Ёшлар қалбига йўл

01.02.2021 16:02:33

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати Дониёр Юсупов иштирокида туманда жойлашган  4-умумтаълим мактабида “Биз келажак бунёдкоримиз” шиори остида Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси  ҳамда 19 январь куни давлатимиз раҳбарининг  маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида қилган маърузаларида белгиланган устувор вазифалар юзасидан тадбир ташкил этилди.

Тадбирда шунингдек, Республика Маънавият ва маърифат Маркази тарғиботчилар гуруҳи аъзоси,фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳамедова, “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашлари, “Ёшлар парламенти”, “Адолатнинг фаол адолатчи аёллар клуби” аъзолари,  4-умумтаълим мактаби педагог-ўқитувчилари, ўқувчи-ёшлар, тумандаги “Бойжигит”, “Маърифат”, “Фидокор” МФЙ фаолллари  ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда партия сайловолди дастури ҳамда Давлат дастури лойиҳасида  белгилаб берилган устувор вазифалардан келиб чиқиб, электорат ва аҳолининг кенг қатлами билан йўлга қўйилган  самарали механизмлар асосида изчил мулоқотларни ташкил этиш, сиёсий ўқувларда аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий савиясини ривожлантириш, таълим тизимидаги инновацион ёндашувлар ва ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирни  Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати Дониёр Юсупов кириш сўзи билан очди ва йиғилишнинг  асосий мақсадига тўхталиб ўтди.

-Депутатлар,  ҳокимият вакиллари, маҳаллий органлар ишчи-ходимлари, кенг жамоатчилик – барчамиз мазкур вазифаларни амалга оширишда, юртимиз ривожланиши, халқимиз фаравонлиги йўлида ҳиссамизни қўшишимиз, очиқ-ошкоралик даврда нуқсонларга муросасиз бўлишимиз талаб этилишини чуқур тушунмоғи лозим, деди ўз сўзида депутат Д.Юсупов. 

-Ҳақиқатда, бугун маънавият, тўғрироғи маънавиятимиз масаласида қайғуришнинг айни пайти, деб ўйлайман, – дейди профессор Жамила Шермуҳамедова. – Балки бироз кечиккандирмиз ҳам. Маънавият тарғиботи сира ҳам юзаки қарайдиган масала эмас. Айтиш жоизки, бугун дунёнинг кўплаб ривожланган мамлакатлари маънавий таназзулга учраб бормоқда. Албатта, бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор. Яъни бу демократик принципларни  нотўғри талқин қилиш, эркинликка ортиқча “эркинлик” бериш оқибатидир.  Инсон яшар экан, доим маълум бир тарбияга, насиҳатга эҳтиёж сезади ва ҳаётнинг маълум бир таъқиқланган чегараларини босиб ўтишга ҳаққимиз йўқ.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда жуда ўринли қилиб таъкидладилар: “Агар кимдир, маънавият масаласи – бу фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, хато қилади”.

Йиғилишда қайд этилганидек, ижтимоий-маънавий муҳитни илмий асосда таҳлил қилишни даврнинг ўзи талаб этмоқда. Жамиятимизда маънавий-маърифий ишлар шундай асосда йўлга қўйилмагани учун ҳам кутилган натижани бермаяпти.

-Биз бугун тарихнинг янги уйғониш фаслига пойдевор қўяётган эканмиз, бу улуғ вазифани маънавият асосларини, замонавий билимларни, илғор халқаро тажрибаларни талаб даражасида эгалламай туриб, амалга ошириб бўлмайди, – дейди 4-умумтаълим мактаби директори Махфуза Ғанихўжаева. – Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, Ўзбекистон ёшларининг биринчи форуми ҳамда Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида маънавият йўналишида белгилаб берган вазифалари бу ишга янада жиддий киришишни тақозо этади.

Тадбир якунида ўзаро фикр-мулохҳазалар алмашинди ҳамда  олдинда турган долзарб масалалар бўйича келгуси режалар белгилаб олиниб,  уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тузилди.

 

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+