Якшанба мутолааси: Отам каби ҳокисор арча

19.01.2020 10:01:36

Янги йил кутиладиган кун уйга қўйни-қўнжим тўлиб кириб келдим. Бугун бир байрам қилайлик. Остонадан пешвоз чиққан аёлим ва болаларим бирин-кетин қўлимдаги юкларни олишди. 

- Дадаси, кийимингизни ечмай туринг. Уйдаги ортиқча нарсаларни тўплаб қўйгандим. Чиқинди уюмига ташлаб келасиз.
Тўртта катта халтани базўр қўлимга сиғдирганимда оёғимга нимадир кириб, тилди. Очиб қарасам, эски арча шохчалари экан. Ичимдан қиринди ўтди. Ахир бу болалигимдаги арчам-ку.
- Ҳой, онаси, нега арчани ахлатга ташлатяпсан?
- Керак эмас. Бугун бозордан янгисини олиб келдим. Шуни ясатамиз.
- Туппа тузук, бус бутун арча-ку. Хозиргилар сифатсиз, бунга тенг келолмайди, билсанг!
- Эй, қўйсангиз-чи, алмисоқдан қолган арча, ҳозир ҳеч ким бунақасини ясатмайди. Янги йилга эски нарсаларсиз қадам қўяйлик.
Арча солинган халтани четга авайлаб қўйиб, қолганларини кўтарганимни кўрган аёлим яна тутоқди:
- Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига. Эски-тускичилигингиз ҳеч қолмади-да!
- Юм оғзингни! Бу арча мен учун азиз! Уни ҳеч қачон кўчага улоқтирмайман.
- Байрам куни ҳам дилимни ҳуфтон қиласиз – аёлим кўзига ёш олганча ошхонага кириб кетди.
Аслида ундан кўра менинг кўнглим тилка пора бўлган эди. Халиги халтани уйга олиб кириб, чиқиндилар орасидан арчани ажратишга тушдим. Бу оддийгина арча менга азиз дадамнинг порлоқ хотираларини эслатади. Дадажон, қанийди ҳозир ёнимда бўлсангиз!
Янги йил арафаси эди. Одатга кўра декабрь ойининг аввалидан дадам ва ойим “Яхши бола бўлсангиз, Қорбобо истаган совғангизни олиб келади”, деб суюнчи олишди. Тўрт фарзанд чоракни аъло баҳоларга ёпиш учун ўқишга зўр бериб юбордик.
Оилада тўнғич фарзанд бўлганим учун ука-сингилларимдан кўра ўзимни масъулиятли тутишга ҳаракат қилар, оиламизда юз бераётган воқеаларга беэътибор қаролмасдим. Ота-онамиз бизга ташвишларни билдирмасликка ҳаракат қилишса-да, хабар топиб қолардим. Ўша кезлари дадамнинг кайфиятлари синиқлиги ҳам менга дарров билинди. Онам билан пичир-пичир қилишаётганига қулоқ тутаман.
- Бошлиқ яна ашуласини бошлади. Мени кўндираман деб бекорга овора бўляпти.
- Ётиғи билан тушинтиринг, инсофга кириб қолар, дадаси.
- Нафс ҳакка отиб турганда инсоф кўзига кўринармиди? Эртага бу ишнинг ортидан турмага кириши мумкинлигини ҳам ўйламаяпти-ку.
Дадам катта бир ташкилотда бош ҳисобчи бўлиб ишларди. Афсуски, раҳбарини шайтон йўлдан урибди. Идора пулини ўзлаштириш ҳақида режа тузиб, банкдан пул олиш учун дадамга ҳужжат тайёрлашни буюрибди. Дадам раҳматли ўта ҳалол ва пок инсон эди. Жиноятга шерикликка рози бўлмаган. Бошлиғи “Пулни арра қиламиз”, деса ҳам қатъий рад жавобида қолаверган.
- Бугун яна ғижиллашиб қолдик. Энди мени ишдан бўшатиб, бошқа биров билан бадниятига етмоқчи, ярамас.
- Ё тавба! Ҳеч бўлмаса бу йил амаллаб ишлаб туринг, йил охирида ишсиз қолманг, дадаси.
- Ишласам, шартини бажаришга мажбурман. Лекин мен ҳаром луқма билан норасида гўдакларни боқадиган разил эмасман-ку!
Икки кундан кейин дадам ишдан бўшаганини эшитдим. Ўша пайт хатто тушликка пул сўрашга уялиб қолгандим, лекин ука-сингилларим ёш бола эмасми, “Дада, ҳамма фанлардан “5” олдик, энди арча олиб келиб беринг”, деб ҳар куни қисташарди. “Хўп, болаларим, ваъдам эсимда, Янги йил байрамигача албатта арча келтираман”, дерди дадам пешонамиздан ўтиб.
Янги ишга кириш осон бўлмади. Устига устак, ўчакишиб қолган собиқ раҳбар у ерда ҳам ишлашга қўймади. Турли уйдирмалар тарқатиб, бўшатишга мажбур қилди.
Шу вақтгача рўзғорни фақат дадам тебратгани учун анча қийналиб қолдик. Нон пули чиқариш учун ойим уйдаги банкаларни ювар, дадам сотиб келарди. Бир куни мен ҳам қарашишга чиққанимда, анави бошлиқ олдимиздан ўтиб, “Ҳа, жаноб буғалтир, ҳисоб-китоб яхши кетяптими?”, деб пичинг ташлаб ўтди. Ўшанда дадам индамади, лекин юзидан қаттиқ ҳафа бўлгани сезилди.
