Занжирнинг ажралмас бўлагимиз

08.04.2020 18:04:17

Саломатлик – инсонга берилган энг буюк неъматлардан биридир. Шу боис ҳар бир инсон унинг қадрига етиши ва ўзини эҳтиёт қилиши лозим. Бугун кўп мамлакатлар, шу қатори Ўзбекистон ҳам бошидан кечираётган синовли кунлар барчамиздан якдилликни, ҳушёрликни, мамлакат олиб бораётган оқила сиёсатни тўғри тушунишни ҳамда атрофимиздагиларга тўғри тушунтира олишни тақозо этади. Айнан “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарорининг тезкорлик билан ўз вақтида қабул қилиниши ҳам мамлакатимиз аҳолисининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳамжиҳатликда инфекция тарқалишининг олдини олишга қаратилган тўғри фаолият ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадларига қаратилганлиги билан жуда аҳамиятлидир.

Қарор билан мустаҳкамланган барча тартиблар ва жорий этилган янги қоидалардан кўзланган мақсадларда энг аввало инсон ва унинг манфаати ётади. Бугунги вазият биздан ҳар доимгидан ҳам кўпроқ ватанпарвар бўлишимизни, ўзлигимизни чуқурроқ англашимизни, ҳар биримиз инсоният деб аталмиш занжирнинг ажралмас бир бўлаги эканлигимизни талаб этади. Ушбу занжирни эса ўзимиз англаган ҳолда, ҳар қандай одатланиб қолган машғулотларимиздан воз кечиб уза олишимиз эса одамларга қилган чин ёрдамимиз бўлади.

Ҳурматли ватандош, Сиздан илтимосим шуки, карантин кунлари ҳам барчамиз учун бир синовдир. Сиз учун балки саҳоват қилиш имконияти келгандир. Чунки атрофимизда пандемия даврида даромад олиш имконига эга бўлмаган, ишсиз, эҳтиёжманд, кўп фарзандли оилаларга, якка-ёлғиз қариялари ҳам бор. Халқнинг осойишталиги  бир тарафдан фуқароларимизнинг ўзига боғлиқ бўлса, бир тарафдан саҳоватли ватанпарвар инсонларга ҳам эҳтиёжимиз катта. Имконингиз бўлса, ҳайрия билан инсонларга ёрдам беринг ва уларни карантинда осойишталикда сақлашда ўз ҳиссангизни қўшинг. Зеро, сиздаги инсонийлик, ватанпарварлик, ҳотиржамлик ва шукроналик одамларимиздаги ҳаётга бўлган интилишни кучайтирса, бу ҳам енгилмас кучли бир иммунитетдир.

 

Шерзод КАРИМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+