Ёшлар ишга жойлашди

18.02.2021 15:02:50

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси асосида уюшмаган ёшларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида вилоятида партия фаоллари, депутатлар ҳамда қатор манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида иш ўринлари таклифи асосида кўпгина ёшлар иш жойларига эга бўлишди. Хусусан, Сурхондарё вилоятида  яшовчи ана шундай ёшлардан айримлари мазкур лойиҳа доирасида ишга жойлашмоқда.

Жумладан, Ангор туманида яшовчи Севара Бўронова мутахассислиги бўйича педагог. Туман Педагогика касб-ҳунар коллежини битирган. Аммо ўқишни битириб, ўз ихтисослиги бўйича ишга жойлаша олмай икки йил оворагарчиликда юрди. Кўпгина ташкилотларга мурожаатлар қилди, аммо натижаси бўлмаган эди. Шундан сўнг Севара Ангор туман Кенгаши “Адолат қабулхонаси” га мурожаат қилиб  ёрдам сўради. Партия фаоллари Севарани диққат билан тинглаб, оилавий аҳволини, келажак режаларини сўраб-суриштириб, муаммосига ечим топишди. Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси асосида фуқаро Севара Бўронова Ангор туман 5-сонли МТТ методист вазифасига ишга қабул қилинди.

Севара бугун жуда хурсанд. Ёшлар қалбига назар сола оладиган, уларни қўллаб-қувватлайдиган партиядан, унинг раҳбариятидан беҳад миннатдорлигини билдирмоқда.

Шунингдек, Жарқўрғон туманида яшовчи Ойбек Саломов ҳам партия раҳбариятидан миннатдор. Ойбек туғилиб ўсган оила  кам таъминланган оилалар қаторига киради. Икки йил муқаддам Педагогика  коллежини тамомлаган эди. Бироқ ҳеч қаердан иш топилмади. Шу боис  “Адолат” партияси Ангор туман Кенгаши вакилларига иш масаласида мурожаат қилди. Партия вакиллари Ойбекка ёрдам беришга ваъда қилишди. Тез орада туман Жарқўрғон бизнес ва енгил саноат техникуми кутубхоначи вазифасига ишга қабул қилинди.

Президентимиз "Халқимиз юртимизда рўй бераётган ўзгаришларни ўз ҳаётида эртага эмас,  узоқ келажакда эмас, айнан бугун сезиши керак" деганда, бандлик масаласини ҳам эътибордан  четда қолдирмаган эди. Чунки доимий иш билан машғул ёшнинг бекорчи нарсаларга сарфланадиган вақти бўлмайди,  севимли касб эгасининг эртанги кунидан кўнгли тўқ, руҳи эса баланд бўлиши,  табиий. Энг асосийси, у мақсад билан яшайди. 

Ҳақиқатан, янги ишга кирган ёшнинг қувончи бошқача бўлади. Унинг ҳаётга мустақил одимлари мустақил фаолият бошлашида кўринади. Лойиҳалар доирасида ўз ишини топган, ҳунарли бўлган, ўз касбининг мутахассиси сифатида фаолият бошлаган, турли соҳаларда кимларгадир нафи тегаётган ёшлар битта бўлса ҳам, мингта бўлса  ҳам жамият учун арзигулик муваффақият ҳисобланади.

Сардор ОЧИЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раиси, Ёшлар парлменти аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+