Ёшлар ва хотин-қизларга кредитлар таъминотсиз ажратилади

26.10.2020 10:10:33

Сўнги вақтларда ёшлар ва аёлларга қаратилаётган эътибор тубдан ўзгарди. Ёшлар ва аёлларни қўллаб-қувватлаш учун давлат раҳбари ташаббуси билан барча имкониятлар яратиб берилмоқда. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ ёшлар ва аёлларга  2020 йил 15 ноябрдан бошлаб қўйидаги имкониятлар яратилди:

  • Белгиланган талаблар асосида ташкил этилган ўқув курсларини тамомлаган ҳар бир битирувчи (ёшлар, хотин-қизлар) учун касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш бўйича нодавлат таълим ташкилотларига сарфланган харажатларнинг 70 фоизи (ҳар бир битирувчига 1 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда) давлат томонидан компенсация қилиниши;
  • Тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, ёшлар ва хотин-қизларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги микрокредитлар таъминотсиз ажратилиши;
  • Микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг кафиллиги ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилиши белгилаб қўйилди.

Бунда микрокредитлар 3 йил муддатгача 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратилади.

“Микрокредитбанк” АТБ томонидан нодавлат таълим ташкилотларининг махсус сертификатини олган шахсларга кредитлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари кенг аҳоли қатламларини тадбиркорликка ўқитиш ва унга жалб қилиш лойиҳаларини амалга оширадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида танлов асосида 5 йил муддатга, жумладан, бир йиллик имтиёзли давр билан йиллик 4 фоиз ставкада, 25 миллион сўмдан ошмаган миқдорда қарз маблағлари ажратилади.

Бу – давлат томонидан ёшлар ва хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш, микромолиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ҳаракат.

 

Миршод ҚЎЛДОШЕВ,

 “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати

 Аёллар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини

ошириш бўлими етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+