Яна кўксимга яшиллик инди

10.03.2020 11:03:56

Мана, орзиқиб кутилган баҳор фасли ҳам кириб келди. Баҳор билан бирга, қалбимизга яшиллик, гўзаллик, софлик ҳам кирганини ҳис қиляпмиз. Албатта, бу кунларга етиб келиш ҳар кимга ҳам насиб қилмайди. Бизга бу бахт берилган экан, унинг қадрига етиш, ҳар бир сонияси учун шукроналар келтириб яшаш неъматини ҳам чуқур англамоғимиз керак. Ўз навбатида ҳаётида баҳор фасли ҳукмрон инсонлар ҳам талайгина. Масалан, шундай инсонлардан бири менман. Бу билан мен ўзимни ҳақли равишда бахтли инсон деб айта оламан. Ишда, оилада ҳам яқинларим ва ўзим севган, мен қадрлаган инсонлар даврасида эканлигимдан шодумонман. Балки, шудир чинакам бахт деганлари…!

Ўтган фаолиятимга назар ташлайдиган бўлсам, 1996 йилда Тошкент давлат техника университетини тамомлаганимдан буён бир қанча масъул вазифаларда мехнат қилиб келмоқдаман. Жумладан, ўзим ўқиган олийгоҳда қарийб ўн йил, яъни  1990 йилдан 2000 йилга қадар турли вазифаларда фаолият юритдим. 2000-2004 йилларда эса 51411 ҳарбий қисмда ҳарбий хизматчи бўлиб, 2004-2005 йилларда Тошкент архитектура қурилиш институти инженер-қурилиш факультети диспетчери, 2005-2011 йилларда “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси Давлат назорати ва ташқи алоқалар бошқармаси бошлиғи муовини, 2013-2015 йилларда “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси Давлат назорати бошқармаси бошлиғи муовини каби бир қанча жойларда, турли лавозимларда иш олиб бордим. Шунингдек,  2012 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши Академиясини ҳам тамомладим. Ҳозирда 2015 йилдан буён Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Меҳнат муҳофазаси бўлими мудири сифатида фаолият юритиб келмоқдаман. Бу натижаларга эришишнинг ўзи бўлмайди, албатта. Қолаверса, оила юмушлари, бола-чақа ташвишлари ҳам аёл кишининг зиммасидаги энг муҳим вазифалар сирасига киради. Бу ишларга ҳам улгуриш, иш ва оилани тенг ҳолатда олиб бориш аёлга катта масъулият юклайди. Мен ҳам имкон қадар барчасига улгуришга, жамият ва оилам олдидаги ўз бурчимни садоқат билан адо этишга ҳаракат қилиб келдим. Балки, шу сабаб бугун интилишларим самарасини кўриб тургандирман.

Яқин даврда сиёсий соҳада ҳам ўзимни синаб кўришга қарор қилдим. Танлаган партиямдан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига ўз номзодимни қўйдим. Ўтган йилнинг сўнгида бўлиб ўтган сайловларда халқ ишончини қозониб, депутат этиб сайланишга муваффақ бўлдим. Бу олдимда турган талай вазифаларга қўшимча бўлиши билан бирга ифтихор туйғусини ҳам беради. Негаки, халқ томонидан эътироф этилиш, сайланиш бахти насиб этиб турибди. Халқ ишончи бу - катта нарса... Бунга лойиқ бўлиш, ишончни оқлай олиш шарт. Шу сабаб, депутат этиб сайланган онимдан бошлаб ҳар жабҳада фуқароларга ёрдам беришга, муаммоларни ўз вақтида ҳал этишга ҳисса қўшиб келмоқдаман. Бунда менга камарбаста бўлган, фаолият мезонларимни тушуниб олишимга кўмак бераётган “Адолат” СДПдан миннатдорман. Адолат йўлида хизмат қилаётган партиянин бундан кейинги фаолиятига ҳам омад ёр бўлишини тилайман.

Нодира КАРИМОВА,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+