим.

- Ўшанда айб ҳаммадан ўтди, келин. Укам аҳмоқлик қилиб бегона аёлга илакишди, сиз сабр қилмадингиз, биз катталар ҳам оилангизни тиклашга унчалик киришмабмиз.

- Айб ҳаммадан ўтгандир, лекин мендан эмас! Сабр қилмадинг дейиш осон, ўшанда не кунлар бошимга тушгани кечагидек ёдимда. Шунча пайт қўзғалмаган гапларни очгандан нима наф?

- Биз мутлақо бошқа мақсадда келдик. Ўтган иш ўтди-кетди, қайтаришнинг иложи йўқ. Укам анча йилдан бери оғир дард билан тўшакка михланиб ётарди. Кеча аҳволи янада оғирлашиб қолди. Тинмай “Ўғлим, ўғлим”, деб алахсирайди. Қайта турмушидан иккита қиз орттирганди, кимни сўраяпти, деб гарангмиз. Охири ёдимга Равшанжон тушиб қолди. Уйни тарк этганингизда чақалоқнинг чилласи ҳам чиқмаганди, шу бўйи у ҳақида оғиз очилмаганди, рости. Укам омонатни топширишда қийналмасин деб, кеча сизларни топиб келмоқчи бўлдим, дарвоза хатлаганимда ортга қайтаришди. Жигарим бандаликни бажо келтирибди. Эрталабгача суриштирмаган одамим қолмади, мана охири сизларни топдим. Ўзимдан ҳам уялиб кетяпман, бир кечада қилиш мумкин бўлган ишни 30 йил чўзиб юрибман-а!

Амаким мени ўзи билан олиб кетди. Отамни сўнгги манзилга кузатдик. Дадажон, бугун тобутингизни кўтариб, эл орасида илк бор “отасининг ўғли” деган номга эга бўлдим. Қанийди бундан қувонолсам! Ахир сиз энди йўқсиз. Сизни топдим-у йўқотдим. Йўқотидим-у топдим...

ДУРДОНА тўплади

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+