Янги депутатларнинг дастлабки амалий ишлари

28.01.2020 10:01:58

Айни кунларда сайлов жараёнлари ўз ниҳоясига етиб, халқ ишончини қозона олган депутатлар ўз амалий ишларини бошлаб юборишди.  Хусусан, Халқ депутатлари Тошкент вилояти, туман ва шаҳар Кенгашларига янги сайланган депутатларимиз жойларда аҳоли мурожаатларига кўра мавжуд муаммоларни самарали ҳал этишда фаоллик кўрсатишмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП Бўстонлиқ туман Кенгаши фаолларидан иборат ишчи гуруҳ ташаббуси билан партиянинг “Адолат – қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида “Қорамозор” МФЙ  ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли билан юзма-юз суҳбатлар ташкил этилди, уларнинг  мурожаатлари жойида ўрганилди.

Аниқланишича, ушбу маҳалла ички йўлларида  бундан 45 йил аввал ўрнатилган эски симёғочлар ҳозирда яроқсиз ҳолатга келган ва бунинг  оқибатида ҳудуд электр таъминотида жиддий узилишлар бўлиб, маҳалла фуқароларига қатор қийинчилик ва муаммолар туғдирган. 

Мазкур масала бўйича партиямизнинг  Бўстонлиқ туман Кенгаши раиси Акром Сайдалиев, 1-“Алғабас” сайлов округидан сайланган Бегзод Кенанбаев, 4-“Дадабоев” сайлов округидан сайланган депутат Хуршед Мавлидинов,   маҳалла раиси Дилшод Юлдашев ва маҳалла фаоли Тоҳир Қўзибоевлардан иборат ишчи гуруҳи томонидан  қисқа фурсат ичида олиб борилган тезкор амалий ҳаракатлар  натижасида “Қорамозор” маҳалласи кўчаларидаги  эски симёғочлар   янгисига алмаштирилиб, замонавий  LED лампалари ўрнатилди.

-Қишлоғимизга 1961 йилда электр тармоғи тортилган эди, -деди “Қорамозор” МФЙ раиси Дилшод Юлдашев - 1975 йилда қисман реконструкция қилиниб, симёғочлар ўрнатилди. Аммо бажарилиши керак бўлган ишлар охирига етказилмади. Шунга ҳам 45 йил бўлди. Бу вақт ичида симёғочлар хизмат муддатини ўтаб, фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган. Шу боис, айрим симёғочлар остидан ўтишга қўрқамиз. Ҳозир маҳалламизда 1 минг 245 нафар аҳоли яшайди. Янги сайланган депутатларимиз энг чекка ҳудудларга ҳам кириб бориб, аҳолининг ҳар бир мурожаатини беэътибор қолдирмасдан бор имконият ва салоҳиятини ишга солмоқдалар. Аҳоли ўзи сайлаган депутатларга миннатдорчилик билдириб, уларга билдирилган ишонч бежиз эмаслигига амин бўлмоқдалар.

Аҳамиятли жиҳати, Бўстонлиқ ҳудудидан вилоят ва туман Кенгашиларига янги сайланган ҳар бир депутатимиз мана шундай фаол, жонкуяр ва элпарвар халқ вакилларидир. Улардан  бири  Улуғбек Эрматов ташаббуси билан  ташкил этилган ишчи гуруҳ аъзолари  юқорида номи келтирилган маҳаллада истиқомат қилувчи кам таъминланган, ҳимояга муҳтож, нафақада бўлган 2-гуруҳ ногирони Есиркеп Калеков оиласида бўлиб, ушбу хонадонга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Бу каби амалий ишлар Тошкент вилояти туман ва шаҳарлари кесимида янги сайланган депуталаримиз бошчилигида мунтазам ташкил этилмоқда.  

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+