Жаннатдан келган аёл

06.10.2019 09:10:01

Кечагидек эсимда: 5 ёшда эдим, бир куни ҳовлимизни тумонат одам босди, меҳмонларнинг бири келиб, бир кетар, уларнинг кети узилмасди. Қариндошларнинг кўпчилиги бола етаклаб келган, ҳовлимиз бамисоли боғчага айланган эди. Оилада ёлғиз фарзандман, куним фақат бувим билан ўтади, эрталабдан кечгача аллақандай дуолар ўқиш билан банд бувимга шерикликда зерикиб кетардим. Ўша куни менга ўртоқлар топилганидан танамга сиғмадим. Болалар билан мазза қилиб ўйнадик. Фақат ўйин қизиб турган пайтда аввал аммам, кейин ҳоламнинг “Юр, ичкарига кир, ойинг чақиряпти” деганлари кайфиятни бузди. Уларга “Йўқ”, деб жавоб бериб, яна болаларга қўшилиб сакрашда давом этдим. Оҳири дадам ўйинимизни бузиб, мени даст кўтардилар-да, югургудек бўлиб уйга отилдилар.

- Кел, қизалоғим, сенда гапим бор – дедилар тўшакда ётган онам.

- Нима? Тезроқ айтинг, ҳозир менинг галим ўтиб кетади – дераза оша болаларга қараб қўйдим.

- Қизим, мен кетяпман...

- Биламан, дўхтирга! – нуқул ойим дўхтирда бўлар, уч-тўрт кун уйда турардилар-у, яна шифохонага ётардилар.

- Йўқ, жаннатга...

- Жаннат? У ерда нима қиласиз?

- Сенга бошқа ойи жўнатвораман. Унинг айтганини қилиб юргин, хўп?

  Шу пайт болалар дераза тагига келиб мени чақириб қолишди. Уларга қараб, ҳозир чиқишимни айтган ҳам эдим-ки, хонада қий-чув кўтарилди. Ҳамма уввос солиб йиғлар, онам кўзларини юмиб ётардилар. Ухлаб қолдилар деб ўйлаб, ҳоламнинг олдига бордим.

- Энди ўйнагани чиқсам майлими?

- Борақол, жигарим, борақол! – ҳолам мени бағриларига маҳкам босиб, бир нималар дея йиғладилар. Сўнг қўйиб юбордилар.

  Ўшанда онамдан етим қолганимни бола қалбим тушунмаган экан. Уч-тўрт кун уйимиздан одам аримагани, менга ўртоқлар топилганидан хурсанд бўлибман. Одамлар тарқагач, отам иккимиз қолдик. Катта бўлганимда айтиб беришди: ўлим тўшагида ётган онамга гоҳ бувим, гоҳ ҳолам “Қизингдан хавотир олма, ўзим қарайман”, дейишибди. Лекин онам “Қизим оила бағрида ўссин, кўнгли кемтик бўлиб қолмасин”, деб отамга уйланишни васият қилибди. Маъракалар тугагач, қариндошлар дадамга буни тез-тез эслатиб туришибди. Ўзим ҳам бир неча марта “Дада, жаннатдан ойи келмади-ку. Ойим алдаганмидилар?”, деганимни эслайман.

Дадам уйланишни орқага сураверибдилар. Бувим эса “Қизингнинг эси йўғида уйланиб ол, бўлмаса янгисига ўрганиши қийин бўлади”, деб қистайверибдилар.

Бир куни яна уйимиз меҳмонларга тўлиб кетди. Улар орасида ялтироқ кийимли келинчак ҳам бор эди. У менга худди жонли қўғирчоқдек кўринганидан олдига чопиб бордим. “Келинмисиз?” дедим юзига ташлаган зарли рўмолини очиб. Кулиб қўйди. “Нега унда этаги узун оқ куйлак киймадингиз?”. Бу саволимга ҳам сўзсиз табассум билан жавоб қайтарди. Ўшанда бояқиш қизнинг ярасига туз сепганимни билмаган эканман. Дадам аслида “Азадор одам катта тўй қилолмайман, жувон топинглар”, деган эканлар. Лекин аммаларим “Чоллар қиз олаётган пайт ёш бошинг билан жувонга кунинг қолдими?”, деб рози бўлишмабди. Ўзлари ёши каттароқ қиз топиб, уни ёр-ёр ва оқ либоссиз, худойи шаклидаги тўйга рози қилишибди. Менга “Бу сенинг ойинг” деб таништиришди.

Эртасига чиройли кийимлардаги келинчак ҳовли супураётганини кўриб, яна у билан гаплашгим келди.

- Жаннатдан келдингизми? – дедим кулиб. Янги ойим ярқ этиб қаради, худди кечагидек жилмайиб қўйди-да, супуришда давом этди. Мен саволимга жавоб ололмаганим учун яна сўрадим:

- Сизни ойим жўнатдиларми?

Бу сафар юзида кулгу пайдо бўлмади, хомуш тортганича “Ҳа” деб қўйди, холос.