Тавба, дадам шундай обрўли жойда ишлаб, мансаб эгаси бўла туриб, уйга ташлаб қўйган ортиқча пули, йиғиб қўйган бойлиги йўқ экан. Қўлидан миллион-миллион пуллар ўтса-да, тийинига ҳиёнат қилмаган. Тўғри яшаган, бор пулини рўзғорга бағишлаган, мана энди вақтинча ишсизлиги ҳам қимматга тушяпти. Ҳар куни кечаси яна ўша машмаша, укам ва синглим бири олиб бир қўйиб арча сўрайди. Уларни уришсам, дадамдан гап эшитаман. “Тўғри-да, ўзим сўз берганман, албатта, совғангиз келади”, дейди ишонч билан.
Кўп ўтмай дадам иш топганини айтди. Кўчамиз бошида катта цех қурилаётган эди, шу ерга ғишт қуйишга кирибди. Энди у биз уйғонмасимиздан ишга кетиб, ухлаб ётганимизда уйга қайтарди. Лекин Янги йил байрами куни ишга жўнамай, уйғонишимизни кутди. Кўзимизни очганимизда баланд арча савлат тўкиб турарди. Янги ўйинчоқлар, зар ва пуфакчалар бирам кўркам эди-ки, ҳаммамиз севинчдан ҳайқириб юбордик. Ота-онамиз биздан ҳам хурсандроқ, бирма бир бағирларига босиб байрам билан табриклашди.
Цех қурилиши битгач, дадамга ўз соҳасидан бошқа иш чиқди. Яна ҳаётимиз изига тушгандек бўлди. Лекин кечалари дадамнинг қувиллаб йўталгани эшитилар, ойим қоронғида гоҳ сув, гоҳ грелка кўтариб юрганларига кўзим тушарди. Орадан йиллар ўтиб, мен институтга кирганимда ҳам дадамнинг туни билан йўталиб чиқиши қолмади. Даволанишга унамайди. Бир куни институтдаги яқин дўстимнинг отаси пульмонолог шифокор эканини эшитиб қолиб, дадамни бир текшириб қўйишини илтимос қилдим.
- Ўпкани расво қилибсиз-ку, оғайни! – деди доктор кўздан кечиргач – Ишингиз ташқариликми? Кўп совуқда қолганмисиз?
- Йўғ-ей, ишимизда бир хонада эрталабдан кечгача ўтириб, ҳисоб-китоб қилишдан бошқа нарса йўқ.
Балки дадам бундан бир неча йил муқаддам ҳаромдан ҳазар қилган ҳолда ва дилбандалари қувончи ҳақи пул топгани, қаҳратон қишда ғишт қуйганини эсламас, балки эсласа ҳам тилга чиқаришни хоҳламас. Мен эса дадамнинг дардида ўша воқеа ётгани, у соғлиғини тикиб арча сотиб олганини яхши англаб турардим.
Даволанишни бошладиг-у, охиригача етказолмадик, бунга дадамнинг умри етмади, совуқлар остида чириб битган ўпкаси ортиқ нафас ололмади. Тўрт болани уйли-жойли қилиш қалби ўксик онамнинг гарданига тушди. Шукр, хозир ҳаммамиз ҳаётда ўз ўрнимиз ва йўлимизни топиб кетганмиз. Дадамнинг умрини онамга қўшиб берсин, деб дуо қилиб яшаяпмиз. Бир куни онам “Болаларим, дадангдан қолган нарсалар табаррук, бўлишиб олиб кетинглар, ишлатсанглар, савоб бўлади”, деб қолди. Катта укам магнитофон, кичиги велосипед, синглим самоварни танлади. Мен “Ойи, арча қаерда? Арчани мен олиб кетаман”, деганимда, гур этиб кулги кўтарилди. Жигарларим арча тарихидан бехабар-да.
Мана бугун ўша мўжаз арчага бош эгиб ўтирибман. Ўзича саранжом аёлим уни заб буклаб, ҳалтага жойлаштирибди. Мен уни чиқиндилар орасидан ажратиб, эзилган шохларини тўғирладим, устидан чангни қоқдим. Отам каби оддий ва хокисорсан, арча! Сенга бир фаслда эмас, бутун йил давомида уйим тўридан жой ажратсам арзийди. Дадамнинг эгилган қадди, сарфланган соғлиғи эвазига хонадонимизга етиб келгансан. Дадажон! – кўзимдан дув дув ёш тўкилди.
- Дада! – ўғлимнинг овозидан ўзимга келиб, кўз ёшимни артишга аранг улгуриб қолдим – Ахир ваъда бергандингиз-ку, Янги йил куни планшет совға қилмоқчийдингиз!
- Сен жим тур! - дарров қизим етиб келди – Аввал менга айфон олиб беришлари керак, дугоналаримнинг олдида эски телефондан уяляпман.
Омон бўлгур тўқчилик замоннинг болалари-ей! Бугун дакки бериб, уларнинг кайфиятини бузгим йўқ эди-ю, лекин тарбия пайт танламайди, уни кечиктириб бўлмайди. Яхшиси хозир уларга ҳалол меҳнатда ибрат қолдириб кетган одам – Отам ҳақида сўзлаб бераман.

ДУРДОНА оққа кўчирди

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+