"Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари" уйма-уй юриб ўрганилмоқда

09.11.2020 22:11:45

Давлатимиз раҳбари видеоселектор йиғилишида  аёллар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида "Ёшлар дафтари" ва "Аёллар дафтари"ни  тузиш  ҳамда бу дафтарларга маҳаллалардаги  ишга муҳтож хотин-қизлар, ёшларни  киритиш  бўйича топшириқ берганди. Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ҳам 4 та сектор ва 34 та МФЙ ходимларидан  иборат 189 нафар ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юриб, ёшлар ва аёллар билан суҳбатлашиб, уларнинг эҳтиёжи,  тадбиркорлик фаолиятига бўлган қизиқиши, малакаси, қайси касбга салоҳияти борлигини ўрганмоқда.
Туманда бугунги кунда 119692 нафар аҳоли  истиқомат қилади. Шундан 61625 нафарини аёллар, 25922 нафарини  ёшлар ташкил этади.

Шу кунга кадар тумандаги секторлар кесимида  жами 25 мингдан ортиқ ёшлар ва аёллар ўртасида сўровномалар ўтказилди. Улардан 15687 нафарини электрон базаси шакллантирилди. Сўровномалар ўтказиш жараёнида оилалардаги ижтимоий маънавий-муҳитни соғломлаштириш ва оилавий тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

  • 4 нафар фарзанднинг онасиман, – дейди  “Ҳайит” МФЙда истиқомат қилиб келаётган  Замира Меҳмонова. –   Тикувчилик ҳунаридан оз-моз хабарим бор, лекин зарур иш қуролларим бўлмаганлиги учун  ишсизман. Ишчи гуруҳ шароитим  билан танишиб,  “Аёллар дафтари”га  киритди.  Ҳозирда банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Ishga marhamat” Мономарказида тикувчилик курсида ўқимоқдаман.  Курсни тамомлагач, кредит асосида тикув машинаси олиш ниятим бор.  Ишчи гуруҳ бу борада ҳам менга кўмак беришларини билдиришди. Насиб бўлса, чеварчилик қилиб, маҳалламиз аёллари либосларини тиксам,  рўзғоримга  даромад олиб кираман.

Шоҳида МИРЗААҲМЕДОВА,

Халқ депутатлари  Фурқат туман Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+