Жаҳон чемпионати совриндорлари

06.11.2019 15:11:31

Бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДП давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ўз навбатида партия хайрихоҳларини кўпайтиришга, унинг ғоя ва дастурларини кенг тарғиб қилишга кўмаклашмоқда.  Республика белбоғли кураш федерацияси ана шундай ҳамкорлардан бири. Мазкур спорт тури билан шуғулланаётганлар орасида партиядошларимиз кўпчиликни ташкил этади. Бундай ҳолни Наманган вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Куни кеча ана шундай сафдошларимиздан бири – Нуриддин Ғозиев билан учрашиб қолдик. У – Наманган давлат университети ўқитувчиси, айни пайтда вилоят белбоғли кураш федерациясининг масъул котиби ҳамдир. Нуриддин бизга спортчиларимизнинг кейинги пайтда бир қатор мусобақаларда муваффақиятли қатнашганлигини мароқ билан сўзлаб берди.

– Ноябрь ойининг дастлабки ҳафтасида Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида белбоғли кураш бўйича навбатдаги ўн еттинчи чемпионати бўлиб ўтди, - дейди у. – Мазкур мусобақада мамлакатимиз вакиллари ҳам яхши натижалар кўрсатиб, умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллашди. Эришилган ютуққа ҳамюртларимиз – Тўрақўрғон туманидаги болалар-ўсмирлар спорт мактаби вакиллари ҳам муносиб ҳисса қўшдилар.

Хусусан, Дилафрўз Мамажонова 66 килограмм вазн тоифасида фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Яна уч вакилимиз эса бронза медалига сазовор бўлди. Булар Файзулло Мунисжонов (68 килограмм), Абдулла Тоҳиров (75 килограмм) ва Рустамжон Умаров (90 килограмм)дир. Уларни катта тантана билан кутиб олдик ва шарафлаш маросими ўтказдик. Тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Фарҳодбек АБДУЛЛАЕВ,    

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+