Ёшлар ва аёллар масаласи ислоҳотларнинг бош мезони бўлмоғи лозим

22.10.2020 14:10:20

Мамлакатимизда “Темир дафтар” жорий этилишининг моҳиятини ҳали ҳам англаб етмаганлар бор. Мухтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, янги ташкил этиладиган “Ёшлар ва Аёллар темир дафтари” биринчи жорий этилган “Темир дафтар”никидан ҳам оғирроқ бўлади. Сабаби мамлакатимизда бошланган камбағалликка қарши курашиш асосида ёшлар ва аёллар бандлиги, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, моддий ва маънавий кўмаклашиш ётибди. Айниқса, бу борада эхтиёжманд қатламни эътиборга олиб, зарур чоралар кўриш муҳим ва бирламчи вазифадир. Эндиликда бу тизимда маҳаллий ижро органларининг масъулияти икки карра ошгани ҳолда вазифаларни чин дилдан чуқур ҳис қилиб бажариши лозим. Юртбошимиз айтганларидек, бу ўринда ватанпарварлик ва она юртга садоқат билан хизмат қилинмас экан, кўзланган натижага эришилмаслиги аён. Зеро, таҳлил қилинса бу бўйича қилинадиган ишларнинг саноғи кўп. Чунки, жамият кундан кунга ўзгармоқда. Одамларнинг кайфияти ҳам шунга монанд бўлиб бораётир. Эртанги кунга бўлган ишонч инсонларда қачонки юқори бўлар экан, келажак ўз мевасини бериши шубҳасиз.

Атрофимизда биз билмайдиган ва танимайдиган қанчадан қанча “Аёллар ва Ёшлар темир дафтари”га кириши лозим бўлган инсонлар бор. Буларни аввало, жойлардаги маҳаллалар ўрганиб, маҳаллий ҳокимиятларга аниқ маълумотлар тақдим этиши, ишни шаффофлик билан олиб бориши зарур. Ўз навбатида маҳаллий ҳокимиятлар, масъул, идора ва ташкилотлар ҳам бу ишга жиддий ёндашиши, Ёшлар ва Аёллар дафтарига киритилганларни доимий назоратда ушлаб, уларга зарур шарт-шароитларни яратиб бериши лозим.

Мамлакатимизда ёшлар умумий аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ташкил этадиган бўлса бу ўта долзарб жараёндир. Шунингдек, эртамиз эгаларини дунёга келтириб, уларга ҳар томонлама ижобий ўрнак бўладиган аёллар масаласи ҳам муҳим вазифадир. Уларнинг соғлигини муҳофаза қилиш, турли тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, жамиятдаги ролини ошириш бугун давлатимиз эътибор қаратаётган энг асосий масалалардан бирига айланди. Бу борада сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонунлар ва қарорлар, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига қўшилиши ислоҳотлар негизида эртанги тараққиётимиз учун аниқ йўл белгилаб олинганлигини яққол намоён этади. Шу ўринда таъкидлаш керакки, ҳар биримиз оиламиз, маҳалламиз, юртимизнинг осойишталиги учун, барқарор тараққиёт учун фидойилик ва қалбда муҳаббат билан элпарварлик ҳиссини дилга жо қилишимиз лозимки, бу жиҳат биз кўзлаган ёруғ манзилларга элтиши тайин.

           

Ташпўлат МАТИБАЕВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар

Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+