“Ёш адолатчи” полвонлар рағбатлантирилди

31.10.2019 16:10:06

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  Хоразм вилоят Кенгаши томонидан  вилоят бандликка кўмаклашиш бош бошқармасида  партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирга партия фаоллари, депутатлари, Янгибозор туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ўқувчи ва ўқитувчилари,  партия вилоят Кенгаши қошида ташкил этилган “Истеъдод” клуби аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда таъкидланганидек,  ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни  кенг тарғиб этиш, оммалаштириш Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг  устувор вазифаларидан бири, деб белгиланган, айниқса, партия Сиёсий Кенгашининг  Ўзбекистон Белбоғли кураш Федерацияси билан имзоланган меморандумига асосан, мазкур спорт турини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир давомида жорий йилнинг 8-11 август кунлари Тошкент вилояти  Олмалиқ шаҳрида спортнинг белбоғли кураш тури бўйича  2002-2004 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 3-ўринни эгаллаб,  бронза медалини қўлга киритган ёш полвонларнинг  эришган ютуқлари  тўғрисида сўз юритишди. 

Бекберган Раҳманов, Янгибозор туман БСЎМ тренери, Халқаро тоифадаги ҳакам, партия фаоли:

-Ҳамкорлигимизни яхши йўлга қўйганимиз боис, ёш адолатчи полвонлар доим партия  фаоллари   эътиборида. Ютуқларга эришамизми,  мусобоқаларга  йўл оламизми ҳеч қачон эътибордан четда қолдиришмайди. Мана бугун ҳам эришган ютуқларимиз билан табриклашди. Қувончимиз чексиз. Бу каби эътибор навбатдаги мусобоқаларда ғолибликни қўлга киритишимизда  куч-ғайрат бағишлайди.

Нусрат Юлдошев,  бронза медали совриндори:

-Доим партия фаолларининг иқтидорли ёшларга “Адолат белбоғи”ни тақдим қилаётганини кўриб ҳавасим келарди.  Бугун менинг ҳам ниятим амалга ошди. Ушбу совғага лойиқ деб топилдим.  Белбоғни белимга боғлашганда зиммамдаги масъулият икки ҳиссага ошди. Менга билдирилган ишончни албатта оқлайман.

Тадбир сўнгида ёш полвонларнинг  дил сўзлари-ю, “Истеъдод” клуби аъзоларининг шеърий чиқишлари иштирокчиларга кўтаринкилик бағишлади.

Ёш спортчиларга ва ёш ижодкорларга партиянинг ташаккурномаси, китоблар жамланмаси ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Партия томонидан ўтказилаётган бу каби тадбирлар ёшларнинг  иқтидорларини номоён қилиши билан бир қаторда, ёш полвонларнинг маҳоратини оширишга, янги иқтидорларни кашф этишга хизмат қилади.

 

                                                                                                Замира АБДУЛЛАЕВА,
                                                                                         Ўзбекистон “Адолат” СДП

                                                                    Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+