Юксак марралар сари яна бир қадам

25.09.2019 10:09:52

Маълумки, Марказий сайлов комиссияси томонидан 2019 йил 22 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови куни, деб белгиланди. Шунингдек, сайлов кампанияси 20 сентябрдан бошланди. Бу эса барчамизнинг фаолиятимга бўлган масъулият ҳиссини яна бир маротаба оширди. Айниқса, сайловни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурининг тасдиқланганлиги эса бўлажак сайловлар жараёнида фаолликни ошириш ҳамда ҳар бир сайловчи билан бўлиб ўтадиган мулоқотларни самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Бугунги сайловчи учун ҳар бир партия ходими ва номзоднинг ташаббуси жуда муҳим ҳисобланади. Бу эса жуда катта меҳнат ва интилишни талаб этади. Айниқса, сайловчининг сиёсий саводхонлигини ошириш, ҳуқуқий маданиятини ривожлантириш олдимизда турган муҳим вазифадир. Шунинг учун ҳам бу йил мамлакат парламенти ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловлар илк бор Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтишини инобатга олган ҳолда барчамиз етакчи ва бирлашган куч сифатида фаоллик кўрсатишимиз шарт.

Марказий Сайлов комиссиясининг матбуот хизмати хабарига кўра, сайловларда 20 миллиондан ортиқ сайловчи, шулардан икки миллиондан зиёди ёшлар илк бор овоз бериш ҳуқуқига эга экан. Бундай катта куч ва эътиборни жалб этиш ҳам осон эмас. Шунинг учун сайловолди тарғибот ва ташвиқотга алоҳида аҳамият қаратишимиз, халқ фикридан келиб чиққан ҳолда уларга ташаббус кўрсатишимиз вақти келди. Айниқса, сиёсий партиялар Қонунчилик палатасига бўлажак сайловларда 135  эмас, 150 сайлов округидан номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга экан, партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилувчи бу омил эътиборни ҳам кучайтиришда хизмат қилади.

Хулоса шуки, сайлов кампанияси фаоллик сари етаклайди, бу фаоллик  эса янги марралар сари қўйилаётган яна бир қадамнинг намунасидир.

 

Мақсуд ҲАМИДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят Кенгаши раиси

  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+