Зулук ёки хижомадан кўра донорлик афзал

09.12.2020 18:12:01

 

Республика қон қуйиш марказида ҳар йили кўплаб кўнгилли ташкилотлар ўз ходимлари билан келиб, акциялар уюштириб кетишади. Масалан, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар, Мудофаа ва Молия вазирликлари бунга мисолдир. Ҳар йили Ўзбекистон “Адолат” СДП учун анъанага айланган қон топшириш бўйича донорлик акцияси жорий йил ҳам кўтаринки руҳда республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилди. Ҳусусан, 4 декабрь куни Республика қон қуйиш марказида ўтказилган акцияда савобли ишга ҳисса қўшаман деган барча кўнгиллилар жам бўлди.

Республика қон қуйиш марказига кўп ҳолларда фавқулодда ҳодисалар туфайли кўп қон йўқотган беморлар учун мурожаатлар бўлиб туради. Далолатнома асосида бемор эҳтиёжига қараб керакли гуруҳдаги қон танланади ва шифохонага етказиб берилади. Бизда заҳирадаги қон кўп сақланиб қолинмайди. Одатда донордан олинган қон 35 кун мобайнида сақланиши керак. Аммо талаб кўплиги учун қон шунча муддатга ҳам етиб бормайди. Агар қонга талаб кучайиб кетса, биздаги заҳира қонлар ҳам тугаб бораверади. Гематология, онкология ва жарроҳлик операцияси ўтказаётганлар учун айниқса, бу қонлар жуда зарур. Шунингдек, ноёб қонлар мавжудки, уларга 1,2,3,4 манфий қон гуруҳлар киради. Бу турдаги қонлар жуда кам учрайди. Бутун бир аҳолининг 1-2% ини ташкил қилади, дейиш мумкин. Уларни топиш ва донорликка жалб қилиш мураккаб кечади. Манфий қон гуруҳидаги беморлар касалхонага тушганда қон зарур бўлиб қолса, асосан, қон марказига мурожаат қилинади. Чунки, бу каби беморларнинг қон гуруҳи яқинлари, қариндошларида бўлмаслиги мумкин. Ана шундай ҳолларда биз доимий донорларни чақирамиз. Аммо улар жуда кам. Қон топшириш давомийлиги ҳар 3 ойда бир марта бўлганлиги боис зарур ҳолларда қон топилмай қолиши мумкин.

Эркаклар 2 ой, аёллар ҳар 3 ойда қон топшириб туришининг организм учун фойдали жиҳатлари кўп. Аёлларда ҳар 3 ойда мумкин бўлишига сабаб хайз кўриш цикли ҳисобигадир. Инсон қон топширганда қон айланиши, иммун тизими яхшиланади. Чунки, организмдан эски қон хужайралар чиқиб кетиб, ўрнига янги қон хужайралар ишлаб чиқарилади. Ҳар бир донор қон топширгандан кейин ўз соғлиги ҳақида маълумот олиши мумкин. Масалан, биз ҳар бир таҳлилни текшириб, ҳар икки ойда донорда қандай ўзгаришлар юз берганлигининг маълумотини бериб турамиз. Бундан ташқари донор учун қон таҳлилларини бепул қилиб берамиз ҳамда ойлик маоши сақланган ҳолда икки кунлик ишдан озод қилиниши тўғрисида маълумотнома ёзиб берамиз. Агар бемор ҳохласа бу дам олиш куни 3 кунга чўзилиши мумкин.

Донор бўлиш шартларидан энг асосийси унинг соғлом бўлишидир. Донор бўлишда вақтинчалик қарши кўрсатма ва умуман мумкин бўлмаган ҳолатлар бор. Вақтинчалик қон топшириш мумкин бўлмаган ҳолатларга ЎРВИ билан касалланган, қандайдир вакцина олган ёки ҳомиладор, эмизикли бўлиш сабаблари киради. Гепатит, ОИВ, ОИТС, сифилис каби касалликлари бўлган инсонлар умуман қон топширолмайди. Бундай қонлар яроқсиздир. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган ва 6 ойдан кўп муддат яшаган бўлса ҳамда 18 ёшдан 60 ёшгача вазни 50 килодан юқори бўлган инсонлар қон топширишлари мумкин. Бўйи 150 сантиметрдан юқори, вазни 60-70 килогача бўлганлар ҳам қон топширсалар бўлади.

Мен бугунги акциядан жуда мамнунман ва қўллаб-қувватлашга тайёрман. Бу масалада сиёсий партиялар ичида фақат “Адолат” социал-демократик партиясигина биз билан ҳамкорлик қилади. “Адолат” СДП ўтказган донорлик акциялари туфайли биз қон заҳираларимизни тўлдириб оламиз. Шунинг учун биз бу сиёсий партияни жуда ҳурмат қиламиз. Қачон қонга мухтож бўлсак, доимо турли хил ташкилотлар билан боғланиб, акциялар уюштириб беради. Ҳеч қачон илтимосимизга йўқ дейишмаган.

Инсонлардан йилда бир-икки марта қон топшириб, донорлар сафини кўпайтириб, бизларга ёрдам беришларини сўраган бўлардим. Чунки инсон бошига қай пайтда кулфат тушишини билмайди. Шундай дамда кимнингдир ҳаётга қайтишида ўз ҳиссасини қўшиш жуда савобли амалий ишдир. Баъзи инсонлар зулук, хижома қўйдириб организмдан кераксиз қонларни чиқариб ташлашади. Бунинг ўрнига марказимизга келиб қон топширсалар ҳам кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиб савобга эга бўлади, ҳам ўз организмининг янада соғлом бўлишини таъминлайди.

Зулфия ИСМОИЛОВА,

 Республика қон қуйиш маркази сайёр гуруҳи бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+