Жиззахдаги митингда коррупция қаттиқ қораланди

03.10.2019 19:10:54

Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий, ижтимоий-маънавий фаоллигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жиззах вилоятида ҳам аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, янги қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган турли тадбирлар ташкил этилаётир. Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда Жиззах вилояти Кенгаши ташаббуси билан Ғаллаорол туманидаги Хотира хиёбонида “Биз коррупцияга қаршимиз!” шиори остида митинг ташкил этилди.

Хотира хиёбони ва унинг атрофида сайл кўринишида бўлиб ўтган тарғибот партиянинг Марказий аппарати маъсул ходимлари, партиянинг вилоят Кенгаши фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла оқсоқоллари ва ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали мазкур тадбир ҳақида эълон берилганлиги сабабли тадбир иштирокчилар сони кўпайиб борди.

Тадбирнинг биринчи қисмидан ўрин олган митингда  Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши маъсул ҳодими Улуғбек Расулов, партиянинг вилоят Кенгашининг раиси Ориф Шукуров, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят Кенгаши раиси ўринбосари Шоҳида Даманова сўзга чиқди. Маърузаларда коррупция мамлакат ижтимоий-иқтисодий тараққиётига улкан таҳдид бўлиб, у жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емириши, ислоҳотлар ғоясини обрўсизлантириб, фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришдаги иштирокига салбий таъсир кўрсатиши, давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан коррупциянинг олдини олишда амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, жамият ҳаётининг барча соҳаларида фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қаратилган фикрлар билдирилди.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда коррупция нафақат кундалик ижтимоий муносабатларни издан чиқарувчи, балки давлатларнинг ичидан емирилишига олиб келувчи хавфли иллатдир. Коррупция давлатимизнинг ривожланишига ҳамда миллий хавфсизлигимизга таҳдид солади. Давлатнинг конституциявий асосларини хамда жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради, демократик институтлар ва қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий тарзда бузилишига олиб келади. Коррупция уюшган жиноятчилик, терроризмни ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради.

Коррупция халқнинг давлатга ишончини пасайтиради, жамиятнинг ахлоқий асосларини емиради, ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг чуқурлашишига сабаб бўлади. Коррупция тизгинланмаса, тараққиёт йўлида қилинаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ўз самарасини бермайди. Қолаверса, коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширадиган, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган омилдир. Шу боис коррупция билан муроса қилиб бўлмайди, “у бутун дунёда бор”, “коррупцияни барибир енгиб бўлмайди” каби важлар билан ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳам мумкин эмас. Коррупцияни фақат тубдан йўқ қилиш ҳақида ўйлаш керак.

Сайл доирасида партиянинг қошида ташкил этилган “Истеъдод клуби”нинг фаол аъзолари томонидан расмлар, тўқилган ўйинчоқлар, китоблар кўргазмаси, турли хил интерактив ўйинлар, совринли викториналар ўтказилди. Кўргазмалар ва турли хил ўйинлар иштирокчилар ва ёшларни ўзига жалб этиб, фаол қатнашишга ундади. Хонандаларнинг куй-қўшиқлари, бадиий жамоаларнинг  чиқишларидан тадбир қатнашчилари завқ олдилар. Фуқаролар томонидан бундай кўнгилочар учрашувлар кўплаб  ўтказилиши лозимлиги таъкидлади. Тадбирда фоал қатнашган иштирокчилар партиянинг турли хил эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирланди.

Бундай тадбирлар вилоятимизнинг барча туманларида давом этади.

Достон ЗОКИРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+