Замонамиз қаҳрамонлари- шифокорларнинг бир гуруҳи  рағбатлантирилди

08.02.2021 12:02:13

Аввал хабар берганимиздек,  воҳамиз бўйлаб партия вилоят Кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган тадбирлар жараёнида  Ўзбекистон “Адолат” СДП  Сиёсий Кенгаши томонидан таъсис этилган “Партия ишларидаги алоҳида ҳизматлари учун” эсдалик нишонини  партиямиз фаолияти, ривожи, унинг эл орасида танилишига ўз ҳиссаларини қўшаётган жонкуяр фаоллари, депутатлари  ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакилларига  тантанали тақдим қилиш ишлари  ташкил этилмоқда.

Бугун Урганч шаҳар шифохонасида  партиянинг “Саломатлик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасидаги ана шу мақсадни ўз ичига олган “Ислоҳотларда партия вилоят Кенгашининг ўрни” мавзусида  ташкил этилган тадбирда тиббиёт муассасаси ходимлари, партия фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни партия вилоят Кенгаши раиси Тохир Палванов кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларда партиянинг ташаббускорлиги тўғрисида гапирди.

Шунингдек, тадбир  давомида  жонкуярлик билан аҳоли саломатлигини ўз зиммасига олиб кеча- кундуз тиним билмасдан бурч ва  вазифасини сидқидилдан адо этиб келаётган, айниқса,  пандемия даврида  ўз жонини хатарга қўйиб, юртдошларимиз соғлиги учун курашган  ва халқимиз назаридан муносиб ўрин олган бир гуруҳ шифокорлар  партиянинг эсдалик  нишони  билан тақдирландилар.

2020 йилда рўй берган оғир ва синовли кунларда мазкур тиббиёт муассасамиз  коронавирусга қарши вақтинча маҳсус  штаб вазифасини ўтади,– дейди ОАВларга берган интервьюсида  партиядошимиз Ахмаджон Султанов. –  Жамоамиз билан  коронавирусга чалиниб, соғлиги оғирлашиб келган беморларни  бор имконият ва тиббий маҳоратимизни  қўллаб, беморларни ҳаётга қайтаришни  уддасидан чиқдик. Бугун қувончимиз чексиз. Камтарона меҳнатимизни қадрлаб партиямиз томонидан эсдалик нишони ва ташаккурнома билан тақдирландим. Бу эътибор менга ва жамоамга янада масъулият юклади.

Ахмаджон Султанов тўғрисида гап бораркан, бу фидойи шифокорни таниган, билган касбдошлари, дўстлари, унинг ёрдамида дунёга қувонч кўзлари билан боқаётган инсонлар,  унинг ўша халқимиз учун оғир кунларда касбий қасамёдига, виждонига, севган касбига содиқ ҳолда ҳар бир беморни  нафақат тиббий муолажа, дори-дармонлар, балки Тиб илмининг отаси Ибн Сино айтганидек табассуми, нажотбахш сўзлари билан даволаганини, ҳар бир бемори билан дардни бирга ториб, бирга касалликни енггани, тузалиб чиқиб кетаётган беморлар орқасидан кўзларида шукроналик, мамнунлик ёшлари билан кузатиб қолганини айтади.

Мухтасар айтганда, партиямиз томонидан фидойи партиядошларимизга ва ҳамюртларимизга қаратилаётган  бундай эътибор, партиямизнинг  мақсад ва вазифаларини  ҳаётга самарали  тадбиқ этиши билан бир қаторда юртимиз келажаги учун хизмат қилиши шубҳасиздир.

                                                                                         Замира АБДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+