Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Аёллар қаноти Н И З О М И

06.09.2019 09:09:48
  • 1. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти ўз фаолиятини партия Уставининг  15.5-бандига мувофиқ ташкил этади. Партиянинг Аёллар қаноти  хотин-қизларга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда долзарб ижтимоий-сиёсий масалаларни ҳал этишда  фаол иштирок этадиган партиянинг ташкилий тузилмалари таркибидаги хотин-қизлар тузилмасидир.

            1.2. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти партия Дастури ва Устави, бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари доирасида демократик, ошкоралик, сайлаш тамойилларига асосланган, легитим  тарзда  фаолият  олиб  боради.

            1.3. Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар қаноти  мустақил ҳуқуқий мақомга эга эмас, у ўз ташкилий тузилмасида юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган бўлинмаларни туза олмайди.

            1.4. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қанотининг ташкилий тузилмаси ушбу Низомга мувофиқ ташкил этилади. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси томонидан белгиланган қанот тузилишининг бош тамойили – барча бошқарувчи орган аъзолари ва мутасадди шахслар  сайлов орқали  тайинланиши тамойилидир.  Аёллар қанотининг барча  поғонадаги  раҳбарлари  ушбу  тамойилга қатъий риоя қилган ҳолда ўзгартирилиши мумкин.

         1.5. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти марказий органининг жорий иш юритиши Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, “Шарқ тонги” кўчаси, 23-уй манзилида жойлашган партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати Хотин-қизлар  ва  ёшлар  билан  ишлаш  бўлими  томонидан  олиб  борилади. 

      Расмий  тўлиқ номи:

Ўзбек тилида: Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар  қаноти.

Рус тилида:  Женское крыло  СДПУ “Адолат”.

 

  1. Асосий мақсад ва вазифалар

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қанотининг асосий мақсади жамият, фуқаролик институтлари ва сиёсий партияларни ривожлантиришда янада фаол иштирок этиш, хотин-қизларга Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари томонидан кафолатланган ҳуқуқ ва эрикинликларни таъминлашда кўмаклашиш, ижтимоий жараёндаги барча соҳа ва даражалардаги хотин-қизларнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни ва мавқеи юксалтирилишига хизмат қилувчи барқарор ўзгаришларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

            Кўрсатилган мақсадга эришиш учун Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти ўз саъй-ҳаракатларини қуйидаги йўналишларга қаратиши зарур:

            - хотин-қизларга тегишли бўлган қонунчиликни янада такомиллаштириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича кенг миқёсли ислоҳотларни изчил давом эттириш;

            - хотин-қизлар мустақиллигини мустаҳкамлаш, уларнинг давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг барча жабҳаларига жалб этишга  эришиш;

            - уларнинг маънавий, интеллектуал, касбий салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароит яратиш;

            - хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини рағбатлантириш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш;

            - хотин-қизларнинг, уларнинг жамоат, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётдаги ўрни, уларга ижтимоий ҳаётдан то шахсий оилавий ҳаётгача бўлган барча соҳаларда чинакам тенг ҳуқуқликка эришиш имконини берувчи ҳуқуқ ва имкониятлари тўғрисидаги тушунчалар  ҳақидаги билимини ошириш;

            - хотин-қизларга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган амалдаги нодавлат нотижорат ташкилотлар, ҳаракатлар, уюшмалар, қўмиталар ва бошқаларда иштирокни фаоллаштириш;

            - хотин-қизлар турмуш сифатини яхшилаш, фуқароларда гендер муносабатларини мустаҳкамлашга эришиш.

                            

III. Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар қанотининг ташкилий тузилмаси

 

3.1. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти ташкилий тузилмасининг шакллланиши қуйидан юқоригача бўлган барча бошқарув органлари ва мутасадди шахсларнинг жамоатчилик фаолиятида ихтиёрийлик  ва  сайланиб  қўйилиши  асосида  олиб  борилади.

