Якшанбаа мутолааси: “Раҳмат сенга, коронавирус!..” (ҳикоя давом этмоқда)

29.03.2020 09:03:08

 

Мақолани олдинги сонини бу ерда ўқинг.

Фенгджга аталган Феникс расми жуда чиройли чиқяпти. Худди қаршимда ҳақиқийси турганга ўхшайди. Ҳали охиригача битса борми, ҳақиқий шоҳ асар! Музейларга қўйиладиган портретнинг ўзгинаси!

– Қўлингиз гул экан! – дедим қизнинг қалам юргизаётганига тикилиб.

– Иситма билан чизаётган биринчи асарим – деди кулиб – Балки соғ бўлганимда бунданам яхши чиқармиди.

– Нега? Ахир сиз ижодкорлар «Дард – илҳом», дейсизлар-ку.

– Ҳа, гапингиз тўғри! – бу гал юзимга қараб самимий кулди – Ия, ниқобингиз қани? Уханда ниқобсиз одам ғалати кўринаркан.

– Уйдан шошиб чиққандим, қолиб кетибди – ўзи ниқоб чўнтагимда турибди, поездда мажбуран тақдим, нафасим сиқилиб кетди, рассомнинг уйига кириш олдидан ечиб олгандим.

– Мана, олинг! – тортмасидан янги ниқоб олиб, узатди – Эҳтиёт бўлинг!

Шу пайт эшик жиринглади.

– Мендан бошқа мижозингиз ҳам бормиди?

– Йўқ, менимча бу бошқа биров.

Эшикдан шифокорлар кириб келди.

– Қизимнинг иситмаси чиқяпти, ҳарорат туширадиган дорилар таъсир қилмаяпти – онаси уларга термометрни кўрсатди.

– Қайта ўлча! – шифокор ҳамширага буйруқ берди.

– Ойи, шу хозир шартмиди? Ахир олдимда мижоз бор!

– Йиғиштир ишингни! Аҳволингни қара!

– Илтимос, тўғри ўтиринг. Ўпкангизни эшитишим керак, томоғингизни ҳам кўраман – деди доктор.

Қиз мўйқаламни истамайгина қўйди. Мен кетишимни ҳам, қолишимни ҳам билмай, жим туриб қолдим.

– Зудлик билан шифохонага боришимиз керак – деди уни кўздан кечиришгач.

– Қизимга нима бўпти, доктор?

– Шифохонада лаборатор текширувлардан ўтади, унгача бир нима дейиш қийин.

– Шошманглар, асаримнинг атиги беш дақиқалик иши қолди – қизнинг иситмаси яна баландлаяпти чоғи, икки юзи лавлагидек қизариб кетибди.

– Бир сония ҳам кутолмаймиз. Кетдик!

– Майли, сиз ҳижолат бўлманг. Шуниси ҳам бўлаверади. Раҳмат! – расмни олдим.

– Бу уйда яна кимлар бор? – деди шифокор қоғозга бир нимларни қайд қилаётиб.

– Дадаси ва синглиси.

– Улар ҳам биз билан юришсин. Оилавий текширувдан ўтасизлар.

Кўчага чиққанда тиббиётчилардан бири мени тўхтатди.

– Қаёққа кетяпсиз? Шифохонага бориш керак.

– Мен оила аъзоси эмасман.

– Барибир контактда бўлдингиз-ку, эҳтиёт шарт текширтириб қўяверинг.

– Эндигина келгандим – дедим рассомнинг олдида 45 дақиқа ўтирганимни яшириб – Мана, ниқобим ҳам бор!

Вокзалга бориб, тез юрар поездга чипта олдим. Сианга қушдек учиб боришим, тезроқ севгилимни табриклашим лозим. Мени кўзи тўрт бўлиб кутиб ўтиргандир. Атайин эратлабдан бери унга телефон қилмадим. Тилакларни жонли йўллайман. Совғанинг чалалигини изоҳлашга ҳам сўз топдим: «Фенгдж, менинг Феникс қушим, бахт қушим. Бу асар тугалланмаган, чунки бизнинг муҳаббатимизнинг ҳам поёни йўқ, туйғуларимиз ҳеч қачон якун топмайди».

