Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида раҳбар ва масъул ходимларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида НИЗОМ

06.09.2019 18:09:40

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси

11 - сон мажлиси 2-сон қарори билан

тасдиқланган

  1. Умумий қоидалар

 

1.1. Ушбу Низом Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий Аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) кенгашлари раҳбар ва масъул ходимларини (кейинги ўринларда ходим деб аталади), аттестациядан ўтказиш тартибини белгилайди.

1.2. Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида ходимларини аттестациядан ўтказишдан асосий мақсад:

- партия тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг шахсий хислат ва ишчанлик қобилиятларини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиш; уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган малака талабларига мувофиқлигини аниқлаш, зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш юзасидан масъулиятини ошириш, партия ходимларининг касбий тайёрлиги белгиланган вазифалар ва функцияларга мувофиқлигини таъминлаш;

- партия тизимидаги ходимларнинг касбий маҳорати, билим даражасини баҳолаш, зиммасига юкланган вазифалар ва функцияларни бажаришга қай даражада лаёқатли эканлигига холисона баҳо бериш;

- партия тизимидаги ходимларнинг малакасини ошириш, сиёсий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий соҳадаги назарий ва амалий билимларини янада чуқурлаштириш ва янгилаш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб бориш;

- партия ташкилотлари ходимлари ишини тўғри ташкиллаштириш, кенг жамоатчилик орасида партиянинг устувор йўналишларини тўғри тарғиб этиш борасидаги фаолиятини баҳолаш;

- партия ташкилотларида фаолият олиб бораётган ва эгаллаб турган лавозимига нолойиқ бўлган мутахассисларни аниқлаш ва уларни партия фаолиятига жалб қилиш билан боғлиқ жараёнларда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, бўлғуси фаолиятда бундай ҳолларнинг олдини олиш;

- партия тизимида ходимлар лавозимларига кадрларнинг мустаҳкам захирасини яратиш.

1.3. Аттестация қонунийлик, холислик, адолатлилик ва ошкоралик принциплари асосида ўтказилади.

1.4. Аттестация комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига амал қилади.

 

  1. II. Аттестация комиссиясининг тузилиши ва таркиби

 

2.1. Партия ташкилотлари ходимларини аттестациядан ўтказиш учун Аттестация комиссияси - комиссия раиси, раис ўринбосарлари, аъзолари ва масъул котибдан, камида 7 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.

2.2. Аттестация комиссиясининг шахсий таркиби партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланади.

Аттестация комиссияси таркибига партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарлари, Сиёсий Кенгаш, Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аппарати масъул ходимлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари киритилиши мумкин.

2.3. Ўзбекистон “Адолат” СДП аттестация комиссияси раиси партия Сиёсий Кенгаши раиси ҳисобланади.

2.4. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси қарори билан белгиланган аттестация комиссияси аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда уларнинг лавозимига янгидан тайинланган ёхуд тегишли вазифаларни бажариш зиммасига юкланган шахслар аттестация комиссияси таркибига киритилмайди.

2.5. Ҳудудий партия ташкилотлари ҳисобчилари аттестациядан ўтказилаётганда Марказий аппарат бош ҳисобчиси маслаҳат овози билан аттестация комиссияси ишида иштирок этади.

2.6. Ижроия Қўмита қарорида қуйидагилар белгилаб қўйилади:

- аттестация комиссияси таркиби;

- аттестация ўтказилиши муддати ва жадвали;

- аттестациядан ўтказиладиган партия ходимлари рўйхати;

- аттестация учун бериладиган саволлар рўйхати.

 

III. Аттестациядан ўтказиш тартиби

 

3.1. Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимидаги ходимлар навбатдаги ва навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилади.

3.2. Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида ходимларни навбатдаги аттестация ўтказиш муддати ҳар уч йилда бир маротаба амалга оширилади.

3.3. Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолиятини янада кучайтириш, партия салоҳиятини юксалтириш мақсадида Сиёсий Кенгаш Ижроия Қўмитаси қарори билан партия ходимлари навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилиши мумкин.

3.4. Аттестациядан меҳнат шартномаси асосида ишлаётган барча Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимидаги масъул ходимлар ўтказилади.

3.5. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг аттестациядан ўтказилмайдиган ходимлари қуйидагилар:

- техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар;

- ҳомиладор аёллар ва 3 ёшгача боласи бор бўлган аёллар;

- лавозимга тасдиқланган кундан бошлаб аттестация ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган санага қадар олти ойдан кам ишлаган ходимлар.

3.6. Меҳнат шартномаси тузмасдан жамоатчилик асосида ишлаётган партия ташкилотлари раҳбар ходимлари, лавозимга тасдиқланган кундан бошлаб аттестация ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган санага қадар олти ойдан кам ишлаган ходимлар ва ҳомиладор аёллар ва 3 ёшгача боласи бор бўлган аёллар билан суҳбат ўтказилади ва улар фаолияти баҳоланмасдан, балки мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар ва мулоҳазалар билдирилади.

3.7. Партия юрисконсультлари Юридик хизматлар ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларнинг малакасини ошириш тартиби тўғрисидаги Низомга (ЎзР ВМ 22.11.2007 й. 244-сон Қарорига илова) мувофиқ аттестациядан ўтади.

3.8. Соғлиғи ёмонлашиб, стационар даволанишда бўлган ходимлар соғлиғи яхшиланганидан кейин, таътилга чиққан ходимлар таътилдан қайтганидан кейин аттестациядан ўтказилади.