3.2. Ташкилий тузилма бўғинлари бошланғич партия ташкилоти (БПТ), шаҳар, туман, вилоят партия ташкилотлари, партия Сиёсий Кенгаши қошида ташкил этилади, тузилиш шакли бўйича қатъий регламентга солинмайди, айнан бир мақсад йўлида ва ҳал этилаётган вазифалар асосида бирлашиш Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти тушунчасини шакллантиради.

3.3. Ўзбекистон Адолат” СДП Аёллар қаноти тузилмавий таркиби, унинг сайланиб  қўйиладиган органлари ва қуйи бўғинлари, мутасадди шахслари ҳуқуқ ва мажбуриятларининг асослари ушбу Низомнинг IV бўлимида белгилаб  берилган. 

3.4. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти ҳудудий тузилмаларини мувофиқлаштириш, ташкиллаштириш, жорий, тезкор масалаларини ҳал этиш мақсадида вилоят партия Кенгаши Ижроия  Қўмитаси томонидан бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан масъул ходим штат бирлигини киритиш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин. Бу масала  партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати  билан  келишилган  ҳалда  амалга оширилиш зарур.

                    

  1. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти  бошқарув органлари

 

4.1. Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёдлар қаноти  конференцияси

 

4.1.1. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қанотининг энг юқори раҳбар органи – бу  партия Устави доирасидаги фаолиятга тегишли, партия дастурий мақсад ва вазифалари ҳамда ушбу Низомга зид бўлмаган барча масалалар бўйича қарор қабул қилишга ҳақли бўлган  Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар қанотининг Республика конференциясидир.

4.1.2. Республика конференцияси  зарурат туғилганда, аммо камида  5 йилда бир марта чақирилади.

            4.1.3. Аёллар қаноти Республика  конференциясини чақириш тўғрисида қарор партия Сиёсий Кенгаши Ижроия  Қўмитаси  томонидан қабул қилинади. Қарорда конференцияни ўтказиш муддати ва жойи, вакиллик меъёри, кун тартиби, сайлов органларини шакллантириш ва раҳбар шахсларни сайлаш тартибини белгилаб  берилади.

            4.1.4. Республика конференциясидан аввал Аёллар қанотининг қуйи тузилмалари – вилоят, туман, шаҳар бўғинларида ҳисобот-сайлов конференциялари ўтказилади, бу ҳақда партиянинг тегишли партия Кенгашлари партия Сиёсий Кенгаши Ижроия  Қўмита  қарорига мувофиқ қарор қабул қиладилар.

            4.1.5. Аёллар қаноти Республика конференциясининг ваколатига қуйидагилар киради:

- Аёллар қаноти  Низомини қабул қилиш, унга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш;

- Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Кенгаши ҳисоботини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

- Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Ҳаракат дастурини ёки унинг асосий йўналишларини қабул қилиш;

- Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар қаноти  Кенгашининг  янги  таркибини сайлаш;

- Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар  қаноти  Кенгаши  раиси,   ва   унинг  ўринбосарларини  сайлаш;

 

4.2.  Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар қаноти  Республика Кенгаши

 

4.2.1. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Кенгаши конференциялар орасидаги даврда юқори,  сайлов орқали  тайинланадиган,  раҳбар органидир.   Кенгаш аъзолари сони ва  унинг  таркиби  партия  Сиёсий  Кенгаши  Ижроия  Қўмитаси  тавсиясига  биноан   конференция  қарори  билан  тайинланади  ва ўзгартирилади.

4.2.2. Конференциялар орасида бўлган даврда Кенгашнинг янги аъзолари партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси тавсиясига биноан Аёллар қаноти Кенгаши мажлиси  қарори  асосида унинг таркибига қўшилиши  ёки  таркибидан  чиқарилиши мумкин.

4.2.3. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Кенгаши  фаолияти бошқарувини  Кенгаш  раиси, унинг йўқлигида унинг ёзма топшириғига биноан ўринбосарларидан  бири  амалга  оширади.

4.2.4. Кенгаш  мажлислари  партия Сиёсий Кенгаши Ижроия  Қўмитаси  томонидан тасдиқланган  Кенгаш  иш  режаси  бўйича, аммо камида ярим йилда икки марта  ўтказилади.

