Жамоатчилик назорати: Ким ишсиз? Ишёқмас ишсиз!

30.10.2019 13:10:08

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши фаоллари томонидан йил бошида Бўз туманидаги Ғолиб  маҳалла фуқаролар йиғинида  яшовчи аҳолининг иш билан бандлик даражаси ўрганилганда 39 нафар фуқаронинг ишсизлиги аниқланганди. Ўтган вақт ичида бу масала жамоатчилик назорати тартибида бу масала партиядошлармиз эътиборида бўлди.

-Ўзаро кенгашиб, ҳудудимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига кириб бордик, -дейди МФЙ раиси Пўлатжон Абдупаттоев -Биринчи навбатда, 15 нафар ёшларнинг  бандлиги таъминланди, 18 нафар хотин-қиз  “устоз-шогирд” йўналишида касбга йўналтирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Ҳудудларда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори  ва “Ҳар бир оила-тадбиркор”  Давлат дастурининг қабул қилиниши бу борада қўл келди. “Агробанк”нинг Бўз туман бўлими мутахассислари хонадонма хонадон юриб, фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тушунча берди. Биринчи навбатда вақтинча ишсиз ва ижтимоий ҳимояга мухтож оилаларни молиявий қўллаб-қувватлаш кўзда тутилди.

Султоной Мусаева маҳаллада чевар номини олган. Ўзининг тикув машинасига эга бўлиш унинг орзуси эди. 20 миллион сўм кредит ҳисобига 3 та тикув машинаси сотиб олиб, ўз ишини бошлади. 4 нафар маҳалла қизларини ҳам ёнига олди.

Дастлабки шартнома минг дона этак тикиб бериш бўйича тузилди. Болалар кийимларини  тикиб, ички бозорда сотишни ҳам ўзлаштирдилар.

-Ўн иш кунида 3 миллион сўм даромад қилдик. Бу албатта, бошланиши. Хозир буюртмаларимиз кўп. Яқин кунларда алоҳида жой олиб, ўз фабрикамизни очамиз,-дейди С.Мусаева.

Фуқаро Ойбек Холдаров 30 миллион сўм кредит эвазига хонадонида 100 тонналик музлатгич қурди. Энди қиш мавсумида ҳам унинг иши тайин.  Мева ва сабзавот маҳсулотларини сақлаш ҳаракатида.

Яна бир оилавий тадбиркор Шарифахон Мадраҳимова иссиқхона қурди. Биринчи ҳосил-бодрингдан топилган даромад ҳисобига оила бюджети анча тикланди. Ҳозирда ошкўклар етиштирилмоқда. Тез кунда яна даромад.

-Аслида ким ишсиз? Ишёқмас ишсиз! -дейди партиядошимиз, маҳалла етакчиси  Пўлатжон Абдупаттоев бизни навбатдаги оилавий тадбиркорлар хонадонига бошлар экан - Озгина ҳаракат қилинса бўлди. Биз ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Қишлоқ жойда томорқанинг ўзи даромад майдони.

Маҳалла етакчисига ҳурматимиз ошди. Ҳар бир оила хақида аниқ маълумотга эга. Тадбиркорлик кириб бормаган хонадоннинг ўзи йўқ. Бу ғолибликлар бугуннинг нафаси билан яшаётганликларидан дарак.

                                                                           Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши матбуот котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+