Ёшлар сайловга тайёрми?

11.10.2019 14:10:11

Яқин кунларда бўлиб ўтадиган сайлов жараёнлари ҳар биримиздан сиёсий фаолликни, ташабускорликни талаб этади. Хусусан, бугунги замон ёшларининг олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳам ушбу жараёнларда фаол иштирок этиб, ўзининг саводхонлиги ва билимини оширишдан иборатдир. Шу мақсад йўлида партиянинг Шофиркон туман Кенгаши томонидан тумандаги “Шодлик” МФЙда истиқомат қилувчи ёшлар билан “Сайловда ёшларнинг ўрни” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда партия фаоллари, маҳалланинг уюшмаган ёшлари, депутатлар иштирок этишди.

Тадбир давомида сўзга чиққан депутатлар дастлаб Сайлов кодекси мазмун-моҳиятини тушунтириб ўтишди. Хусусан, илк овоз берувчиларнинг вазифалари, қандай иштирок этиши, овоз бериш жараёнларида овоз бериш тартиби юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини олиб боришди.

Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастури лойиҳаси бўйича ҳам фикрлар билдирилди. Дастурда ҳар бир соҳа ривожи учун қаратилган эътибор ва имкониятлар, мавжуд муаммоларнинг олди олиниши мақсадида киритилган таклифлар таъкидланди.

-Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман Кенгаши томонидан ташкил этиб келинаётган тадбирлар сиёсий ташаббусларимизни оширишда ёрдам беради. Айниқса, бугунги муҳим сиёсий жараёнларда мен сингари илк сайловчи ёшлар билан олиб борган тарғибот-ташвиқот ишлари сиёсий қарашларимиз баробарида билимларимизни ҳам оширди. Сайловда овоз бериш тартиби тўғрисидаги маълумотларга эга бўлдик, бизнинг олдимизга қўйилган муҳим вазифа эса сайловда фуқаролик позициямиздан келиб чиққан ҳолда фаол иштирок этишдир – дейди “Шодлик” МФЙда истиқомат қилувчи 19 ёшли Акбар Султонов.

Маълумот ўрнида қайд этадиган бўлсак, “Шодлик” МФЙда 700 нафар ёшлар истиқомат қилади. Партия томонидан улар билан мунтазам равишда ишлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тадбир давомида ҳам уларнинг сиёсий-ҳуқуқий таълим-тарбиясини ошириш муҳим аҳамият касб этди.  Дастур билан танишган илк сайловчилар ўзларининг фикрлари билан ўртоқлашишди, таълим тизимида яратилаётган имкониятларни янада кенгайтириш, қишлоқ жойларида спорт мактабларига бўлган эҳтиёж сабаб бу каби мактаблар сонини ошириш, шу йўл билан ёшларни спортга кенгроқ жалб этиш мумкинлигини билдиришди.

Ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларни мустаҳкамлаш, сайловда уларнинг фаоллигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган давра суҳбати фикр-мулоҳазаларга бой бўлди.

Зулфия АШУРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Шофиркон туман Кенгаши раиси   

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+