Юксак минбардан айтилган сўз

12.10.2020 19:10:20

Сентябрь ойи мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеаларга бой бўлди. Улардан бири, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жаҳондаги энг нуфузли халқаро ташкилот – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқи бўлди. Мана, бир неча ҳафтадирки, давлатимиз раҳбари БМТнинг юксак минбаридан билдирган фикрлари сиёсатчилар, экспертлар, журналистлар, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг диққат марказида турибди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилояти ташкилотларида ҳам нутқ катта қизиқиш билан ўқиб-ўрганилмоқда.  Партия вилоят Кенгаши куни кеча ўтказган онлайн-семинар ҳам шу масалага бағишланди. Тадбирда вилоят, шаҳар, туман кенгашларининг масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг депутатлари, “Ёшлар парламенти”нинг аъзолари, фаоллар иштирок этдилар.

Онлайн-семинарни “Адолат” СДП вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев қисқача кириш сўзи билан очди. У Президентимизнинг БМТ Бош ассамблеясидаги нутқи энг аввало, ўзбек тилида янграганлиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортганлигини айтди. Шунингдек, унда кўтарилган масалаларнинг кўлами ниҳоятда кенглиги барчада унутилмапс таассурот қолдирди. Энг аввало, юртимизда рўёбга чиқарилаётган демократик ўзгаришларга жаҳон афкор оммасининг эътибори қаратилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинганлиги, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тобора ошаётганлиги аниқ мисоллар билан кўрсатилди.

Партия вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари Баҳодир Болтабоев  давлатимиз раҳбари бугунги кунда бутун дунёни хавотирга солиб турган коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича ўринли мулоҳазалар билдирганлигини айтди. Ушбу манфур хасталик кунига сайёрамиздаги юз минглаб одамларни тўшакка михлаётган, яна минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритаётган шароитда давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ўта муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун БМТ шафелиги остида иш юритиш лозим. Ҳар томонлама чуқур всосланган ягона дастурларни яратиш ва уларни зудлик билан амалиётга жорий этиш тўғрисида ўйлаб кўриш керак. “Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс”ни ишлаб чиқиш ҳақидаги фикр ҳам ўз вақтида  билдирилган  жиддий таклиф сифатида қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” аъзоси Абдулбосит Собирхонов эса тенгдошлари ҳаётига оид глобал муаммолар  нутқда муносиб ўрин олганлигини баён этди. У Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил илгари дунё миқёсида  ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат - БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифини олға сурганини эслатди. У  қабул қилинса, Ер юзининг барча минтақаларида навқирон авлодга   муносабат ўзгаради. Ёшларга ҳамма ўзининг давомчилари сифатида қараш шаклланади.

“Адолат” СДП Учқўрғон туман кенгашининг раиси Нигора Болтабоева ўз сўзида Президентимиз нутқида Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантириш масаласи етакчи ўринлардан бирини эгаллаганлигини изҳор этди. 2021 йилда  ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида ўтказиши мўлжалланаётган  “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни бу борада муҳим қадам бўлади. Қўшни Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш масалалари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг доимий эътибор марказида бўлиши ҳам долзарб масала. Шунингдек, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш ҳақида махсус резолюция қабул қилиш ҳақидаги таклиф бу ердаги муаммоларни ҳал этиш  йўлидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга  кўмаклашади.

Семинарда  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқини янада кенг тарғиб қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

                                                                                      Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП   Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+