Ёшлар қаноти – “Мустақиллик дарси”да

06.09.2019 15:09:08

Айни кунларда пойтахтимиздаги барча таълим даргоҳлари ўқувчилар билан тўла.  Ўқув йилининг илк соатлари “Мустақиллик дарслари” билан бошланди. Партиянинг “Ёшлик” талабалар шаҳарчаси Кенгаши ҳамда “Ёшлар қаноти” шаҳар Кенгаши Тошкент шаҳар архитектура-қурилиш институтининг академик лицейидаги тадбирда қатнашдилар.

Унда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши раиси ўринбосари Одил Омонов ҳамда ўқитувчи Бахриддин Сайдамовлар сўзга чиқди. Улар ўз нутқида педагоглар ва ёшларни мустақиллигимизнинг 28 йиллик шодиёнаси билан муборакбод этишди.

Дарҳақиқат, Ватан тинчлиги энг олий саодатдир. Юртимиз тинч, осойишта экан, кўнгилларимиз хотиржам. Халқимиз, айниқса, ёшларимиз ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етиш, дунёнинг турли мамлакатларида кечаётган ўзгариш ва воқеалар хусусида, уларнинг асл сабабларини тушунтириш ишларини олиб боришда катталардан алоҳида масъулият талаб этилади. Асрлар давомида халқимизнинг энг муҳим миллий фазилати, эзгу хислати бўлиб келган мустақилликни қадрлаш ва тарихни эъзозлаш – асосий бурчимиз эканлиги таъкидланди.

Айниқса, ёшларимизни дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизни билишга, бой меросларини ўрганишга, уларга муносиб ворислар бўлишга, бугунги тинч ва фаровон ҳаётимиз учун жон фидо қилган ота-боболаримиз руҳини шод этишга, тарихдан тўғри хулоса чиқаришга ўргатиш муҳимлиги баён қилинди. Ёшларимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларда шу юрт тинчлиги ва равнақи, тараққиёти учун масъуллик ҳиссини кучайтиришдаги аҳамияти беқиёс эканлиги батафсил тушунтирилди.

Шунингдек, тадбирда сўз олган ёшлар шу азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш барчамизнинг, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир, дея баралла айтишди.

Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Озодликни соғиниб, озодлик йўлида курашиб ўтган ота-боболаримизнинг машаққатли меҳнати, орзу-умидлари ва интилишлари рўёбга чиқди. Истиқлол Ватанимиз озодлиги ва мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун замин яратганини фахр ва ифтихор билан тилга олишди.

“Мустақиллик дарси” давомида лицей ўқувчилари томонидан Ватанни мадҳ этувчи, мустақиллигимизни тараннум этувчи шеърлар ижро этилди.    

Зулайҳо АХМАДЖОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+