Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Марказий Назорат-тафтиш комиссияси НИЗОМИ

06.09.2019 18:09:23

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг

 2014 йил 2 ноябрдаги VI Қурултойининг

 2-сон қарори билан тасдиқланган

  1. Марказий Назорат-тафтиш комиссияси мақоми

 

1.1. Партиянинг Марказий Назорат-тафтиш комиссияси (кейинчалик - МНТК) – партия Уставига ҳамда ушбу Низомга мувофиқ партия бошқарув органлари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати ва партиянинг таркибий бўлинмалари молиявий-хўжалик фаолиятини жамоатчилик асосида текшириш ҳуқуқига эга бўлган марказий органидир.

1.2. МНТК партия Қурултойи иштирокчилари томонидан кўпчилик овоз билан камида 5 нафар партия аъзоларидан иборат таркибда сайланади.

МНТК аъзоларининг сони партия Сиёсий Кенгаши раисининг таклифига биноан Қурултой қарори билан белгиланади ва ўзгартирилади (оширилади ёки қисқартирилади).

МНТКнинг ваколатлари партия Қурултойи томонидан янги таркибда МНТК сайлангунига қадар сақланиб қолади.

Сиёсий Кенгаш аъзолари МНТК аъзолигига сайланиши мумкин эмас.

1.3. МНТК Ўзбекистон “Адолат” СДП Қурултойига ҳисобот беради.

1.4. МНТК партия Сиёсий Кенгаши аъзоларидан, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати, партия таркибий бўлинмалари мансабдор шахслари ва ходимларидан партия фаолияти билан боғлиқ ахборотларни, партиянинг Устав ва молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни, шунингдек, тегишли харажатлар юзасидан тушунтириш хатларини талаб қилиб олиш ҳуқуқига эга.

1.5. Партия ташкилотларининг мансабдор шахслари ва ходимлари МНТК раисининг ёзма сўровномасига биноан фаолияти ва лавозим мажбуриятларига алоқадор ахборот ва ҳужжатлар, тушунтиришлар бериши шарт.

1.6. МНТК мажлислари заруратга кўра, МНТК раиси томонидан ёки узрли сабабларга кўра унинг йўқлигида эса МНТК раиси ўринбосари томонидан чақирилади.

1.7. МНТК мажлисини чақириш тўғрисидаги қарор МНТК аъзоларининг ярмидан кўпи талабларига кўра ҳам чақирилиши мумкин.

1.8. МНТК мажлиси аъзоларининг ярмидан кўпи иштирок этаётган бўлса ваколатли ҳисобланади.

МНТК қарорлари иштирок этган аъзоларининг кўпчилик овозлари билан очиқ овоз бериш йўли орқали қабул қилинади.

1.9. МНТК қарорлари комиссия раиси ёки узрли сабабларга кўра унинг йўқлигида ўринбосари томонидан имзоланади.

МНТК аъзолари ёки аъзоси ушбу Низом билан белгиланган ўз ваколатлари доирасидаги далолатномалар, хулоса ва бошқа ҳужжатлар тузади.

1.10. МНТК қарори партиянинг ҳамма аъзолари, партиянинг марказий ва бошқа органлари (Қурултойдан ташқари) ҳамда мансабдор шахслари учун  мажбурий ҳисобланади.

 

  1. Партия Марказий Назорат-тафтиш комиссияси ваколатлари

 

2.1. Партия ташкилотларининг молиявий-хўжалик фаолиятини мақсадли ва режадан ташқари текширади.

2.2. Партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати, вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ҳисоботларининг тўғрилигини текшириш ҳуқуқига эга.

2.3. Партиянинг марказий органлари ва Сиёсий Кенгаши раисига текширувларнинг натижалари бўйича ахборот беради.

2.4.  Партия аъзоларининг МНТК ваколатига доир мурожаатларини кўриб чиқади.

2.5. Партиянинг таркибий бўлинмалари тафтиш органларига режадан ташқари ва мақсадли текширувлар ўтказиш тўғрисида топшириқлар беради.

2.6. МНТК аъзолари барча даражадаги партия раҳбар органларининг мажлисларида маслаҳат овози билан иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.

2.7. МНТК партия Қурултойи томонидан берилган бошқа ваколатларга эга бўлиши мумкин.

Улашинг!