Ёшлардан фаолликни даврнинг ўзи талаб қилмоқда

24.02.2021 22:02:43

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши йиғилишидаги нутқини ҳаяжон билан тингладим. Унда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш доимо давлат эътибори марказида бўлиши таъкидланди.

Маълумки, Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни қабул қилиниши таклифини илгари сурган эди. Бу галги чиқишида эса Ёшлар ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачилар институтини таъсис этиш таклифини билдирди. Бу орқали ёшлар масалалари юқори минбарларда доимий равишда муҳокама қилиб бориш имкониятлари яратилишидан дарак беряпти.

Дунёда инсон ҳуқуқлари тўлиқ таъминланиши учун ҳали кўп ишларни бажариш зарур. Буни давлатимиз раҳбарияти чуқур ҳис қилган ҳолда мазкур йўналишда фаоллик кўрсатмоқда. Мен Президентимизнинг нутқини тинглар эканман, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий стратегия шунчаки ҳужжат бўлиб қолмасдан реал ҳаракатлар режасига айланганлигини ҳис қилдим.  Ҳозирда Ўзбекистон халқаро майдонда ниҳоятда муҳим ва қизиқарли ташаббусларни илгари сурмоқда. Бу хусусан, Ёшлар ҳуқуқлари Конвенцияси билан ҳам боғлиқдир. Президентимиз ўз нутқида БМТ иқтисодий ва ижтимоий Кенгашининг 10 форумида унинг лойиҳасини тақдим этишга тайёрлигини айтди.   Бу хусусда бир қатор таклифлар билдирилди. Президентимиз айнан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 10 форумида БМТ шафелигида Бутунжаҳон ёшлар ҳуқуқларига бағишланган Халқаро конференцияни ўтказишни таклиф этиб, мамлакатимизда  ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги амалий ҳаракатлар айнан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача мўлжалланган барқарор ривожланишлар Дастурига мос тарзда ўз ҳаракатларини олиб бораётганлигини  таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, жаҳон миқёсида 2021 йил Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш,  яъни уларни мажбурий меҳнатга жалб этишни камайтириш йили сифатида эътироф этилаётганлиги, мамлакатимизда  шу йилда “Болалар омбудсмани тўғрисида”ги Қонунни қабул қилинаётганлиги ҳам  эътирофга лойиқдир.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур анжуманда биринчилардан бўлиб сўзга чиқиши, бу кейинги йилларда юртимизда инсон ҳуқуқлари ва шахсий дахлсизлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқларини сўзда эмас амалда таъминланиши, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилаётганлигининг амалий ифодаси ва бунинг жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши деб ўйлайман. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тарзда тус олганлигини, инсон ҳуқуқлари ва шахсий эркинликларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Мен ўйлайманки, бу саъй-ҳаракатларнинг барчаси, аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этаётган Ўзбекистон ёшлари учун яратилаётган катта имкониятларнинг амалий ифодаси сифатида таъриф беришимиз жоиз. Президентимизнинг  нафақат минтақамизнинг, балки бутун ер сайёрасидаги 2 миллиардга  яқин ёшлар ҳуқуқлари масаласида қайғураётганлиги жаҳон саҳнидаги юқори сиёсий лидерларининг ҳам  эътиборини тортмоқда.

Президентимизнинг юксак минбардан туриб сўзлаган нутқини Ўзбекистоннинг ёш фуқароси сифатида тинглаб туриб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари доимо давлатимиз раҳбарининг диққат-эътиборида эканлигини чуқур ҳис қилдим. Ва бу борада амалга оширилаётган ишлар давомли бўлиши шак-шубҳасиздир. Демак, маърузада илгари сурилган ғоя ва ташаббусларни рўёбга чиқаришда биз ёшлар янада фаол, ташаббускор бўлишимиз керак.

Бекзод Чориев,

Ёшлар парламенти аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+