Юрт манфаатлари учун хизмат қилиш – олий ҳиммат

25.12.2019 15:12:03

Бугун мамлакатимизда олиб борилаётган кенг ислоҳотларни кўриб, шу юрт фуқароси сифатида кўнглим тоғдай ўсиб бораётганлигини ҳис қиламан. Ёшим улуғ бўлса-да, ёшариб бораётганлигимни дилдан туяман. Негаки, бу ҳар битта ижобий ўзгариш, янгиланишлар қалбимга қувонч бергани ҳолда жисм-у жонимни яйратади. Бу гапларни менга қанақадир унвон-у орденлар берилгани ёки юқори тоифаларда фаолият олиб бораётганим учун эмас, балки шу юртнинг бир фуқароси сифатида, Ватаннинг бир фарзанди сифатида айтаётирман.

Дарҳақиқат, эрталаб уйғониб атрофга боқсангиз, ҳаммаёқ янада жаннатмонанд касб этгандай гавдаланади нигоҳингизда. Ҳаво тоза ва сокин, осмон мусаффо, дарахтларда қушлар сайраган. Фарзанд-у набиралар эрта тонгдан ишга, ўқишга шошади. Лўнда қилиб айтганда, ҳаракат қилганнинг насибаси олчи! Юртимизда кўз тегмасин, барча неъматлар бисёр. Меҳнаткаш халқимизнинг дастурхонидан қишин-ёзин тўкинлик аримайди! Шу жиҳатларни кузата туриб, яратганга шукроналар келтираман. Ҳар бир ўтаётган кунимга ҳамдлар айтаман.

Сирдарё вилоят Болалар шифохонасида фаолият олиб бораётганимга  қарийб 40 йил тўлмоқда. 1981 йилда Ўрта Осиё педиатрия институтини тамомлаганимдан сўнг вилоят болалар шифохонасида иш бошлаганман. Ўтган давр мобайнида, барча жабҳаларда ижобий ишлар кўрилаётгани каби тиббиёт соҳасида ҳам ишлар жадаллашди. Энг сўнгги замонавий турдаги тиббий техник асбоблар билан шифохоналар етарлича таъминланмоқда. Шунингдек, шифохоналар моддий-техник базасининг имкониятлари ҳам ортиб бормоқда. Дунё рақобати билан тенглашоладиган тиббий ускуналар инсон организмининг ҳар қандай касалликларининг олдини олишда ва даволашда қўл келмоқда. Тиббиёт ходимларининг малакасини ошириб бориш ҳам сифат жиҳатидан ўсмоқда. Ўзим хизмат қилаётган шифохона мисолида ҳам буларнинг яққол исботини кузатиш мумкин. Хусусан, яқинда пульмонология, неврология, кардиология, эрта ёшли патология ва хаста чақалоқлар бўлими замонавий тиббий асбоб-анжомлар билан таъминланди. Бу билан шифохонамиз янада чирой очиб, етарли қулайликларга эга бўлди. Бу ерга ташриф буюраётган беморлар яратилган шарт-шароитлардан мамнун эканлигини ифодалашмоқда.

Шунча йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, касбимнинг машаққатлари билан бирга, завқли томонлари ҳам бисёр. Масалан, бемор ҳолатда келиб, эшикдан соғлом чиқиб кетаётган боланинг ҳолати биз каби шифокорлар ҳис қиладиган энг тотли завқдир. Бу завқ чекилган барча машаққатларни унуттириб юборади. Шу касб ичра эл орасида қадр топаётганимдан ғурурланиб кетаман.

Камтарона меҳнатларим давлатимиз томонидан эътироф этилиб, 2006 йил “Соғлом авлод учун” ва 2013 йил “Эл-юрт хурмати” орденлари билан тақдирландим. 2016 йил “Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги” ҳамда 2017 йил “Конституциямизнинг 25 йиллиги” кўкрак нишонлари каминага берилди. Бу мукофотлар ҳар биримизнинг ютуғимиз, мен билан ҳамнафас яқинларим, дўст-биродарларимнинг ҳам ютуғидир. Инсон ҳаёти давомида билганларини ўргатиб, билмаганларини ўрганиб боради. Шу хусусда хулоса чиқарадиган бўлсак, ўтган ва кейинги фаолиятларимда мен ҳам устоз ҳамкасблардан билмаганларимни тажриба қилиб ўрганиб, бор билимларимни шогирдларга ўргата бордим. Бу билан халқимиз, юртимиз манфаатлари учун хизмат қилишнинг олий ҳиммат эканлигини шараф қилиб кўксимга қададим.

Арипжон ҚУДРАТОВ,

Сирдарё вилоят болалар кўп тармоқли

шифохонаси шифокори,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+