Янгиер дехқон бозори рўпарасидаги тартибсизликларга қачон чек қўйилади?

15.10.2019 14:10:08

Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳри ҳақида сўз кетганда вилоят аҳолисининг кўз ўнгига биринчи галда ушбу ҳудудда ягона бўлган йўл ёқасидаги дехқон бозори келиши, шубҳасиз. Негаки, вилоят маркази -Гулистон шаҳридан сўнг иккинчи ўринда турувчи ушбу шаҳарга бозор-ўчар учун вилоят аҳолисининг деярли ярми ташриф буюради. Аммо афсуслар бўлсинки, шундай катта аҳамиятга эга бозор ҳудуди рўпарасидаги ҳолатни бартараф этиш ишлари мутасаддилар томонидан пайсалга солиб келинмоқда. 2018 йил бошларида дехқон бозорини қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилган бўлса-да, хозирги кунга келиб бу ишлар деярли тўхтаб қолган.

Дехқон бозорига кираверишда каттароқ майдон бор. Ушбу майдон бозор маъмуриятига қарашли бўлиб, бу ерни 1998 йилдан буён хайдовчилар тартибсизлик асосида машиналар тўхташ жойига айлантириб олишган. Бозорни қайтадан қуриш ишлари бошлаб юборилгандан буён бу ҳолат баттар авж олиб, сал қолса машиналар бозор ичкарисига кириб кетай дейди. Ачинарли жиҳати шундаки, савдо расталари, машиналар билан бирга харидорлар битта жойга тиқилиб қолишган. Юришга йўл йўқ. Тартибсиз машиналар жойлашуви орасида савдо расталари билан одамларнинг пиёда ҳаракатланиши жуда ноқулай ва хавфли. Пиёда юриб кетаётган кишининг рўпарасидан тўсатдан машиналар юриб келади. Бу қанчалик хавфли эканлигини нахот бу ишга масъул кимсалар унутиб қўйишган бўлса? Ахир ўша жойдан ногирон, кексалар ёки ёш болалар ҳам ўтиши мумкин-ку! Бозор рўпарасидаги торгина асфальтланган йўлдан эса машиналар қатнови узилмайди. Гарчи пиёдалар кесиб ўтиш жойи яқиндагина сариқ чизиқли белгилар ўрнатилган бўлса-да, светафор мосламаси бўлмаганлиги учун машиналар кўп ҳолларда пиёдага йўл бермайди.

Янгиерни обод шаҳарга айлантириш бўйича Президентимиз топшириғи берилган бўлса-да, бу ишларни жадаллик билан бартараф этиш ортга суриб келинмоқда. Айтиш керакки, бозор ҳудудидаги ушбу муаммо бугун ёки кечаги эмас, аллақачонлар ҳал этилиши лозим бўлган ишдир. Бой берилган шунча йиллар етмаганидек, юқоридан кўрсатма берилган вақтда ҳам мазкур муаммоларга эътиборсиз қараётганларга не дейиш мумкин?

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+