Поезддан тушиб, унга қўнғироқ қилдим. Аммо жавоб бермади. Бироз кутиб турдим. Балки қайтиб қилиб қолар, ресторанга борамиз, туғилган кунни мазза қилиб нишонлаймиз, дея режалаштирдим. Қўнғироқ бўлмагач, яна қайта рақам тердим. Телефони олдида эмас шекилли. Кеч бўляпти. Уйига бораман – бошқа вариант йўқ. Эшик қўнғироғини узоқ босиб турдим. Чироғи ёниқ, лекин нега ҳеч ким очмаяпти. Орқа томонга ўтиб, Фенгджнинг хонаси деразасини тақиллатдим.

– Ланфен!

– Сюрприз!

– Ланфен! Бу ерда нима қиляпсан?

– Туғилган кунинг билан, севгилим! Ойнангни очсанг-чи! Хўп, тушундим, ҳозир эшигингга борман.

– Шу ерда тур. Хозир сенга қўнғироқ қиламан.

Телефоним жиринглади. Ўртамизда ойна, бир-биримизга қараб турибмиз.

– Уйингда меҳмонлар бормиди?

– Нега келдинг, Ланфен?

– Сени табриклагани.

– Бекор қилибсан. Тезроқ кет.

– Фенгдж?

– Борақол, нима қилиб турибсан? Ҳаммага касалингни юқтирмоқчимисан?

– Бу нима деганинг? Мен соппа-соғман!

– Менга эртагингни ўқима. Хозир ҳам, кейин ҳам сен билан кўришишни хоҳламайман. Мени тушун, мени кечир ва ... мени тинч қўй!

– Фенгдж, бундай дема, илтимос! Ахир муҳаббатимиз...

– Муҳаббатимизни коронавирус ўлдириб ташлади.

Шундай дея у нари кетди. Телефон билан бирга хона чироғи ҳам ўчди. Мажолсиз оёқларим билан бироз олдинга юрдим, сўнг ерга чўкдим. Ана, хона чироғи ёнди, дераза очилди. Фенгдж фикридан қайтди, гапларидан афсусда, мени чақирмоқчи, деган илинжда ўрнимдан турдим. Аммо менга қаратилган ҳеч қандай чорлов бўлмади. Йигит ойнага сув пуркаб, мато билан ишқалаб артди. Юзида ниқоб, қўлида қўлқоп. Деразани тақиллатганимда қолган қўл изларимни йўқ қилди. Менга бўлган севгисини ҳам худди шу каби бир зумда йўқотган экан-у, бехабар қолибман. Шу ўтиришимда ўксиб-ўксиб йиғладим. Қўл телефоним овоз берди. Фенгдж фикридан қайтмаслигини исботлаб бўлди, энди нега қўнғироқ қиляпти? Айб менда эмас, коронавирусда, демоқчими? Йўқ, сим қоққан Веики экан.

– Дугонажон, мени кечир!

– Сен нега кечирим сўраяпсан?

– Илтимос, уйга кел! Олдимга кел!

– Нанкинга, ота-онамникига бормоқчиман.

– Йўқ, бундай қилма! Менга кераксан, Ланфен! Қаердасан ўзи? Фенгджни табриклаб бўлдингми?

– Ҳа, ишим битди... Хўп, хозир Уханга қайтаман.

Веикини қучиб узоқ йиғладим. У «Айтганимни қилмадинг», деб юзимга солмади. «Қўй, сиқилма, ҳали ҳаёт олдинда», деб овутди. Мана, энди карантинда, устозларимиз таъбири билан айтганда таътилдамиз. Ўқитувчи берган бир дунё уйга вазифага қараб ҳам қўймадик. Веики кунини ошхонада ўтказяпти. Нуқул журналлардан рецептлар қирқиб, бир нималар пиширади. Пазандачилик ишларида нўноқ бўлгани учун синаб кўрганларининг ярми ўхшамади – ташланди.

– Ҳой қиз, маҳсулотларни увол қилма! Икки ойга етиши керак-а!

– Хавотир олма, консерваларани ғамлаб қўйганман. Улар ҳам тугаса, қайнатилган сув билан пархез тутамиз.

 

(Давоми бор)

ДУРДОНА

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+