Жамоатчилик палатаси қандай бўлиши керак?

27.07.2020 22:07:07

Жамият ҳар соҳада ривожланиши, тараққий этиши учун унга  мустақил фикрига эга, атрофидаги воқеъликларга ҳамиша ўз муносабатини тақдим эта оладиган ва ўз-ўзини идора этадиган кишилар гуруҳи зарурдир. Зеро, дунё тажрибасида ҳам бу жиҳат ўз исботини топганини ривожланган бир неча давлатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Ўзбекистон ҳам бугунги кунда ана шундай жамиятга интилаётган мамлакатдир. Буни олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятидан ҳам чуқур англаш мумкин.

Жорий йилнинг 16 апрелида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисидаги қарор ҳам айни шу ислоҳотларнинг бир кўриниши десак, муболаға бўлмас.  «Жамият – ислоҳотлар ташаббускори» дея келтирилган қарор мазмунидаги янги ғоя асосида иш олиб бориш, ўйлайманки, демократик эркинликларга янада кенг йўл очишни таъминлайди. Бугунги жамият ва инсонлар йилдан йилга атрофида рўй бераётган ҳодисаларнинг баҳоловчиси бўлиб бораётганлигини инкор эта олмаймиз. Бу жиҳат айниқса, оҳирги йилларда оммавий ахборот воситалари ҳамда блогерларнинг фаолиятида яққол кўзга ташланмоқда. Очиқлик ва ошкоралик орқали жамиятда  қалқиб турган кўплаб муаммоларга ечим топилаётгани ҳам сир эмас. Бу борада кўпроқ блогер номи билан фаолият олиб бораётганларнинг кўпаяётгани, яъни жамиятдаги ҳар бир муаммога ўз муносабатини айтиб, кези келганда ечим ҳам кўрсатиб бераётган шахсларнинг кенг оммага таъсир этиб, фикр уйғоқлигини таъминлашга хизмат этаётганлиги қувонарли ҳол, албатта.

Боз устига, Президент томонидан Жамоатчилик палатаси тўғрисидаги мазкур қарорнинг имзоланиши жамоатчиликни янада фаоллаштириши табиий. 50 кишидан иборат бўладиган таркибда фаолият кўрсатадиганларнинг асосий қисми нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат бўлиши кераклиги ушбу қарорнинг аҳамиятли томонини кўрсатмоқда. Чунки, ушбу вакилларнинг эркин фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги роли беқиёс. Қолаверса, жамоатчилик палаталари томонидан ўрганилган муаммолар Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш сессияларида кўриб чиқилишининг белгиланиши тизимга кўплаб ижобий ўзгаришларни олиб кириши, шубхасиз. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қарор лойиҳаси, ушбу қарорнинг қабул қилинишида бевосита иштирок этиш имконияти ўз-ўзидан халқнинг давлат ҳокимиятига ишончи ортишига хизмат қилади. Ишонч юзага келган жойда эса ҳамжиҳатлик туфайли барча муаммо ва масалалар осонлик билан ечим топади.

Мени ўзига тортган томонларидан яна бири қарорнинг Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқини  бераётганлигидир. Бу сўров орқали палата давлат ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият ва идоралардан ўн кундан кечиктирилмаган ҳолда муаммоли масалаларга жавоб олиш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Албатта, бу  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларининг ваколатларига ўхшаб кетади. Бу бежизга эмас. Жамоатчилик палатасига берилган мазкур ваколат Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар ишининг халқчиллигини янада ошириши учун ҳам зарурдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг «Менинг фикрим» веб-порталини палата тасарруфига ўтказилиши эса тузилма ва халқ ўртасидаги кўприкни мустаҳкамлаши аниқ.

 

Обиджон ЛАТИПОВ,

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+