Замонавий педагогик технологиялар таълим сифатини оширади

14.11.2019 15:11:56

Мамлакатимизда соғлом ҳамда баркамол авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ўтган вақт ичида, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, Ватан истиқболи учун фидойи, масъулиятли, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратилди. Зотан, юрт келажаги, эртанги кунимиз, эркин ва фаровон ҳаётимиз авваламбор, янги авлод, униб-ўсиб келаётган фарзандларимиз қандай инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқдир.

Айтиш жоизки, болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг мустаҳкам асоси мавжуд. Жумладан, бу соҳага оид бир қанча халқаро Конвенциялар ратификация қилиниб, ўндан ортиқ қонунлар ишлаб чиқилган. Мамлакатимизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияси талаблари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқлари  кафолатларини  янада кучайтиришга  оид қўшимча  чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида назарда тутилган мақсад ва вазифалар ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бу соҳадаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка жорий қилиш ва қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ишлар давом эттириляпти.
Ўтган йиллар мобайнида  мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширилиши натижасида юртимизда сифат жиҳатдан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган  давлат шерикчилиги асосида хусусий боғчалар қад ростлади, мазмунан ва ташкилий жиҳатдан мутлақо янги шаклга ўтди. Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш кўламини ошириш, уларнинг қизиқиши, эркин мулоқот қила олиш қобилиятини ёшлигиданоқ шакллантириш, маънавиятини юксалтириш, таълимни тарбиядан ажратмаган ҳолда боланинг руҳий ва жисмоний шаклланишини  кўзда тутади. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари илгари сурган бешта муҳим ташаббус бўйича  мактабгача таълим тизимида ''Илк қадам" ўқув дастурига асосан, мусиқа, адабиёт, тасвирий санъат, театр ва бошқа турли йуналишларда қизиқарли таълим ва амалий машғулотлар  ташкилланган.  Китобхонликни кенг тарғиб этиш бўйича гуруҳларда "Тил ва нутқ" машғулотлари ўтказилади.

Уларга  намунали таълим-тарбия бериш, замонавий педагогик технологиялар асосида ўқитиш, чет тилларига қизиқишини юксалтириш  мақсадида   тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Хусусан,  ўзим раҳбарлик қилиб келаётган 44-мактабгача таълим муассасида  ҳам бу борада тизимли ишлар ташкиллаштирилган. Боғчадаги 11 та гуруҳда 300 нафар бола тарбияланади. Хореография, инглиз тили тўгараклари мунтазам ишлаб турибди.  Машғулотларга янги педагогик технологиялар асосида, интерфаол усулда ёндошилади. Шахмат-шашка, гимнастика  каби тўгараклар болаларнинг  жисмонан соғлом бўлиб вояга етишига хизмат қилмоқда. Муассасада болаларнинг саломатлигига ҳам катта эътибор қаратилган.  Икки нафар олий тоифали ҳамширалар уларнинг соғлигини назорат қилиб турадилар.

Тантаналарда боғча байрамона безатилиб, болаларга мўлжалланган куй-қўшиқлар садолари остида нишонланади. Кичкинтойларнинг бола тилидан шеърлари, рақслари, чет тилларда куйланган қўшиқлари тантаналарнинг файзли ўтишини таъминлайди. Айниқса, қўғирчоқ театри томошалари уларга хуш кайфият бағишлаб, тасаввурларини янада бойитади.

Азиз фарзандларимиз дунёвий билимлар билан  бирга юксак маънавиятимиз, миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимиз асосларини ҳам пухта эгаллашлари керак.  Демакки, инсонпарвар, адолатли, меҳр-оқибатли ва ахлоқан баркамол этиб тарбиялашга интилиб боришимиз барчанинг бирдек улуғ мақсадига айланмоғи лозим.

                     Дилором БЎРИБЕКОВА,

Фарғона шаҳридаги 44-сонли  мактабгача таълим  муассасаси мудири,

 Халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+