Ёшларга эътибор бу келажакка эътибор

17.05.2020 19:05:10

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ёшлар масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” ташкил этилиши масаласи муҳокама этилди.

Бундан асосий мақсад ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятда ёшларни сиёсий фаол қатламга айлантириш ҳамда уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитишдан иборат.

Ёшлар парламенти ташкил этилиши ёшларнинг Олий Мажлис фаолияти билан яқиндан танишиш учун шарт-шароитлар яратади ҳамда уларнинг Сенат, Қонунчилик палатаси, Сенат кенгашлари ва қонунчилик муҳокамаси бўйича мажлисларида, фракциялар йиғилишларида иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратади.

“Ёшлар парламенти”га ташаббускор, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлган ёшларнинг бирлашишини таъминлади. Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини, сиёсий билимларини оширишга кўмаклашилади. Ёшларни Сенат, Қонунчилик палатаси, сенатор ва депутатлар фаолияти билан яқиндан таништириб борилади. Қабул қилинаётган қонун лойиҳалари муҳокамаларида ёшларнинг иштироки кенгайтирилади. Ёшларнинг Сенат ва Қонунчилик палата қўмиталари вакиллари билан мулоқотларини ташкил этилади. Айниқса ёшларга оид қонун лойиҳалари муҳокамаларида ёшлар вакилларининг иштирок этиши чоралари кўрилади.

Ёшлар парламентининг асосий вазифалари ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг долзарб муаммоларини ёшлар иштирокида муҳокама қилиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлашдан иборат бўлади.

Ёшлар вакиллари қонунчилик техникаси, қонун лойиҳаларини юридик-техник жиҳатдан расмийлаштириш қоидалари, ҳуқуқ ижодкорлиги масалалари бўйича жамоатчилик муҳокамаларни ташкил этади ҳамда ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий билимларини ошириш, уларда ватанпарварлик руҳини кучайтиришда вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилишдан иборат бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида ёшлар парламентини ташкил этилиши ёшларнинг қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини ошириш юзасидан янги ва устувор йўналишларни белгилашда ёшларнинг фаоллигини оширади. Ёшларга оид давлат сиёсати соҳасидаги халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатларда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, одам савдоси ва ноқонуний меҳнат миграциясига қарши курашишга қаратилган тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади. Шунингдек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, уларнинг интеллектуал, маънавий-ахлоқий, эстетик, бадиий дунёқарашини кенгайтиришга кўмаклашади.

 

Муҳаммад ВАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+