4.2.5. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Кенгашининг ушбу Низом билан белгиланган ваколатлар доирасида қабул қилган қарори, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси  тасдиғидан сўнг партиянинг барча аъзолари, бошқарув ва бошқа органлари, партия тузилмаси бўлинмалари мутасадди шахслари учун мажбурийдир.

4.2.6. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Кенгашининг партия бошқарув тузилмалари ва мутасадди шахслари фаолиятига  тегишли у ёки бу масалалар юзасидан “Алоҳида фикри” шаклланиши мумкин. Агар у партия Устави ва Дастурига зид бўлмаса,  “Алоҳида фикри” бўйича Кенгаш қарори  партиянинг  мутасадди  органига етказилади.

                                  

4.3.  Аёллар қаноти  Республика  Кенгашининг  ваколатлари

 

4.3.1. Конференциялар орасидаги даврда ташкилий-партия, ғоявий-маърифий фаолият масалаларини ҳал этади.  Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қанотининг ҳудудий  раҳбар органлари фаолиятини мувофиқлаштиради ва мутасадди шахслари устидан бошқарувни амалга оширади.

4.3.2. Дастурий ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари томонидан белгиланган партиянинг хотин-қизларга қаратилган сиёсатини аниқ режалар, дастурлар ва чора-тадбирларни бажариш йўли билан ҳаётга татбиқ этади.

4.3.3. Хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ қарор лойиҳаларини ишлаб чиқади, муҳокама қилади ва партия Қурултойи, Сиёсий Кенгаши ва Сиёсий Кенгаш Ижроия  Қўмитаси муҳокамасги  киритади.

4.3.4. Белгиланган муддатга  кўра,  партия Сиёсий  Кенгаши, Сиёсий Кенгаш  Ижроия  Қўмитаси  ва  Хотин-қизлар конференциясига ўз иши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

4.3.5. Навбатдаги конференцияни чақириш ҳақида ҳамда партия Сиёсий Кенгаши таклифи билан навбатдан ташқари конференцияни чақириш ҳақида қарор қабул қилади.

4.3.6. Партия Дастури ва Устави, ушбу Низомга зид бўлмаган  Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти фаолиятига доир бошқа масалалар бўйича қўпчилик овози билан қарор қабул қилади.

 

                               4.4.  Аёллар  қаноти  Республика  Кенгаши раиси

 

4.4.1. Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар қаноти  Кенгаши  раиси жамоатчилик асосида ишловчи мутассади шахс – лавозими бўйича партия Сиёсий Кенгаши аъзоси, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси таркибига киради.

4.4.2. Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар қаноти  Республика  Кенгаши раиси конференцияда очиқ  сайлов  йўли  билан  5 йилга сайланади.

4.4.3. Республика Кенгаши раиси муддатдан аввал холис сабабларга кўра раислик ваколатларини тугатса, раис мажбуриятларини раис ўринбосарларидан бири бажаради.  Аёллар қаноти Республика Кенгаши бу ҳақдаги қарорни партия Сиёсий Кенгаши Ижроқўми  билан келишилгандан  сўнг  қабул қилади.

4.4.4. Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар қаноти Кенгаши раиси  Аёллар қаноти бўйича  умумий ва сиёсий бошқарувини, тузилма бўғинлари ва сайланган мутасадди шахслар устидан бошқарувни амалга оширади.

4.4.5. Партия Устави ва ушбу Низомга мувофиқ партия марказий органлари ва юқори мутасадди шахслари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади ва мувофиқлаштирилган ишларни ташкил этади.

4.4.6. Ҳар йили Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти фаолияти ҳақида ахборот тайёрлайди ва уни партия Сиёсий Кенгаши Ижроқўмига тақдим этади.

4.4.7. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Республика Кенгаши мажлисларида раислик қилади, қабул қилинган ҳужжатларга имзо қўяди ва уларни Партия Сиёсий Кенгаши Ижроқўмига тақдим этади, Ижроқўм уларга доир Партия Уставига мувофиқ барча партия тузилмаларига мажбурий бўлган қарор қабул қилиши мумкин.

