Юртимиздан алломалар етишиб чиқишига ишонч ортди

31.12.2019 15:12:43

 

Ҳаммамиз ҳам “алгебра” атамаси ал-Хоразмий фанга киритган “ал-жабр” тушунчасидан келиб чиққанлигини, умуман олганда ҳам, “алгоритм” атамаси ўзагида буюк бобомиз шарифи ётганлигини яхши биламиз. Бу ҳақиқатни бутун дунё эътироф этади ҳам. Бироқ ўз-ўзимизга савол бериб кўрайлик, бугун, айнан улуғ аждодимиз шарофати билан компьютер техникаси, инновацион технологиялар ривожланган бир шароитда юртимиздан янги Хоразмийлар, Синолар, Берунийлар, Фарғонийлар чиқмаяпти? Ваҳоланки, элда, Ватанда бундай фавқулодда истеъдодларга эҳтиёж жуда катта. 

Салоҳиятли инсонлар – эътибор ҳосиласидир. Истеъдодни тарбиялаш эса болаликдан, замон талабларига мутаносиб таълим муассасидан бошланади.  

Президентимизнинг 2017 йил 14 сентябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактаб шундай таълим маскани, соҳадаги илк қалдирғочлардан биридир.

Ўтган йили мамлакатимизда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ёш математиклар халқаро олимпиадаси муваффақиятли ўтказилди. Пойтахтимизда фойдаланишга топширилган ушбу билим масканини давлатимиз раҳбари келиб кўрди.

Мактабнинг 5-11 синфларига кўп сонли талабгррлар ичидан математика ва чет тили фанидан синовлар асосида қабул қилинган 680 нафар ўқувчи, шубҳасиз, яқин келажагимиздир. Яна бир эътиборли жиҳати, Президентимиз таъбири билан айтганда, “билимли, Ватанимизга муносиб фарзанд бўлиб етишадиган” ўқувчиларга Буюк Британия, Жанубий Корея ва Ҳиндистондан ўқитувчилар сабоқ беришмоқда.

Келажак – инновацион технологияларда, ғоясига оғишмай амал қиладиган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси бу жараёнда фаол иштирок этиб, юртимиздан янги-янги истеъдодли олимлар етишиб чиқишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади, албатта.  

Инсон капитали мамлакатнинг муҳим миллий бойлигидир. “Адолат” СДП мамлакат келажагини қандай ёшлар қўлида кўради? Замонавий фикрлайдиган, интеллектуал ривожланган, профессионал тайёргарликка эга, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик жамият қуриш йўлидаги мураккаб ва кенг кўламли вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган, юртимиз ва халқимиз манфаатларига садоқатли... Бу каби фазилатларни узоқ давом эттириш мумкин. Партия янги авлод кадрларини тайёрлаш масаласини принципиал ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга, деб билади.

Юртимиз аҳолисининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Табиийки, бугунги кунда ёшларга эътибор қаратиш – аввало, келажакка эътибор қаратишдир. Шу сабабли ҳам мамлакатимизда ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган қатор Қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. 

Аммо ёддан чиқармаслик лозимки, четдан келадиган ҳар қандай мафкуравий хуруж, жумладан “оммавий маданият” унсурлари ҳам энг аввало аҳолининг ҳали ғўр, ҳаётий тажрибаси кам қатламига, яъни ёшларга қаратилган бўлади. Айниқса компьютер технологиялари ривожланган, дунёни ўргимчак тўридек ўраб олган Интернет тармоғи тобора ривожланиб бораётган бир шароитда ёшлар онги ва қалбини эгаллаб олишга бўлган ёвуз ҳаракатлар кучайгандан кучайиб бормоқда.

Хатоларга бош сабаб жаҳолатдир. Шундан келиб чиқиб, “Адолат” СДП аҳолининг олий таълим билан қамраб олинишини кенгайтириш, қолаверса, таълим ва тарбия соҳасида узвийликни таъминлашни устувор вазифалар сирасига киритган.

Биз давлат ёшлар сиёсатини амалга оширишда давом этиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан қайта шакллантириш, ёшларнинг энг долзарб муаммоларини фаол ва самарали ечиш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш тарафдоримиз. Биз ёшлар ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, ёшларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарлари томонидан ёшлар билан очиқ ва доимий мулоқотни йўлга қўйиш бўйича чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаймиз.

Бугун давлат ва жамоат бошқарувига оид кўпгина муҳим масалаларни устоз-шогирд анъаналарига риоя қилган ҳолда замонавий ва креатив фикрловчи, ҳаракатчан ва ташаббускор ёш кадрларга ишониб топшириш керак. Зеро, улар юқори интеллектуал салоҳиятга эга, ҳақиқий ватанпарвар, ҳар қандай қийин вазиятда масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир инсон сифатида намоён бўлсин.

Биз ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиб, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаб, уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва унинг тақдирига дахлдорлик ҳисси, фидокорлик каби туйғуларни уйғотиб, турли мафкуравий таҳдидлардан чегаралаймиз.

Президентимизнинг “Ал-Хоразмий бобомизга дунё ҳозиргача қойил қолади. Бугунги технологиялар, дастурий маҳсулотларга у яратган алгоритм асос бўлган. Сиз бундан фахрланишингиз, буюк аждодимиздек қунт билан ўқиб, доим изланишингиз керак”, деган ўгити бу ўқувчилар учун дастуриламал бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Энди ўзингиз айтинг: кўзлари чақнаб турган шу ёшлар орасдан чиқмайдими юртимизнинг янги-янги даҳолари? Албатта чиқади. Биз, насиб қилса, шу кунларга гувоҳ бўламиз.

 

Акмал БУРХАНОВ

Олий Мажлис Қонунчилик

палатасидаги Ўзбекистон

“Адолат” СДПфракцияси аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+