Янги қонун мухокамадан ўтказилди

06.02.2020 10:02:34

Давлатимиз олдида турган асосий вазифалардан бири бугунги кунда фуқароларнинг бандлиги масаласи ва уларга ҳар томонлама қулай бўлган муносиб меҳнат шаротини яратишдир. Шу маънода бугунги даврда ушбу муаммоларни ҳал этиш масаласига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳририни  амалиётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар бунга мисолдир.

Аҳамиятли томони шундаки, энди мазкур қонунда ходимлар меҳнати мухофазаси учун янги-янги имкониятлар эшиги очилади. Бу ўз навбатида демократик ёндашувчанлигимизни янада кучайтиради. Ушбу қонун 2019 йил 24 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган бўлиб, Сенат томонидан мақулланган. 2019 йил 6 декабрда эса Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланди ва кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. Айтиш жоизки, ушбу қонун эълон қилинган кундан 3 ой ўтиб, яъни жорий йилнинг март ойида расман кучга киради.

Шу муносабат билан хозирда кўплаб давлат ва жамоат ташкилотларида қонуннинг мазмун-моҳияти, бугунги замон учун долзарблилик аҳамияти тарғиб қилинмоқда.

Куни кеча Тошкент минтақавий темир йўл узели ҳамда “O’ZLITINEFTGAZ” АЖ (акциядорлик жамияти)да бўлиб ўтган тадбирда ҳам айнан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири муҳокама этилди. Тошкент шаҳар бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари, аъзолари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбир қизиқарли савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Уюшма томонидан йиғилганларга қонуннинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Қонуннинг 12-моддасида келтирилган Касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг фаолиятига аралашмаслик кафолати Мехнат кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунларимизда келтирилган моддаларга мувофиқдир. Шунингдек, касаба уюшмаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, мулк ҳуқуқи кафолатлари, уюшма органларига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилган ва этилмаган ходимлар учун кафолатлар, шунингдек, мехнатга оид қўшимча кафолатлар, иш берувчининг касаба уюшмалари фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратишга доир мажбуриятлари ва бошқа ҳуқуқлар мамлакатимизда ходимлар меҳнатини муҳофаза этиш бўйича демократик принципларга тўла риоя этадиган тизим яратилаётганлигидан далолат беради. “Биз фуқаролардан касаба уюшмаларига бирлашишда ва ундан ўз ҳуқуқий манфаатлари йўлида фойдаланишда ташаббускор бўлишга чақирамиз. Ҳар бир шахс хоҳ хусусий, хоҳ давлат ташкилоти ходими бўлсин, бу ҳуқуқдан тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқига эгадир ” – дейди “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нодира Каримова.

Йиғилиш иштирокчилари қонуннинг мазмун-моҳияти билан яқиндан танишар эканлар, ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича тадбир ташкилотчиларидан тегишлича жавоблар олишди.

Тадбир давомида Тошкент давлат аграр университети талабалари томонидан тайёрланган мавзуга доир видеоролик ҳамда саҳна кўринишлари тадбир қатнашчиларининг қонунни янада кенгроқ тушуниб олишларига хизмат қилди.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+