4.4.8. Партия Сиёсий Кенгаши Ижроқўм раиси билан мувофиқлашувдан сўнг Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти фаолиятига доир кўрсатма-услубий, тавсия ҳусусиятига эга, намунали ва бошқа ҳужжатларни тасдиқлайди, Партиянинг хотин-қизлар кадрлари ва фаоллари ўқувларини ташкиллаштириш бўйича режа ва асосий талабларни ишлаб чиқади.

 

  • Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар  қанотининг 

ҳудудий  бошқарув  органлари

 

4.5.1. Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар қанотининг ҳудудий тузилмасининг  конференцияси шу ҳудуддаги Аёллар қанотининг энг юқори раҳбар органи ҳисобланади.

4.5.2. Ўзбекистон “Адолат” СДП  Қорақалпоғистон Республикаси,  вилоят ва Тошкент шаҳар  Аёллар қанотларининг конференциялари шу  ҳудудларнинг  партия  Кенгашлари  Ижроия  Қўмиталари  қарорлари билан  ўтказилади.  Ўзбекистон  “Адолат” СДП  туман  ва  шаҳар  Аёллар  қанотларининг  конференциялари  шу  ҳудуд  партия  Кенгаши  қарори  билан  ўтказилади.

            4.5.3. Аёллар қаноти  ҳудудий  конференцияларининг ваколатига қуйидагилар киради:

- Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти ҳудудий Кенгаши ҳисоботини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш;

- Аёллар қаноти  Низомини  муҳокамадан  ўтказиш  ва  унга  қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш  бўйича  таклифлар  бериш;

- Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти Ҳаракат дастурини ёки унинг асосий йўналишларини  муҳокамадан  ўтказиш  ва  уни  кучайтириш  бўйича  таклифлар  бериш;

- Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар қаноти  ҳудудий  Кенгашининг  янги  таркибини сайлаш;

- Ўзбекистон “Адолат” СДП  Аёллар  қаноти ҳудудий Кенгаши  раиси  ва  унинг  ўринбосарларини  сайлаш;

4.5.4. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти ҳудудий Кенгаши конференциялар орасидаги даврда шу ҳудуддаги партия Аёллар қанотининг юқори, раҳбар органидир.   Қорақалпоғистон Республикаси,  вилоят ва Тошкент шаҳар  Аёллар қанотлари Кенгашлари аъзолари сони ва  уларнинг  таркиби  партия  қайд этилган ҳудудий Кенгашлари  Ижроия  Қўмитаси  тавсиясига  биноан   конференция  қарори  билан  тайинланади  ва ўзгартирилади.  Туман  ва  шаҳар  Аёллар  қанотлари  Кенгашлари аъзолари  сони  ва уларнинг  таркиби  тегишли  ҳудудий  партия  Кенгашлари  тавсияларига  биноан  сайланади  ва  ўзгартирилади.  

4.5.5. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти ҳудудий Кенгашлари  ва  Кенгаш раислар  функциялари  мазкур  Низомнинг  4.3-нчи  ва  4.4-нчи  моддаларига  мос  равишда  амалга  оширилади.

 

  1. V. Молиявий-хўжалик таъминоти

 

  • 1. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти тузилмаларининг молиявий-хўжалик таъминоти тасдиқланган харажат сметалари доирасида, юридик шахс ҳуқуқига эга бўлган тегишли партия Кенгашлари томонидан амалга оширилади.
  • 2. Вилоят партия Кенгаши штат жадвалида хотин-қизлар билан ишлаш мажбуриятлари Кенгаш ўринбосарларидан бирига юкланади.

 

  1. Фаолиятини тугатиш

 

6.1. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти партия Низомида кўрсатиб ўтилган ҳолларда Ўзбекистон “Адолат” СДП тугатилиши муносабати билан ўз фаолиятини тўхтатади.

6.2. Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Аёллар қаноти фаолияти тугатиш ёки қайта тузиш ҳақида қарор  қабул  қилишга ҳақли.

6.3. Ўзбекистон “Адолат” СДП Аёллар қаноти фаолиятини тугатиш ҳақида мустақил равшида қарор қабул қилишга ҳақли эмас.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+