3.9. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати Ташкилий-партиявий ишлар бўлими аттестацияни ўтказиш санаси, жойи ва бошқа тегишли маълумотларни аттестация комиссияси аъзоларига етказади.

3.10. Аттестациядан ўтказиладиган партия тизимидаги ходимлар Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати Ташкилий-партиявий ишлар бўлими томонидан, вилоят Кенгашлари раислари ва марказий аппарат ходимлари ҳамда вилоят, туман, шаҳар кенгашларининг ходимлари вилоят кенгаши раислари томонидан аттестация ўтказиладиган кундан камида икки ҳафта олдин ушбу Низомнинг 1-иловасига мувофиқ ёзма огоҳлантирилади (аттестациядан ўтказиладиган ходим огоҳлантирилганлиги тўғрисида имзо чекади) ва огоҳлантиришга аттестация саволлари илова қилинади.

3.11. Ўзбекистон “Адолат” СДП аттестация комиссиясига аттестациядан ўтказиладиган ходимлар тўғрисида маълумотномалар ушбу Низомнинг 2-иловасига мувофиқ тайёрланади ва Марказий аппарат ташкилий партиявий ишлар бўлими кадрлар ҳисоботини юритиш ва заҳирасини шакллантириш сектори мудири томонидан тақдим қилинади.

3.12. Аттестацияга узрли сабабга кўра келмаган ходим аттестация комиссиясининг навбатдаги мажлисида аттестациядан ўтказилади.

Аттестацияга узрсиз сабабга кўра келмаган ходимга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган тартибда интизомий жазо чораси қўлланилиши мумкин.

Ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилиши, ходимни аттестациядан ўтишдан озод этмайди ва ходим навбатдаги аттестация мажлисида аттестациядан ўтказилади.

3.13. Аттестация комиссияси, унинг мажлисида комиссия аъзоларининг учдан икки қисмидан кўпи қатнашса ваколатли ҳисобланади.

3.14. Аттестация комиссиясининг қарорлари аттестация комиссиясининг мажлисида ҳозир бўлган аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Аттестация жараёни, шу жумладан аттестация комиссияси аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар, шунингдек аттестация комиссиясининг қарори аттестация комиссиясининг аъзолари томонидан имзоланадиган ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ баённома билан расмийлаштирилади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда аттестация комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи овоз ҳисобланади.

3.15. Аттестация натижалари ҳамда ҳар бир ходим бўйича аттестация комиссияси қарори ушбу Низомнинг 4-иловасига мувофиқ аттестациядан ўтказилаётганнинг аттестация варақасига киритилади ҳамда ушбу варақа аттестация комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади.

 

  1. Аттестация комиссияси йиғилиши (мажлиси)нинг қарорлари

 

4.1. Аттестация комиссияси ходимларни лавозимга лойиқлиги бўйича аттестациядан ўтказишда қуйидаги қарорларнинг бирини қабул қилади:

4.2. “Ходим эгаллаб турган лавозимига лойиқ”. Бунда ходим аттестациядан ўтган деб ҳисобланади ва комиссия томонидан:

- навбатдаги юқори лавозимга (агар бўш ўрин бўлса) тавсия этиш;

- навбатдаги юқори лавозимга захирага олиш;

- ротация тартибида бошқа доимий ишга ўтказиш юзасидан таклифлар ҳам киритилиши мумкин.

4.3. “Ходим эгаллаб турган лавозимига шартли равишда лойиқ”. Бунда ходимга касбий билимини оширишга 6 ойлик муддат берилади. Белгиланган муддат тугагач, ходимни қайта аттестациядан ўтказиш бўйича таклиф киритилади.

4.4. “Ходим эгаллаб турган лавозимига нолойиқ”. Бунда ходим аттестациядан ўтмаган деб ҳисобланади ва комиссия томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

- ходимни эгаллаб турган лавозимидан паст лавозимга ўтказиш;

- ходимни эгаллаб турган лавозимидан озод этиб меҳнат шартномасини бекор қилиш.

4.5. Аттестация комиссияси ходимни эгаллаб турган лавозимидан паст лавозимга ўтказиш ҳақида чиқарган қарорининг ижроси меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Ходим билан имзоланган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида белгиланган тартибда бекор қилинади.

4.6. Сайлаб қўйиладиган лавозимдаги ходимлар аттестация натижаси билан эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилганда, Аттестация комиссиясининг қарори партия Уставида белгиланган тегишли ваколатли органга кўриб чиқиш учун юборилади.

4.7. Аттестация комиссияси қароридан кўчирма ходимнинг шахсий жилдига тикиб қўйилади.

4.8. Аттестация комиссиясининг қароридан норози бўлган ходим қарор билан танишган кундан бошлаб, бир ҳафта муддат ичида тегишлилиги бўйича аттестация комиссияси раисига ариза билан мурожаат қилиши мумкин.

4.10. Аттестация комиссияси қарори устидан берилган шикоятларни кўриб чиқиш натижаларидан норози бўлган ходим белгиланган тартибда судга мурожаат қилиши мумкин.

4.11. Ходим аттестация натижасига кўра, эгаллаб турган лавозимига шартли равишда лойиқ деб топилганда ёки эгаллаб турган лавозимига нолойиқ деб топилиб, қуйи лавозимга ўтказилганда, кейинги аттестациядан ўтгунга қадар унинг юқори ва масъулиятли лавозимга ўтказилиши тўхтатиб турилади.

 

  1. Бошқа қоидалар

 

5.1. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг навбатдаги йиғилишида аттестация комиссияси фаолияти натижалари умумлаштирилади ва кўриб чиқилади ҳамда тегишли қарорлар қабул қилинади.

5.2. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+