Янги таҳрирдаги “Шаҳарсозлик кодекси”да ҳам коррупция, таниш-билишчилик каби иллатларга сабаб бўлувчи нормалар мавжуд

25.05.2020 17:05:08

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзидаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида”ги қонуни лойиҳасининг иккинчи ўқишга тайёрланган матни депутатлар эътирозига сабаб бўлди.

  1. Шаҳарсозлик фаолиятида фуқаролар ва жамоатчиликнинг иштироки масаласи етарлича очиб берилмаган.

Оқибатда: аксарият ҳудудлардаги “қизил чизиқ” масаласи кўплаб муаммоларни келтириб чиқараётгани, ушбу атама доирасида олиб борилган ноқонуний ишлар кўплаб фуқароларнинг давлатга нисбатан ишончсизлик кайфиятини туғдиргани каби ҳолатлар кузатилиб турган айни кунларда, бу ҳолатнинг давом этишига туртки бўлади.

  1. Шаҳарсозлик фаолияти тўғрисидаги ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлиги масалалари ҳам етарли даражада берилмаган. Соҳага оид электрон маълумотлар базасини мавжуд эмаслиги, очиқ ахборот порталидан фойдаланиш ва маълумотларнинг шаффофлигини таъминлаш масалалари лойиҳада ечимини топмаган.

Оқибатда: соҳага коррупциянинг аралашувига йўл очиши мумкин.

  1. Шаҳарсозлик ҳужжатига киритилаётган ўзгартиришларни жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш масаласи, ёки  муҳокамадан ўтказиш зарурати бўлмаса хужжатларни кўриб чиқмаслик ҳолатлари очиб берилмаган.

Оқибатда: буюртмачи томонидан жамоатчилик манфаатига зид равишда турли объектларни қуришдан аввал жамоатчилик томонидан илгари сурилган фикрларни асослантирмаган ҳолда рад этиш имконини беради. Шу билан бирга жамоатчилик субъектларининг хуқуқлари чекланиши олиб келиши мумкин.

  1. Лойиҳада экспертизадан ўтказиш муддати кўрсатиб ўтилмаган.

Оқибатда: экспертиза жараёнини ихтиёрий муддатга ўтказиш учун шароит яратиб берилишига олиб келади. Натижада қурилиш муддати чўзилиши ва коррупциянинг келиб чиқиши замин яратилади.

  1. Аҳоли пунктининг бош режасини амалга ошириш муддати аниқ белгиланмаган.

Оқибатда: ривожланиш босқичларини амалга оширишда зиддиятларга олиб келади. Бу эса худуднинг ривожланиши, инвестицияларни жалб этиш, аҳолини иш билан таъминлашда турли муаммолар юзага келишига сабаб бўлади.

Депутатлар мавжуд камчиликлар бўйича “Адолат” СДП фракциянинг таклифлари қонун лойиҳасида ўз аксини топиши лозимлиги таъкидланди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+