“Ёш депутатлар” мактаби

28.11.2019 16:11:11

2001 йилдан бери  фаолият кўрсатаётган "Юрт истиқболи" ижтимоий ахборот маркази (нодавлат нотижорат ташкилот)  вилоят ҳудудида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида ижтимоий фойдали лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, "Ўзбекистонда  одам савдосига қарши курашиш", "Аҳоли орасида ОИТС касаллиги ўсишининг олдини олиш", ёшлар учун "Ўз имкониятларингни ўзинг ярат", шунингдек, Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг давлат грантлари танловида "Йигитлар — соғлом ҳаёт учун", "Аёллар клуби" ва бошқа бир неча лойиҳалари билан қатнашиб, ғолиб бўлган ҳамда ушбу лойиҳаларни муваффақият билан ҳаётга татбиқ этган эди. Бундан ташқари, марказ  Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан 6 йилдан буён самарали ҳамкорлик олиб бормоқда. Ушбу ҳамкорлик асосида мамлакатимизда қабул қилинган "Минг йиллик ривожланиш мақсадлари" дастурига кўра вилоятимизга ташриф буюрган бир неча нафар Япон волонтёрлари (кўнгиллилари) марказ ходимлари билан биргаликда  ижтимоий, фойдали лойиҳалар асосида ибратли ва хайрли юмушларни бажаришган. Вилоятимиз ёшлари ўртасида 3 марта Япон маданияти кунлари ташкил этилди. Кейинги йилларда марказ волонтёрлари ёрдамида "Хавфсиз интернет", "Терроризм ва экстремизмга қарши кураш", "Кўнгиллиликни ривожлантириш каби ўқув семинарлари ҳам мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Марказ шунингдек, Канада давлатининг молиявий кўмагида, Канада "Маҳаллий ташаббуслар фонди (CFLI) дастури доирасида қўллаб- қувватланаётган "Ёш депутатлар мактаби" лойиҳаси доирасида бир қатор тадбирларни режалаштирган. Яқинда  Жиззах вилоятининг Зомин туманида жойлашган "Зомин" болалар оромгоҳида ушбу мактабнинг 6 кунлик ўқув семинари бўлиб ўтди. Семинарда 80 нафардан зиёд ёшлар иштирок этишди. Семинарга вилоятимизда фаолият кўрсатаётган сиёсий партиялар вилоят кенгашларининг ёшлар қанотлари фаоллари бўлган (шу жумладан Ўзбекистон “Адолат” СДП “ёш адолатчилар”и ҳам) талаба-ёшлар,  волонтёр-кўнгиллилар, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, Гулистон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси фаоллари таклиф этилди.

Семинарнинг очилиш маросимида сўз олган  вилоят "Юрт истиқболи" ижтимоий ахборот маркази раҳбари, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзод Муқаддас Маликова ҳамда "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят ҳудудий бўлими раҳбари Сарвар Султоновлар сайловолди жараёни давом этаётган айни пайтда ушбу лойиҳанинг аҳамияти ва  муҳимлиги хусусида тўхталдилар.

Шундан сўнг партияларнинг ёшлар қанотлари  раҳбарлари сайловларга тайёргарлик кўриш, ёшларнинг сайловларда иштироки, ўтказилаётган тадбирлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

4 та гуруҳга бўлинган иштирокчилар билан пойтахтдан ташриф буюрган Майя Мирзараҳимова, Жамила Сакимова, Гулнора Ҳожиниёзова, Соҳиба Ҳожихонова  каби тренерлар машғулотлар олиб бордилар. Машғулотларда "Замонавий депутат қандай бўлиши керак?", "Гендер тенглигига эришиш", "Гендер стреотиплари", "Гендер зўравонлиги нима?", "Меҳнат бозорида эркаклар ва аёллар", "Аёлларнинг сиёсатдаги иштироки" каби мавзуларда суҳбатлар, тақдимотлар ўтказилди. Шунингдек, машғулотлар оралиғида иштирокчиларни жамоавий ишлашга тайёрлаш, қизғин мунозарага чорлаш учун ақлий машқлар, қизиқарли ўйинлар ҳам ташкил этилди. Машғулотлар талаба-ёшларда катта қизиқиш уйғотди. Улар семинар кунлари сиёсий жараёнларга, жумладан, сайловларга бефарқ эмасликлари, сайловларда сайланадиган муносиб депутатлар халқимизнинг эртанги куни, келажаги учун хизмат қилишлари, бугунги кун депутати ўзида қандай хислатларни тарбиялаши зарурлиги, халқ вакили сифатида ўз овозига, ўрнига эга бўлиши, мавжуд муаммоларини кўтариб чиқиши, уларнинг маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар томонидан ижобий ҳал этилиши ҳақида  ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Ҳар кунги машғулотлардан сўнг гуруҳлар олган билим ва кўникмалари юзасидан тақдимот ўтказдилар.

— Сирдарёлик ёшларнинг  қизиқувчанликлари, атрофдаги сиёсий воқеаларга, жумладан, сайловларга эътиборли эканликлари, теран фикрли, ҳаётда ўз ўрни ва овозига эга бўлишга интилишларидан хурсанд бўлдим. Улар машғулотларда фаоллик кўрсатдилар. Ўйлайманки,  келгусида бу ёшлар орасидан ўз касбининг яхши мутаҳассислари, лидерлар, депутатлар етишиб чиқади  ҳамда улар эл-юрт келажагига хизмат қиладилар, — деди Майя Мирзараҳимова.

— Вилоят "Юрт истиболи" ижтимоий ахборот маркази томонидан ташкил этилган ушбу семинарда  малакали мутахассис-тренерлар томонидан ўтказилган "Замонавий депутат", "Гендер тушунчасини тушуниш" ва "Гендер тенглигига эришиш йўллари" каби мавзулардаги машғулотлар барча тенгдошларимизга манзур бўлди, — дейди Гулистон давлат университети санъатшунослик факультети талабаси Ўткир Мирзаев. — Айниқса, тадбирнинг бу йилги сайловлар арафасида ташкил этилганлиги биз каби ёш сайловчилар учун  катта маҳорат мактаби ўрнини ўтади. Машғулотларда мен ҳам долзарб  мавзулар бўйича ўз фикрларимни билдирдим. Вилоятимиз ёшлари учун ташкил этилаётган бу каби тадбирлар тенгдошларимизнинг интеллектуал салоҳиятини оширишда, ўзи танлаган касбни чуқур эгаллаши ҳамда ҳаётда ўз ўринларини топишларида мустаҳкам пойдевор бўлади.

 

Холида ПАРДАБОЕВА,

журналист

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+