Жамоатчилик палатаси: халқ манфаати учун хизмат қилади

25.07.2020 14:07:40

Ўзбекистонда амалга оширилаётган сиёсат очиқ-ошкора ва шаффофликка асосланган янги босқичдаги ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугун жамоатчилик назоратининг ҳам таъсир доираси сезиларли равишда ортди.

Жумладан, халқ манфаатларини кўзлаб қабул қилинаётган ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар энг аввало, умумхалқ муҳокамасига ҳавола этилаётгани,  жамоатчилик экспертизасидан ўтказилаётгани, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда давлат органлари ва уларнинг раҳабар-мутасаддилари ишига аҳоли томонидан билдирилаётган танқидий муносабатлар натижасида кўплаб камчилик ва муаммолар, қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйилмоқда.

Қолаверса,  бугунги кунда аҳоли мурожаатлари, шикоятлари билан ишлаш бўйича аниқ ва самарали тизим яратилган. Буни ўтган қисқа давр ичида йиллар давомида ечими бору ҳал этилмай келган муаммолар бартараф этилаётгани ҳам исботлайди. Одамлар бугун ҳақ-ҳуқуқларини тўла талаб қилишмоқда. Ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмаяпти, улар ўз ечимини топмоқда. Бу эса халқнинг давлат сиёсатига ишончини мустаҳкамламоқда.

Бироқ, сайловчилар билан учрашувларда   жойларда аҳоли ташаббуси, таклифларини қўллаб-қувватловчи, уларни керакли органларга етказувчи давлат органлари билан фуқароларни бир-бирига боғловчи ришталар етарли эмаслиги маълум бўлмоқда.  

Давлатимиз раҳбарининг жорй йил 16  апрелдаги “Ўзбекстон  Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ана шундай муаммоларни бартараф қилишга, қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари юксак қадрият сифатида тан олинадиган Янги Ўзбекистонни яратиш борасидаги ислоҳотларга қанот бўлди,  десак муболаға бўлмайди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатнинг қабул қилиниши   мамлакатимизнинг янада барқарор тараққий этишига хизмат қилади.

Президентимиз 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида “Жамият – ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғояни олға сурди. Ушбу ғояни ҳаётга тадбиқ этиш учун эса 4 та муҳим вазифани бажариш талаб этиларди. Хусусан, аҳолининг жамоат ва давлат ишларини бошқаришдаги иштироки кўламини кенгайтириш, БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, фуқаролар, жамият ва давлатнинг ўзаро яқин ижтимоий ҳамкорлигини ўрнатиш, давлат органлари ва муассасалари фаолияти устидан кучли ва самарали жамоатчилик назоратини кучайтириш шулар жумласидандир.

Ана шу мақсадларга самарали ва ишончли эришиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Жамоатчилик палаталари ташкил этилмоқда.

Аввало, Президентимизнинг мазкур фармони мазмун-моҳиятини терангроқ мушоҳада қилсак, унинг таг-замирида “Янги Ўзбекистонни буюк ва меҳнатсевар халқимиз билан биргаликда барпо этамиз” тамойили мужассамлигини англаймиз. “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий тамойилни ҳаётга тадбиқ этилаётганига яна бир бор амин бўламиз.

Аввало, Жамоатчилик палаталари у қандай тузилма эканлигига, фаолият йўналишлари нималардан иборатлиги, зиммасига қандай вазифалар юклатилаётганига эътибор қаратсак, униннг нақадар муҳимлиги ойдинлашади. Хусусан, Жамоатчилик палатаси иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан мустақил институт. У давлат ва фуқаролик жамияти ўртасидаги конструктив мулоқот ўрнатувчи ташкилотдир. Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятини кучайтиришга, уларга услубий ва бошқа амалий ёрдам кўрсатади. Шу билан бир қаторда, жамоатчилик палатаси норма ижодкорлиги ва норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини жамоатчилик экспертизасидан ўтказиш билан ҳам шуғулланиши мумкин. Бундан ташқари, жамоатчилик палатаси аъзолари давлат органининг очиқ ҳайат мажлисида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида иштирок этишга ҳақли ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, Жамоатчилик палаталари доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органлари бўлиб, уларнинг олдида давлат ва жамият институтлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш, давлат органлари иши устидан назоратни кучайтириш, “халқ дипломатияси”ни ривожлантириш вазифаси туради.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Жамоатчилик палатаси ваколатлари такрорланмаслиги учун Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича марказ тугатилади. “Mening fikrim” веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилади.

Жамоатчилик палатаси вазифаларидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, у жиддий ва масъулиятли ташкилотдир. Хусусан, у фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузалар тайёрлайди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар беради. Мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади. Давлат органларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш бериш талабини юбориш ҳуқуқига эга.

Жамоатчилик палатаси ҳар бир давлат органидаги, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ҳузуридаги жамоатчилик назорати бўйича кенгашлар фаолиятини кучайтириш, услубий ва бошқа ёрдам кўрсатиш, шунингдек, ижтимоий шериклик институтини янада такомиллаштириш билан шуғулланади.

Бунда шундай тартиб белгиланмоқдаки, Жамоатчилик палатаси ва минтақавий жамоат палаталари жамоат кенгашлари таркибини белгилашда иштирок этади, давлат ҳокимияти органлари эса ўзларининг фаолиятини улар билан яқин ҳамкорликда, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг мустақиллиги ва уларнинг фаолиятига аралашмаслик тамойилларига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

Шу ўринда, Жамоатчилик палатаси нега айнан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида тузиляпти, деган савол туғилиши табиий.

Аввало, айтиш жоизки, Жамоатчилик палатаси демократик жамиятнинг муҳим институти ҳисобланади. У аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан таклифларни давлат ҳокимияти органлари ва мутасадди ташкилотларга етказиш учун ахборот майдони бўлиб хизмат қилади. Ушбу маълумотлар жамият учун муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, мазкур институт давлат ва жамиятнинг ноёб уйғунлашувини намоён этади.

Бу эса, ўз навбатида, фуқаролик институтларини давлат ҳокимият органларининг қарорларига таъсир этиш имкониятини кенгайтиради ва ижро ҳокимияти учун мазкур ташкилотлар жиддий ва тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида намоён бўлади.  Натижада давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан қонун ҳужжатларининг тўлиқ ва мукаммал бажарилишига замин яратилиб, жамоатчилик ташкилотлари томонидан илгари сурилган аҳоли учун муҳим аҳамият касб этувчи ташаббуслар эътибордан четда қолиб кетмайди.

Шу нуқтаи назарлардан таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур тузилманинг айнан Президент ҳузурида ташкил этилаётганининг бош сабаби – Жамоатчилик палатаси фаолиятига давлат органлари томонидан бўлиши мумкин бўлган тўсиқларни бартараф этишга қаратилганидир. Шунингдек, палата олдига қўйилган кенг қамровли масалаларнинг самарали ва ишончли амалга оширилишини таъминлашга хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, Жамоатчилик палатаси мамлакатимиздаги 10 мингдан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари манфаатларини ифода этиб, давлат билан фуқаролик жамияти ўртасида кўприк вазифасини бажаради. Йирик фуқаролик жамияти институтларини бир мақсад йўлида бирлаштириб, ННТларнинг чинакам жамоатчилик назорати субъектларига айланиши учун кўмаклашади. Зеро, Жамоатчилик палатаси ташкил этилаётгани инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари юксак қадрият сифатида тан олинадиган Янги Ўзбекистонни яратиш борасида мисли кўрилмаган ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Собир ТУРСУНОВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+