Янгиерлик депутатлар нималар билан машғул

23.06.2020 19:06:14

Халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи таркибини бугунги кунда тўрт нафар депутат ташкил қилади. Ўтган олти ой мобайнида депутатлар партия вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган бир қатор лойиҳа ва акцияларда фаол иштирок этиб келишмоқда.

Хусусан “Уйда қол ва томорқадан фойда ол!” мавзусидаги акцияда Янгиер шаҳридаги 10 га яқин маҳаллаларда тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Бунда депутатлар ўз ташаббуслари билан “Маърифат”, “Шодлик”, “Бинокор” маҳаллаларидаги 600 га яқин хонадонларда бўлиб, аҳолига томорқадан даромад олиш бўйича тавсиялар бериш билан биргаликда томорқасидан фойдаланишга имкони йўқ оилаларга кўмак ҳам берилди. Рағбатлантириш масаласини ҳам йўлга қўйиб, ўз ташаббуслари билан “Энг намунали маҳалла”, “Энг обод кўча”, “Энг обод томорқа” каби танловларни ҳам ташкил қилишди. Бугунги кунга қадар 50 га яқин томорқасини обод қилган хонадон эгалари депутатлик гуруҳи томонидан рағбатлантирилди. 

Масалан “Бинокор” маҳалласидаги ўрганишлар натижасида Боёвут, Чинор ва Зарафшон кўчаларидаги мавжуд 26 та хонадон томорқаси намуна сифатида шаҳар миқёсида эътироф этилишига эришилди. Бунда мазкур ҳудуддан сайланган депутат Тоҳир Самиев ўзининг журналистик фаолиятидан фойдаланди. Яъни Янгиер шаҳридаги шу каби намунали томорқа эгалари ва уларнинг томорқадан фойдаланишга оид ҳаётий тажрибалари Сирдарё вилоят телевидениесининг эфир соатлари орқали мунтазам равишда ёритилиб борилди.

Мазкур чиқишлар мобайнида “Шодлик” маҳалласи ҳудудидан сайланган депутат Ғанижон Раҳимжонов ҳам Меъморлар, Фазогирлар, Зиёлилар кўчаларидаги хонадонларда олиб борган тарғиботлари ва бунинг натижасида ер майдонларига экилган резавор ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан олаётган даромадлари ҳақида ёритилди. Шунингдек, “Маърифат” маҳалласи аҳолисининг ишончини қозониб депутатликка сайланган Ўткир Файзиев ҳудудидаги Юнусобод, Тинчлик, Тонг юлдузи кўчаларидаги хонадонларга бирма-бир кириб олиб борган тушунтириш ишлари натижаси ҳам обод бўлган 50 дан ортиқ томорқалар мисолида кўрсатиб берилди. 

Ушбу депутатлик гуруҳи аъзолари Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари билан ҳам ҳамкорликни яхши йўлга қўйган, десак муболаға бўлмайди. Ҳаётий мисолларда далиллайдиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 апрелдаги видеоселекторда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш борасида шу кунгача бир қатор амалий ишларни йўлга қўйишмоқда. Яъни мазкур маърузанинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш билан бир қаторда томорқасига экин экмаган фуқаролар ер солиғини оширилган ставкада тўлаши ҳақида томорқаси қаровсиз ётган фуқароларга  карантин вақтида бўш ўтирмай даромад олиш йўл-йўриқлари ҳам кўрсатиб берилмоқда. Амалий ишга ташаббус қўшаётган Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгашига 29-Сайқал округидан сайланган депутат Дилфуза Умерова ўзи раҳбарлик қилаётган Янгиер педагогика коллежи ҳовлисидаги ер майдонларида намунали равишда томорқа ташкил қилди. Коллежнинг  сув тўпланадиган ер майдони қисмига эса эрта баҳорда балиқ чавоқларини ташлатган эди. Ҳозирда тайёр бўлаётган балиқларни кўпайтириш учун Янгиер шаҳридаги томорқасида балиқ парваришлашга имкони бор хонадонларга туман Кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда тарқатиш режалаштирилган. Бу эса депутатларнинг ўзаро ҳамкорликда ишлаётганининг ифодаси.

Шунингдек Сардоба талафоти сабаб жабр кўрган аҳолига далда бўлиш мақсадида ҳам шаҳар Кенгашининг депутатлик гуруҳи аъзолари томонидан хайрли ва савобли ишлар қилинди. Офат содир бўлган кунда тезкорлик билан эвакуация қилинган аҳолининг бир қисми вақтинчалик Янгиер педагогика коллежи биносига жойлаштирилди. 500 нафар аҳолига етарли шароит яратиб беришда жонбозлик кўрсатган депутат Дилфуза Умерова дарҳол шаҳар Кенгаши депутатларини ҳам ёнига олди. Ғанижон Раҳимжонов, Ўткир Файзиевлар билан биргаликда сардобаликларга керакли бўлган буюмларни келтириб беришди. Мутасадди ташкилотларга қараб ўтирмай, икки маҳал иссиқ овқат ташкил қилишди. Токи вақтинча жойлаштирилган аҳоли ўз уйига қайтгунича адолатчи депутатлар уларнинг хизматида бўлди.

 Бунинг ифодасини “Адолатдан саховат ҳафталиги”, “Сардоба сари саховат карвони” лойиҳаларидаги депутатларнинг фаол иштирокида ҳам кўриш мумкин. Вақт-вақти билан Янгиер шаҳри “яшил” ва “қизил” ҳудуд сифатида белгиланяпти. Шу сабабли вилоят Кенгаши депутати Дилфуза Умерова ҳамда шаҳар Кенгаши депутатлари Тоҳир Самиев, Ғанижон Раҳимжонов, Ўткир Файзиев, Ориф Ғаффоровлар доимий равишда Янгиер шаҳридаги автошоҳбекатлар, озиқ-овқат дўконлари ва аҳоли тўпланаётган жойларга бориб карантин қоидаларига амал қилиниши устидан депутатлик назоратини ўрнатишган. Яъни, тузилган ишчи гуруҳи навбат билан ҳар куни шаҳар кўчалари ва жамоат жойларида фуқароларни карантин қоидаларига амал қилишга чорлайди ва дезинфекция тадбирларини ташкил қилишда  бевосита иштирок этади. Чунки сайловчиларининг саломатлигига бефарқ бўлмаслик ҳам депутатлар учун асосий вазифалардан биридир.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши матбуот котиби 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+