Янгиланаётган даврда – янгича фаоллик билан

24.02.2020 17:02:18

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят ташкилотлари томонидан сиёсий куч ташкил этилганлигининг 25 йиллиги олдидан “Эркинлик, адолатлилик ва бирдамлик учун” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Бугун ана шундай учрашув Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят ва Китоб туман Кенгаши томонидан туман маданият бўлими тадбиргоҳида “Инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият” мавзуида ташкил этилди.

Тадбирда маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар, хотин-қизлар ташкилотлари, Ёшлар Иттифоқи, маҳаллалар аъзолари, таълим, тиббиёт муассасалари ходимлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Кун тартибидаги масала юзасидан партиянинг вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Рўйиддин Раупов маъруза қилди.

— Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ўз фаолиятини 1996 йил сентябрь ойида бошлаган,-деди Рўйиддин Раупов.-Ўша йиллари партиямиз сафларида саноқли  аъзоларимиз бор эди. Фаолларимиз ўз вақтида партиямизнинг ўз олдига қўйган мақсад ва вазифаларини, келгусидаги ғояларини аҳолига кенг тушунтирдик. Партиямизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасидаги ислоҳотларга қўшаётган улуши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ҳурмат ила ёндашув зарурлигини кенг тарғиб этдик. Инсон ҳуқуқлари энг олий қадрият эканлиги ва жонажон юртимизда барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатига мос келадиган демократик тамойилларга  асосланган адолатли фуқаролик жамияти қуришда фаол иштирок этдик. Айниқса, барча жабҳада адолатни қарор топтириш, ошкораликни, аҳоли ўртасида ижтимоий адолатни таъминлаш борасидаги саъи ҳаракатларимиз ҳам сафларимиз сон ва сифат жиҳатидан ўсишини таъминлади. Партиямиз ташкил этилганлигининг 25 йиллиги нишонланаётган ҳозирги кунда вилоят партия ташкилотларимизга 36 мингдан ортиқ аъзо уюшган. 2019 йилда бўлиб ўтган сайловларда вилоят тарихида илк маротаба партиямиздан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига

3 нафар, халқ депутатлари вилоят Кенгашига эса 9 нафар депутатлар сайланди.

Тадбирда ҳуқуқшунос Дилрабо Чориева, Норсафар Норматов, партия вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Абдулазиз Абдиев, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Эркин Тўхтаевларнинг ҳам маърузалари тингланди.

— Инсон ҳуқуқларини таъминлашда ва ҳимоя қилишда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд –ҳуқуқ ислоҳотлари юксак инсонпарварлик руҳи билан ҳамоҳанглигини эътироф этиш жоиз,-деди ўз маърузасида Дилрабо Чориева.-“Адолат” СДП томонидан суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилишга жуда катта эътибор берилаётганлиги ва янги қонунлар яратишда ташаббускор бўлинаётгани эвазига қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг прокуратурадан судларга ўтказилиши, ўлим жазосининг бекор қилиниши, инсон ҳуқуқларини таъминлашда эришилган улкан ютуқларимиздан ҳисобланади.

Тадбирда мустақил Ўзбекистонимизнинг ижтимоий, сиёсий ҳаётида “Адолат” СДПнинг салмоғи ортиб бораётгани эътироф этилди. Чунки партия ўз Сайловолди дастурида таъкидлаганидек, юртимизда яшаётган фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришларига хизмат қиладиган ғояларни илгари суриб, аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий маданиятини шакллантириб, Ўзбекистонни ривожланган давлатлар даражасига кўтариш ишига халқимизни фаол даъват этиб келмоқда. Халқ эса партиямизни қўллаб-қувватламоқда.

Учрашувда фаоллар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳам сўзга чиқиб, партиянинг адолат йўлида олиб бораётган сермашаққат ишларида омад ёр бўлишини, “Адолат”нинг саодатли кунлари эса боқий бўлишини тиладилар.

Тадбирда бир гуруҳ фахрийлар ва фаоллар партиянинг Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Учрашувда “Адолат” СДПни мадҳ этувчи куй қўшиқлар янгради. Маданият ходимлари ва ёшлар томонидан тайёрлаб келинган “Адолат” СДП босиб ўтган шонли йўл лавҳаларини акс эттирувчи қизиқарли саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Партиянинг 25 йиллигига бағишлаб шу каби тадбирлар партиянинг Касби, Миришкор, Муборак, Яккабоғ, Шахрисабз, Чироқчи, Қамаши ва Қарши шаҳрида ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди.

Комил САХАТОВ,

“Адолат” СДП Қашқадарё вилояти

Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+