Янги йилдаги режалар муҳокама қилинди

10.01.2020 20:01:58

Самарқанд шаҳридаги 43-сонли ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгашининг таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларининг 2020 йилда амалга оширадиган ишлари ва устувор вазифалар муҳокама этилди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган партиянинг вилоят Кенгаши раиси М.Бабабекова дастлабки сўзни Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси Солиқ солиш бўйича маслаҳат бўлими бош инспектори Орзужон Насимовга берди. О.Насимов янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг мазмун-моҳияти тўғрисида йиғилганларга батафсил маълумот бериб ўтди.

Шундан сўнг депутатлик гуруҳи раҳбарларини тайинлаш, депутатларга услубий кўрсатмалар бериш масалаларини ўз ичига олган тадбирнинг иккинчи қисми бошланди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг  асосий шиори бўлмиш “Адолат – ҳар бир инсон учун” деган эзгу ғоя атрофида бирлашиб, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти асосидаги ҳуқуқий демократик давлат, адолат тамойиллари таъминланадиган фуқаролик жамияти барпо этишни ўзининг асосий мақсади қилиб олган. 

Албатта, партиянинг омма орасидаги ҳурмати, обрў-эътибори депутатлик корпусларининг фаолияти билан чамбарчас боғлиқ эканини унутмаган Самарқанд вилоят Кенгаши барча даражадаги партия Кенгашларининг эътибори ишлаб чиқариш жамоаларида ва аҳолининг яшаш жойига кўра партия таъсирини кенгайтириш, партия электорати манфаатларига доир масалаларни аниқлаш ва ҳал этишда партия тузилмаларининг депутатлик гуруҳлари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга жиддий ёндашди.

Партия вилоят Кенгаши раиси Муҳиба Бабабекова таъкидлаганидек, биринчи навбатда давлат ҳокимияти вакиллик органларининг барча даражаларига ташаббускор, ўзини амалда кўрсата олган ва энг асосийси, самарали иши билан халқ вакили номига сазовор бўлишнинг юқори масъулиятини ҳис эта оладиган депутатлар сайланган. Бугунги кунда партиядан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 3 нафар, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига 11 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида эса 79 нафар депутатлар сайланган. Уларнинг 46 нафари хотин-қизлар, 44 нафарини эркаклар ташкил этади.

Шунингдек, сайланган депутатларнинг соҳалар бўйича таҳлили олиб борилди. Унга кўра таълим соҳасида жами 34 нафар, шундан олий таълим соҳасида 1 та, мактабгача таълим соҳасида 5 та, ўрта махсус таълим соҳасида 6 та, халқ таълими соҳасида 22 нафар ходим, 10 нафар соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари, 11 нафари Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Самарқанд вилоят, туман ва шаҳар кенгаши ходимлари, маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари, 3 нафари хотин - қизлар қўмитаси раислари, 4 нафари қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари, 2 нафари банк, молия соҳаси ходимлари, 2 нафари тадбиркорлар, 2 нафари оммавий ахборот воситалари ходимлари, 22 нафари халқ хўжалигининг турли соҳа (туман, шаҳар ҳоким ўринбосарлари, оила илмий амалий тадқиқот маркази, касаба уюшмалари, нуроний, почта алоқа тармоқлари, фуқаролар ҳолатига далолатнома ёзиш органлари, тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари, Ёшлар иттифоқи, акциядорлик жамияти раислари, масъулияти чекланган жамият раҳбарлари, таъсисчилари, қизил ярим ой жамияти, партия ташкилоти ходимлари) вакилларидан иборат.

Йиғилиш давомида депутатларнинг фаолиятини янада фаол ва мазмунли бўлиши, ишлар самарадорлигини ошириш, партиявий лойиҳаларни амалда ижросини таъминлаш мақсадида соҳалар бўйича секторларга бўлиниб фаолият юритиш борасида ҳам чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Йиғилиш сўнгида иштирокчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда қонунлар ижроси юзасидан депутатлик ва жамоат назоратини ташкиллаштириш, партиянинг ва халқнинг ишончини оқлаш, халққа берган ваъдаларнинг устидан чиқиш, ҳар бир қабул қилинадиган қарорда, ҳар бир ишда адолат бўлиши учун курашишга келишиб олдилар.

“Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+