Жарқўрғонда 41 нафар донор қон топширди

12.06.2020 16:06:17

“Бор меҳримиз сенга, болажон!” шиори остидаги ўтказилаётган беғараз донорлик акцияси Cурхондарё вилоятидаги партия фаоллари, депутатлари ва кўнгиллиларни бир мақсад йўлида бирлаштирди. Айни пандемия шароитида қонга муҳтожлик сезган бемор болажонлар учун Жарқўрғон тумани Тиббиёт бирлашмаси қон қуйиш бўлимида ўтказилган беғараз донорлик акциясига ташриф буюрган ҳар бир иштирокчининг кўнглида “Мурғак болажонларимиз ҳеч қачон касал бўлишмасин”, деган эзгу туйғу жўш урди. Ўтказилган акция давомида кўнгилли 41 нафар киши қон топширди.

Шунингдек, вилоят ва туманлар марказидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида ҳам ўтказилган беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.

Қизларшой Раҳматова, Халқ депутатлари Жарқўрғон туман  Кенгаши депутати:

— Дард юрагимиз бир парчаси, фарзандларимиз ҳаётига чанг солганда бутун дунё кўзимизга тор кўринади. Шундай дамларда дард ва изтироб чекаётган инсон биргина тиббиёт ходимидан эмас, балки мурувватли инсонлардан ҳам нажот кутади. Қон топшириш орқали бир беморни ҳаётга қайтаришга, унга ҳаётнинг бетакрор онларини кўришга кўмаклашган бўламиз. Бугунги акцияда шундай фикрли инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдик. Айниқса, синовли кунларда ўтказилаётган мазкур хайрли ишда халқимизнинг яна бир бор жипслашуви, бемор болажонлар учун кўмакка интилишини кўриб қувондик.

 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон "Адолат" СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+