Бола ниманиям тушунрди. Уни “ойи, ойи” деб юравердим. Кўп ўтмай укам ва синглим туғилганидан қувондим. Лекин катта бўлганим сари, ўша – касалманд онам билан сўнгги бор гаплашган кунимни кўп эслайдиган бўлиб қолдим. Онажонимнинг жони узилаётганида ўйинни ўйлаганимни хотирлаб, ўзимдан ранжир, “Ойижон, нега мени ташлаб кетдингиз?” деб тунлари йиғлаб чиқардим. Ўгай онамни ҳар кўрганимда ичимдан ўксинар, уни яқин ололмасдим.

Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Биринчидан, янги ойим аввалбошданоқ камгап, бир хил маюс қиёфада юрарди. Салом-аликдан ташқари деярли гаплашмасдик хисоб. Болалигимни эсласам, уни роса ёмон кўриб кетаман. Қизлар билан кўчада ўйнашга қўймаган. Дугоналарим билан арқон сакраётганим, қувлашмачоқ ўйнаётганимда зўрлаб уйга олиб кирар, қандайдир дори ичириб, ётқизиб қўярди. Кўп ўтмай ўзимни ланж сезиб, ухлаб қолардим. Ўсмир пайтларим буни эслаб, ухлатадиган дори билан мени тинчитганини пайқаганман. “Кўчага чиқма, бўлмаса дори ичасан”, деб пўписа қилиб қўярди. Эй воҳ, ўз онам бўлганида болалигим ўйин-кулги билан ўтарди-я!

Укам ва синглим билан мени ҳеч қачон тенг кўрмаган. Уларга ҳар хил шоколадлар берар, музқаймоқлар едирар, менга эса “Йўқ, тегма”, дерди. Умуман, менга доим кам овқат берган, қорним тўймай юрардим. Нуқул косанинг тагида рангпар, ёғсиз овқат сузиб берарди. Байрам кунлари дадам ўчоқда ош пиширсалар “Гуласалга сузманг” деб тайинларди, дадам ҳам унга индамай итоат қилардилар. Ҳамма билагига оқаётган ёғни ялаб ош еса, менинг олдимга қайнатилган картошка қўйиларди.

Ҳар йили ёзда укам ва синглимни оромгоҳга жўнатишарди. У ердан қайтгач мазза қилиб чўмилишгани, ўйинлар ўйнашганини айтиб ҳавасимни келтиришарди. Келаси йил мен ҳам эргашсам, фақат “Йўқ” сўзини эшитардим. Онам ўгай бўлса, отам-чи? Мен унинг фарзандиман-ку! Нега менга келганда пулини аяган экан, а?

Оилавий меҳмонга борилса, сайрга чиқилса, мен бувимникида қолдирилардим. Ўшанда фақат мунғайиб қолишни билганман холос, эсимни таниб, бу кунларни эслаганимда ўгай онамдан нафратланиб кетаман.

Бўйим етиб, остонамизни совчилар хатлай бошлади. Балки турмушга чиқсам, бу уйни тарк этиб, ҳаммасидан қутиларман, деб умид қилдим. Лекин уйимизга бир бор келган совчи қайтиб эшик қоқмас, ўз ўзидан йўқ бўлиб кетарди. Бир куни меҳмонхона олдидан ўтаётиб, совчи аёлнинг “Ҳай, майли, ундоқ бўлса, қўяқолайлик. Бошидан айтганингизга раҳмат”, деганини эшитиб қолдим. Демак, бу аёл келган совчиларга мени ёмонлайди, бахтимга тўғаноқ бўлади. Ҳеч кимга лом-лим демадим, лекин яна ўз онамни ёдга олиб, юм-юм йиғладим.

Кунларнинг бирида уйимиз ёнидаги дўконда ишлайдиган Козим исмли йигит билан танишиб қолдим. У менга ишқий номалар ёзар, совғалар берар, севишини тинмай такрорлаб, бир умр садоқатли бўлишни ваъда қиларди. Уйимизга совчи жўнатса, яна ўгай онам айнитиб қўйишидан қўрқдим. Бир куни унга Козим ҳақида гап очдим. “Кўргансиз, танийсиз”, дедим. “Ҳа, яхши болага ўхшайди, эртага бир суҳбатлашиб кўрайлик-чи”, жавобини олдим. Эртасига улар учрашишди, бироқ, ўшандан кейин Козим қаёққадир ғойиб бўлди. Дўкондагилар ишдан бўшаганини айтишди. Демак, менга туҳматлар ёғдириб, ҳаммасини йўққа чиқарган. Бу воқеадан кейин ўгай ойим билан саломлашишни ҳам йиғиштириб қўйдим. Кўп ўтмай ўзининг жиянидан совчи келди. Дадам иккиси уларга розилик билдиришганини эшитиб, қоним қайнаб кетди. Нега бу аёл ҳаётимни ўйинчоқ қилади? Нега менинг ўрнимга ҳукм чиқаради? Нима ҳақи бор? Ҳақиқий онам бўлса ҳам майли эди! Бебахт қилиб, муродига етмоқчи чоғи.

