Ёшларга эътибор келажакка ишончли пойдевор демакдир

05.01.2021 15:01:47

Том маънода янгиланиб бораётган Ўзбекистон янги марралар сари қадам ташламоқда. Бу қадамларнинг қутлуғ бўлиши ҳар биримизнинг шу юрт тақдирига дахлдорлигимизни чуқур ҳис қилишимизга кўп томонлама боғлиқ.

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасини эшитар эканман, ҳам депутат, ҳам журналист сифатида юрт эртасига, мамлакат тараққиётига бевосита дахлдорлигим яна бир бор кўнглимдан ўтди.

Мени қувонтирган нарса шу бўлдики, 2021 йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилинди. Энди бир ўйлаб кўрайлик: ҳар бир ота-она ўз фарзандини ўқимишли, элу юртга нафи тегадиган инсон бўлиб улғайишини истайди. Бунинг учун эса фарзандларимиз соғлом ва бақувват бўлиши лозим. Президентимиз бу муҳим масалани давлат сиёсати даражасига кўтараётган экан, албатта, бунинг самараси яқин вақтда сезила бошлайди. Қолаверса, чорак асрдан ортиқ вақт давомида журналист фаолиятимнинг 20 йилдан ортиқ даври “YOSHLAR” телерадиоканалига тўғри келади.

Бевосита ёшлар ҳаёти, уларни қийнаётган муаммолар, келажак эгаларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш йўлидаги ишларимиз келгуси йилда янгича дунёқараш, янгича муносабат билан давом этиши шубҳасиз. Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттиришимиз лозим.

Бунда таълим тизимида тарбия устуворлигини таъминлаш, мактабларимизда болаларимиз учун билимли, фидойи, ўз касбини том маънода қадрлайдиган, энг муҳими, меҳнатига яраша рағбатлантириладиган педагоглар ишлаши учун шароит яратиш долзарб. Яна бир муҳим жиҳат, Президентимизнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ушбу йилда ҳам давом эттирилади.  

Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада 2021 йилда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашишни тизимли равишда давом эттириш муҳим вазифалигини алоҳида айтиб ўтди. Бу эса ҳар бир тиббиёт тизими ходимига, шифокорларга катта масъулият юклайди. Қолаверса, санитария-эпидемиология хизмати сифатини ошириш, унинг моддий-техник базасини яхшилаш ва замонавий лабораториялар ташкил этишга 200 миллион доллар йўналтирилиши ҳам бу борадаги ишлар самарадорлигини оширади.  

Шу йилдан бошлаб 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витамин, болалар учун паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул тарқатилади. Бу жараён билан 2021 йилда 11 миллион нафар, 2022 йилда 17 миллион нафар аҳоли қамраб олинади ва бу ишларга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Аёллар ва болаларни йод, темир, фолий кислотаси, витаминлар ва паразитларга қарши дорилар билан бепул таъминлаш орқали аҳоли ўртасида камқонлик 25 фоизга камайтирилади. Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга ҳам эътибор оширилади.

Мамлакатимиз раҳбарининг аҳоли саломатлигини таъминлашга бу қадар катта аҳамият бераётганининг сабаблари аён. Чунки халқи саломат мамлакатда тараққиёт бўлади, янгиланиш бўлади. Зотан, тараққиёт аҳоли саломатлиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Мурожаатномада ижро ҳокимияти, вазирлик-идоралар, ҳокимликларнинг аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ҳал этиш борасидаги масъулиятини кучайтириш, бу борада давлат бошқарувини такомиллаштириш, парламент, депутатлик назоратини ривожлантириш бўйича ҳам муҳим вазифалар белгиланди.

Президентимиз аҳолини ўйлантираётган муаммоларни қисқа вақтда ва тизимли ҳал этиш учун зарурат бўлса, вазирлар, ҳокимларни парламентга чақириб эшитиш, уларнинг олдига масалани қатъий қўйиш кераклигини таъкидлади. Парламент, депутатлар фаолиятини кучайтиришда, мутасаддиларнинг халқимиз олдидаги масъулиятини оширишда мана шу йўналишдаги ишлар катта аҳамият касб этади, биз, депутатлар қатъият кўрсатсак, муҳим амалий натижаларни беради, деб ўйлайман.

 

Дониёр ЮСУПОВ,

Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+