Юрт посбонлари ҳузурида

14.01.2021 15:01:12

Мамлакатимизда Қуролли Кучлар ташкил топган сана Наманган вилоятида ҳам кенг миқёсда нишонланмоқда. Шаҳар ва туманларда ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги доирасида кўплаб тадбирлар амалга оширилди. Уларда партиямиз фаоллари ҳам иштирок этдилар. 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Янгиқўрғон туман кенгаши раиси Раҳимжон Тошматовнинг айтишича, олис Нанай қишлоғида ўтказилган ҳарбий-ватанпарварлик фестивали аҳолида, айниқса, ёшларда катта таассурот қолдирди. Марказий кўчада замонавий ҳарбий техника намойиши ташкил этилди. Нанайликлар аскарлар ихтиёридаги жанговар қурол-аслаҳалар билан билан ҳам яқиндан танишдилар. Ҳарбийлар “Қўл жанги” бўйича кўргазмали чиқишларини намойш этганда, чор атроф гулдурос қарсаклардан ларзага келди.

Поп туманининг  Ғурумсарой қишлоғидаги ҳарбий қисмга байрам арафасида “Адолат” СДП фаоллари ташриф буюришди. Улар ҳарбийларнинг хизмат ва турмуш шароитлари билан танишдилар. Ўз навбатида аскарлар мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган энг сўнгги воқеалардан хабардор бўлдилар.

Шундан сўнг кенг майдонда байрамга бағишланган тадбир ташкил этилди. “Ватан келажаги – ёшлар қўлида” шиори остида ўтказилган мулоқотда ҳарбий қисм вакили майор Миронқул Бекмирзаев, “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Ёрқиной Ҳожиматова, Поп туман партия кенгаши раиси Зафаржон Ҳасанов ва бошқалар тўпланганларни Ватан ҳимоячилари куни билан қизғин қутладилар. Халқ  ва армия бирлиги йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганлиги таъкидланди. Қуролли Кучларимиз юрт тинчлигини асраб-авайлаш учун барча имкониятларга эга эканлиги қайд этилди.

- “Адолат” СДП вакилларининг  қисмимизга ташрифи қуролдошларимизда унутилмас таассурот қолдирди,- дейди ҳарбий хизматчи Бобур Лутфиллаев. - Биз партиянинг ижтимоий ҳаётидаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганлигини билиб олдик. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар кайфиятимизни кўтарди. Бундай ажойиб учрашувлар бардавом бўлади, деб ўйлаймиз.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+