Биринчи марта дадамга ундан шикоят қилдим. Шунча пайт юрагимга тугиб юрганларим, болалигимдан бери менга қандай азоблар берганини битта қолдирмай айтиб ташладим. Отам бошини қуйи солганча жим эшитиб турди. Сўнг гап бошлади.

- Қизим, эсингдами, ўшанда раҳматли онанг “Жаннатдан ойи жўнатаман”, деганди...

Дадамни эшитгим келмади. Ойимнинг васиятларини пеш қилиб, ўзларини оқлаб кўрсатмоқчилар шекилли.

- Ҳа, лекин ойим бечора адашиб, дўзахдан шайтон жўнатиб қўйибдилар-да! – йиғлаганча хонадан чиқиб кетдим.

Яна ўгай онам айтганини қилдирди. Мени жиянига узатишди. Тўйдан кейин қайнона-қайнотамнинг илиқ гаплари-ю турмуш ўртоғим кўрсатаётган меҳрга шубҳа билан қарар, у аёл режалаштирган бахтсизлик тез орада содир бўладигандек эди.

Шифокордан яқинда она бўлишимни эшитганимда севинчдан қизлик уйимга учиб бордим. Лекин хушхабарни эшитган ўгай ойим бирдан “Вой” деб юборди. Қошини чимириб олди. Тавба, ғалати аёл-да! Нега менинг ҳаётимдаги қувончли воқеа уни ҳафа қилади? Унга бунинг оғир-енгили йўқ-ку. Ёки бешик тўйининг ташвиши тушаётганмикин?

- Дадам пиширган чойхонапаловни егим келаётганди. Ойижон кўнгил тусаган нарсани ейиш керак, дейдилар.

- Бўлмаган гап, одамлар ўзича тўқиб чиқарган сафсата! Паловдан нима наф? Ундан кўра мева-сабзовот егин.

  Кўзимда ёш билан уйга қайтдим. Ҳомиладор аёлдан битта ошни қизғанди-я! Бу она эмас, ялмоғизнинг ўзгинаси!

Шукр, боламни эсон-омон бағримга босиб олдим. Лекин она бўлганимдан кўп ўтмай яна жигарим безовта қила бошлади. Ўзи бу эски дард, нуқул дори ичиб юрардим, охирги пайтлар зўрайиб, тўшакдан туролмай қолдим. Шифохонага ётган кунимнинг эртасига дадам кўргани келдилар. Ўша аёл билан бирга, яна асабимга тегиб, дадамнинг ўрнига у гапирди.

- Қизим, дардингга даво топдик, яқинда мутлақо тузалиб кетасан! – деди у – Энди жигар трансплантациясига ўзимизда ҳам руҳсат беришибди. Шифокор билан гаплашдик, сен учун хозир ягона чора шу. Ўзим донор бўламан...

- Кераги йўқ! Тинч қўйинглар, илтимос! Энди мени бир ёқли қилиш ҳаракатига тушдингизми? Ахир сизга халақит бераётганим йўқ-ку!

  Дадам унга “Чиқиб тур”, деб имо қилдилар. Сўнг қўлимни ушладилар, лаблари титрарди.

- Ўтган гал гапимиз чала қолганди. Энди эшит, қизим. Онанг раҳматли “Жаннатдан ойи жўнатаман”, деганди-ку. Йўқ, гапимни бўлма, айтиб олай. Билсанг, онангнинг жигари нобоп эди, шу дард уни олиб кетди. Худди ўша хасталик қондан ўтиб, сенда ҳам такрорланди. Туғма жигар етишмовчилиги... Буни дўхтирлар болалигингдаёқ айтишган. Ўртоқларинг билан ўйнасанг, хансираб, мазанг қочиб қоларди. Шу учун бу онанг сени дарров уйга олиб кириб, дори ичирарди. Пархез буюришган. Шўрлик аёл сени шоколад-у музқаймоқлар, ёғли овқатлардан базўр тийиб келди. Аҳволинг оғирлашишидан қўрқиб, юрагини ховучлаб турарди. Кўп юрсанг, тез ҳаракат қилсанг, рангинг оқариб, қайт қилишни бошлардинг. Буни билиб, сени оромгоҳга жўнатолмаганмиз, сайрга олиб чиқолмаганмиз. Очиғи, раҳматли онанг туққанидан кейин ўзини анча олдириб қўйди. Бу сенда ҳам такрорланишидан хавфсираб, турмушга беришга кўп иккиландик. Онанг совчиларга бошидан ҳаммасини айтган, хабар топганлар тўй қилиш фикридан қайтди, хатто ўша магазинчи йигит ҳам қочиб қолди. Лекин қудаларим ва куёвим тушунган одамлар экан, била туриб барига рози бўлишди. Сени онанг каби йўқотишни хоҳламайман. Бу айрилиқни кўтаролмайман. Аслида мен донор бўлмоқчийдим, юрагим чатоқлиги учун шифокорлар рухсат беришмади. Операцияга йўқ дема, қизим. Сенга бутун умрини бағишлаб, жонини фидо қилиб келган аёл битта жигар бўлагини аярмиди?!

ДУРДОНА ёзиб олди

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+