Яратувчанлик ва бунёдкорлик шиддати сусаймайди

20.05.2020 16:05:50

Ҳаётнинг шундай бир ҳақиқати бор: ҳар қандай яхшилик ва мукофотлар сабрдан сўнг келади. Бу ўзгармас қоида. Дунё курашаётган пандемия ҳам бутун бошли халқларнинг иродасини синамоқда. Айни дам қай миллатнинг жипслигию қай бир юртда аҳиллик нечоғли танқислиги ҳам кўзга кўринмоқда, билинмоқда.

Ўзбекистон халқи, миллати бу каби ташвишларда қўлни-қўлга бериб, бир-бирига ҳамдард, ҳамфикр бўлаётгани муаммолардан тезроқ халос бўлишимизда муҳим аҳамият касб этяпти. Айниқса, Сардоба сув омбори фалокатлари ҳар бир миллатдошимиз қалбини, дилини оғритди, десак муболаға эмас. Шу боис ҳар ким қўлидан келганча мазкур офатдан зарар кўрганларга ёрдам кўрсатди ва бу давом этмоқда. Шу ўринда таъкидлашимиз керакки, карантин давридан сўнг юртимизда тараққиёт шиддати аввалгидек бўлмаслиги, сусайиши юзасидан турли хавотирлар, фикрлар ҳам янграётгани сир эмас.

Шубҳасиз, пандемия нафақат Ўзбекистон, балки дунё мамлакатлари ривожига ўзининг салбий таъсирини аллақачон кўрсатди ва бу анчагача давом этади. Бироқ бу олдимизга қўйган аниқ ва залворли мақсадларимиздан чекинишга сабаб бўлмайди.

Зарафшон шаҳри мисолида олиб қарайдиган бўлсак, йил аввалида белгилаб олинган муҳим дастурлар, чора-тадбирлар бир зум бўлсада тўхтагани йўқ. Карантин даврида ҳам мазкур саъй-ҳаракатлар белгиланган тартиб асосида изчил амалга оширилиб келинди. Хусусан, ҳудуддаги «Жемчужина» кўли ёнида Туркия инновацион лойиҳаси асосида замонавий кемпинг уйлари қурилиши давом этмоқда. Лойиҳага асосан 29 гектар майдонда 400 га яқин бир ва икки қаватли коттежлар, 10 та етти қаватли уйлар, болалар учун спорт комплекси ва мактабгача таълим ташкилоти, замонавий савдо маркази, жомеъ масжиди ва автотураргоҳлар қуриш режалаштирилган. Ушбу қурилишларда энг замонавий ва сифатли қурилиш материалларидан фойдаланилади. Кўчалар равон, асфальтлаштирилган ва ёритиш чироқлари билан тўлиқ жиҳозланади. Ҳар бир уй иссиқ-совуқ сув, газ, электр ва бошқа коммуникация тармоқларига тўлиқ уланади. Уйларни қуриш муддати бир йилдан уч йилгача бўлиб, уй эгалари 15 йиллик имтиёзли ипотека кредитлари асосида ҳам тўловларни амалга оширишлари мумкин. Шунингдек, аксарият хонадонларни кам таъминланган ва ёш оилаларга имтиёзли нархларда тақдим этиш ҳам белгиланган.

         «Обод маҳалла» дастури ижроси ҳам шаҳримизда жадал давом этяпти. Шу асосда аҳоли сони жами 23,6 минг нафарни ташкил этувчи «Қурувчи», «Тинчлик» ва «Геолог» маҳаллаларида қурилиш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилиб, аҳоли учун янада қулай шарт-шароитлар яратилаётир. Мазкур маҳаллаларда йил якунига қадар жами 21 миллард сўмлик тўққизта лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбарининг эътибори билан шаҳарни 2020-2022 йилларда ривожлантириш дастури ҳам қабул қилинган бўлиб, шу асосда 2661 миллиард сўмлик инвестициялар жалб этилади. Бу борадаги ишларимиз ҳам сусайгани йўқ. Мазкур дастурга кўра келгуси йил якунига қадар 129 та хизмат кўрсатиш ва саноат корхонаси ишга туширилади ҳамда 1627 та иш ўрни, шундан аёллар учун 793 та янги иш ўринлари яратилади.

Йил бошидан бугунгача саноат йўналишида учта ва хизмат кўрсатиш соҳасида тўққизта корхона ишга туширилди. Шу даврнинг ўзида қарийб 300 нафар аҳоли иш ўринларига эга бўлди. Бу борада 2022 йил якунигача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳаларида умумий қиймати 3,8 триллион сўмлик жами 390 та чора-тадбир амалга оширилади. Шаҳардаги экологик муҳитни яхшилаш, аҳолининг, хусусан ёшларимизнинг спортга ва китобхонликка бўлган қизиқишини ошириш ҳамда фуқароларга муносиб шароит яратиш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан саналади. Шу мақсадда келгуси икки йил давомида 198,8 миллиард сўм маблағ жалб этиб, шаҳар бўйича жами 11 та спорт объектлари — битта БЎСМ, битта сузиш ҳавзаси, тўққизта сунъий қопламали футбол майдони ва 10 та кутубхона ташкил этилади.

Бандлик масаласи ҳамиша долзарб бўлиб келган. Шу боис бу йўналишдаги ишларимизни бир зум бўлсада тўхтатганимиз йўқ. Бандлик дастури асосида йил якунигача 1654 та иш ўрни ташкил этишни белгилаб олганмиз. Уларнинг 576 таси аёллар учун. Бугунга қадар олиб борган саъй-ҳаракатларимиз натижасида 500 та янги иш ўринлари ташкил этилди. Пировард мақсадимиз ҳудудда ишсизлик даражасини етти фоиздан олти фоизга тушириш саналади. Айни дам бу кўрсаткич 6,7 фоизни ташкил этмоқда. Хорижга ишга кетган фуқароларимизни ҳам ортга қайтариш ва уларни иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил бошидан буён 30 нафардан зиёд кишини юртга қайтариб, уларни оиласи бағрида эмин-эркин ишлаб, ҳаёт кечиришига имкон яратиб берилди. Йил якунигача яна 100 нафардан зиёд фуқароларимизни қайтариш ниятимиз бор.

Умуман олганда, жорий йил якунига қадар бир қатор ижобий натижалар кутилмоқда: умумий майдони икки гектар бўлган шаҳар маданият ва истироҳат боғи янгиланиб, бир қатор аттракционлар ўрнатилади, кўкаламзорлаштирилади ва замонавий кўнгилочар масканга айлантирилади. 324 та кўп қаватли уйлар, 20 га яқин ижтимоий объектлар ҳамда кўчаларга кузатув камералари ўрнатилади, 13 та маҳаллада ва ҳокимлик биносида назорат мониторлари ўрнатилади. Бу каби ижобий ўзгаришларда Ўзбекистон “Адолат” СДП сайланган депутатлари муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Халқимизнинг эртанги кунга орзу-умидлари, ишончи баланд. Бугунги синовлар бизни янада яқинлаштирган, бирлаштирган экан, қўлни-қўлга маҳкам бериб, биз албатта, олдимизга қўйган улкан мақсадлар сари янада якдиллик билан олға борамиз.

Анвар РАЖАБОВ,

халқ депутатлари Зарафшон

шаҳар Кенгаши депутати,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+