Ёшлар – давлат тилимизнинг ҳимоячилари

15.10.2019 22:10:25

Шуни фахр билан айтишимиз мумкинки, жаҳон ҳамжамиятини тилимизга бўлган эътибори ва эътирофи тобора юксалиб бормоқда. Фестиваллар, тадбирларга борганимизда гўзал ва қадимий масканларда бўлганимизда хориждан келган кўплаб инвесторлар, тадбиркорлар, турли соҳа вакиллари ва сайёҳларнинг “Ассалому алайкум”, “Раҳмат”, “Хуш келибсиз!” деган сўзларни уларнинг тилидан эшитсак, қувониб кетамиз. Турли миллат вакиллари тилидан қанчалик кўп жаранг сочса, қалбимиз шунчалик шукуҳ ва ифтихорга тўлади.

Ўзбек тили расман давлат тили мақомини олганига 30 йил бўлди. Бу йиллар давомида ўзбек тилини такомиллаштириш ва амалда юритилиши ҳақидаги талаблар такомиллашди.  Зарур меъёрий-ҳуқуқий  ҳужжатлар қабул қилиниб, ижроси барча ташкилот-корхоналар, муассасаларда амалда татбиқ этилди.

Президентимизнинг жорий йил 4 октябрдаги  Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг  ўттиз йиллигини кенг нишонлаш  тўғрисида”ги  қарори эса нафақат  тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини янада мустаҳкамлашга, балки ҳар бир ўз тилини жондан севувчи  фуқаронинг  21 октябрь кунини  байрам сифатида кенг миқёсда нишонлашига хизмат қилади.

Айниқса, ёшларимиз учун бу  йилги байрамнинг аҳамияти каттадир. Гоҳида  уларнинг сўзлашув жараёнида ёки ёзма мулоқотида қўпол хатоликларни кузатилади. Тилга ҳурмат ва унинг шаклланишида ҳар бир жиҳатнинг аҳамияти бўлганидек,  ёшларимиз таъсири ҳам сезиларли. Айнан она тилимизнинг истиқболи ва ривожи бугунги ўсиб келаётган ёшларимизнинг саъй-ҳаракатлари, интилишлари  ва изланишлари билан янада равнақ топади.  Келгусида уларнинг аксарияти тилимизнинг ноёб жиҳатлари, унинг  тарихий илдизларини  чуқур ўрганадиган,  қўлланиш доирасини кенгайтириб, илмий асарлар яратадиган олимлар бўлиб камол топадилар. Шунинг учун ҳам қарорда халқаро ва республика конференциялари билан бирга умумтаълим мактаблари  ўқувчилари ўртасида ўзбек тили мавзусида иншолар танлови ўтказилиши белгиланганлиги бугунги кун талабининг ифодасидир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан ҳам партия электорати ўртасида тилга эътиборни янада кучайтириш ва байрамни кўтаринки кайфиятда нишонлаш мақсадида  тадбирлар режаси ишлаб чиқилган.  Унга асосан шаҳар, туманларда  “Ўзбек тили – миллатимиз кўзгуси”  мавзусида давра суҳбатлари бўлиб ўтади. Соҳага доир мутахассислар,  фан номзодлари томонидан она-тилимиз тарихи,  моҳияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилади. Ўқувчилар ўртасида ижтимоий тармоқларда, хабарномалар орқали ёзма мулоқотда оммавийлашиб бораётган турли хатоликларнинг салбий жиҳатлари муҳокама қилинади.

Ёшларимизнинг ҳар жиҳатдан тилимизга садоқати  ва ҳурмати она-тилимизнинг порлоқ келажагига хизмат қилади.

 Шерзод КАРИМОВ,

  Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+